«Дамас»чиларнинг «профсоюзи» борми?

47

Йўналишларни назорат қиладиган, йўлкира ҳақларини суриштириб турадиган ташкилот борми?

Бор! Бу масала билан Фарғона вилояти транспорт бошқармаси шуғулланади. Бошқарманинг Бувайда тумани бўйича инспектори Достон Охуновнинг айтишича, бугунги кунда туманда 6 та автобус йўналишида 39 та автобус, 23 та йўналишли таксиларда 391 та «Дамас» автомашинаси фаолият юритади. «Дамас»чиларнинг барчаси лицензияга эга. Уларга кунлик режа белгиланмаган.

Лицензиялар бир йилдан 3 йилгача берилади. Агар «Дамас» автомашинаси бор фуқаро йўловчи ташиш билан шуғулланиш истагида бўлса, аввало, ўзининг ҳудудидаги транспорт хизмати кўрсатувчи МЧЖ билан ижара шартномаси тузади. Бу шартнома томонларнинг келишувига кўра бир йилдан 3 йилгача тузилиши мумкин.

 

Ҳайдовчи қанча тўлайди?

Бунинг учун давлат божи (245 минг сўм), герб йиғими (24,500 сўм), тушунтириш учун (12,250 сўм), битим лойиҳасини тузишга (122 500 сўм), тақиқни текшириш учун (61250 сўм), нотариус автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қарздорликни текшириш учун (24 500 сўм) жами – 490 минг сўмни ҳам «Дамас» ҳайдовчиси тўлайди. Менга сиз учун меҳнат дафтарчаси очилган, пенсия учун бир фоиз ҳам ўтяпти, дейишган, эди. Аммо қўлимга бу ҳақда ҳужжат берилмаган.

– Биз барча ишлар қонуний бўлиши учун «Бувайда транс техника» МЧЖ орқали барча ҳужжатларни жой-жойига қўйиб қўйганмиз, аммо ҳеч қандай ҳужжатсиз ҳам йўловчи ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчилар бор, – дейди исмини айтишимизни истамаган яна бир ҳайдовчи. – Улардан ҳам ҳар куни 35 минг сўмдан олинади. Бу пуллар давлат бюджетига тушадими йўқми билмаймиз.

 

Тендер ҳам бор

«Янгиқўрғон-Бувайда» йўналишида йўловчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқини тендерда «Бувайда транспорт техника» ва «Янгиқўрғон довон транс» МЧЖлар ютиб олган.

– Ташкилотимизда «Бувайда-Янгиқўрғон», «Алқор-Бувайда», «Бувимозор-Бувайда» йўналишлари ва бошқа ички йўлларда йўловчиларга хизмат кўрсатади, – дейди «Янгиқўрғон довон транс» МЧЖ бош ҳисобчиси Ойбек Турдалиев. – Жами 36 та «Дамас» машинаси эгалари билан ижара шартномаси тузганмиз. Ҳайдовчилар бир кунда 35 минг сўм топширишади. Лицензия учун улардан ҳеч қандай пул олинмайди. Аммо шартнома тузилганда, барча харажатлар ҳайдовчи томонидан қопланади.

 

Ҳайдовчининг ҳуқуқлари қандай?

Йўналишда қатнаётган ҳайдовчиларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Уларнинг машинаси бузилиб қолса, сизлар тузатиб берасизларми ёки ҳар кунги ёқилғиси МЧЖ томонидан қуйиб бериладими, деган саволимизга Ойбек Турдалиев:

– Йўқ, биз фақат уларга йўлда қатнашлари учун рухсатнома берамиз, холос, – деб жавоб берди.

Бош ҳисобчининг маълумот беришича, МЧЖда 37 киши иш билан таъминланган. Уларга энг кам иш ҳақи миқдорида ойлик ёзилади ва баъзиларига пластик карта очилган.

 

Нечта Дамас бор?

Суриштирувни мукаммал қилиш мақсадида тумандаги энг катта бекатлардан бири бўлган «Янгиқўрғон-Бувайда» бекатига бориб, эринмай «Дамас» машиналарини санадик. Улар 70 дан ортиқ эди. Бувайдага қатновчи, пешонасига «7» рақами ёзилган «Дамас»ларнинг ўзи 40 дан зиёд эди. Агар ўша пайтда йўлда бўлган «Дамас» автомашиналарини ҳам ҳисобга олсак, бу рақам янада ошиши мумкин.

Ойбек Турдалиевнинг маълумотларида 4 та йўналишда 36 та «Дамас» хизмат кўрсатади, дейилган. Янгиқўрғон шоҳбекатида турган тизилишиб турган автомашиналарнинг ўзи 100 дан зиёд-ку. Буни қандай тушуниш керак? Ҳайдовчиларнинг аксарияти ҳужжатларини кўрсата олмади, баъзилари кўрсатишга мажбур эмаслигини айтиб, биз билан тортишди, ҳаттоки, баъзи бир «ботирроқ» ҳайдовчилар очиқдан-очиқ ҳужжатсиз юришини, аммо ҳар куни инспекторларга 35 минг сўмдан топширишларини айтди. Улардан «йўл ҳақини ким оширади?» деб сўрадик. «Газ ошса биз ҳам харажатларимизни қоплаш учун ўзимиз оширамиз», деб жавоб беришди.

 

Суриштирувдан сўнг…

Барча ташкилот ва корхоналарда, ўқув муассасаларида касаба уюшмаси қўмиталари фаолият юритади. Касаба уюшмалари қўмитаси ўз аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилади. Йўловчи ташиш соҳасида ҳам «Дамас»чиларнинг «профсоюзи» борми?

– Ташкилотимизда касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти фаолият юритади, – дейди Фарғона вилояти транспорт бошқармаси бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Иқбол Асқаров. – 77 нафар аъзомиз бор. Аммо йўловчи ташиш билан шуғулланувчи МЧЖларда касаба уюшмаси борми, йўқми, тўғриси, билмайман.

Биз «Дамасчилар» билан ҳам суҳбатлашдик. Аммо улар касаба уюшмаси йўқлигини айтишди.

Суриштирув натижасида аниқлаганларимиздан келиб чиқиб, шундай хулосага келдик: бу соҳада «яширин иқтисодиёт» илдиз отиб кетмаганмикан? 36 та «Дамас» ҳайдовчиси топшираётган пуллар давлат бюджетига солиқ сифатида тушяпти, ҳам дейлик, қолган «Дамас»чилар бераётган минглаб сўмлар кимнинг чўнтагида қоляпти?

«Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир» бўлган транспорт масъулларининг «ҳо-ю ҳавас­лари» деб ўзининг бир неча йил емай-ичмай йиққан пулига ­машина олиб, тирикчилигини ўтказаман, деган фуқаро ҳам, айниқса, йўловчилар ҳам азият чекмаяптими? Ҳайдовчиларнинг ҳуқуқи, уларнинг меҳнат муҳофазаси нега таъминланмаяпти? «Дамас»чилар учун ҳам касаба уюшмаси ташкил этилса, ким кўпроқ манфаатдор бўлади?

Мутасаддилар ҳам, «Дамас»чилар ҳам буни бир ўйлаб кўришса бўлар эди…

 

Шарифа МАДРАҲИМОВА,

журналист