74 та коррупцион ҳолат кўпми ёки кам?

125

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан 2020 йил мобайнида коррупция ҳолатини фош этиш борасида ўтказилган тадбирлар натижасида жами 74 та жиноят иши қўзғатилган. Коррупциянинг оғир кўриниши ҳисобланган пора олиш ва пора бериш билан боғлиқ жиноятлар 39  тани ташкил қилган бўлса, шундан жиноят кодексининг 210-моддаси билан 10 та жиноят иши қўзғатилган.

Бу ҳақда Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ташкил қилинган «Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашишда Департамент органлари томонидан амалга оширилган ишлар: 2020 йил фаолияти мисолида» мавзусидаги матбуот конференциясида айтиб ўтилди.

— Иқтисодий муносабатларни тартибга солиш, соҳада қонун устуворлигини таъминлаш тараққиётнинг муҳим шарти ҳисобланади. Амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини назорат қилиш, содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда, — дейди бошқарма бошлиғи, адлия маслаҳатчиси Ғ.Султанов.

Хусусан, 2020 йил давомида жами 486 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган бўлиб, натижаси бўйича 185 та жиноят иши қўзғатилган, 301 та маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш юритилган.

Валютани қонунга ҳилоф равишда муомалага киритишнинг олдини олиш борасида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида эса ўтган йили 93 та  қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, натижасига кўра 27 та жиноят ва 66 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилган. Ҳуқуқбузарлардан 81322 АҚШ доллари, 535550 Россия рубли, 377 миллион ўзбек сўми,
88 минг 900 Қозоқ тенгеси далилий ашё сифатида олиниб, давлат эгалигига ўтказилди.

Вилоятда хуфёна иқтисодиёт билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш борасида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тезкор таҳлилий ва қидирув ишлари натижасида 100 та ҳолатда ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 13 та жиноят ва 85 та маъмурий иш қўзғатилган. Ҳуқуқбузарлардан 1 миллиард 476 миллион 974 минг сўмлик ноқонуний ишлаб чиқарилган ва муомалага киритилган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Пул маблағларининг банкдан ташқари айланиши иқтисодиётимизга, давлат бюджетига  жиддий зиён етказади. Бу борада олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 47 миллиард 69 миллион сўмлик ноқонуний нақд пул айланмалари аниқланиб, 16 та жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, Тадбиркорлик субъектларининг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, фаолиятидаги турли тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида муайян ишлар амалга оширилиб,  21 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилиб, 90 нафардан ортиқ ҳуқуқи бузилган тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди ва уларнинг манфаатларига етказилган моддий зарарлар ундириб берилган.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Жумладан, олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан нима учун қора бозорда валюта савдоси тўхтамаётгани, ташкил қилинаётган лоторея ўйинларининг қанчалик қонунлийлиги, коррупцион ҳолатларнинг соҳалар бўйича таҳлили хусусидаги саволлар баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. ОАВ вакиллари айрим ҳолатлар юзасидан ўз таклифларини билдирдилар.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА