Дарсликда хатолар кўпми?

73

Болаларимизга илм-маърифат улашувчи, ҳақиқат йўлига бошловчи маёқ – мактаб дарсликларидаги муаммолар фарзандининг дарс тайёрлашига ёрдам берадиган ота-оналарнинг ҳам оғриқли дардидир. Фарзандини қўшимча шуғуллантирувчи ёки ўта билимдон, фидойи ва тажрибали педагог қўлида ўқитаётганларга бу ғурбат бегона, албатта. Аммо ҳар куни такрорланувчи «Бола – дарслик – дарс қилдирувчи» учбурчагида «дарслик» энг оғриқли бурчакдир.

Нега дарсликларга нисбатан эътироз кўпайди? Чунки ундаги камчиликларни ҳатто мутахассис бўлмаган одам ҳам «кўриб қоляпти». Жиддий оқсаш – бу дарсликнинг бошланғич синфларда ҳам бола учун қизиқарли эмаслиги. Танланган сурат, ранг, шакл, матнлар орасидаги «ҳаво», «сув», албатта, мавзуни қабул қилиш, мазмунни ўзлаштиришга таъсир қилади. Бугунги ўқув қўлланмалар телевизор, компьютер, телефон, интернет билан баҳслашишга мажбур. Ҳозирча бу баҳсда дарсликларнинг «дасти» баланд келаётганини кўрмаяп­миз. Уларда, афсуски, 20 йил аввалги савия, кўриниш сақланган. Тўғри, мавзулар кетма-кетликда, бир-бирига боғлиқ ҳолда уланиб кетаверади. Аммо улар болалар қалби, қизиқишини ўзига тортадиган даражада эмас.

Бу камчилик, айниқса, геометрик шакллар мавзусини ўзлаштиришда панд бермоқда. Ўткир, ўтмас ва тўғри бурчакнинг қандай бўлишини бола мутахассис учун мўлжалланган чизма мисолида тушуниб, эслаб қолиши, дарҳақиқат, анчайин қийин. Уч хил бурчак қачон, қаерда иш беради ёки учрайди? Мана шу тарзда ёндашилса, менимча, болага нимадир ўргатиш мумкин. Масалан, эшик бунга яхши мисол бўлади. Уни исталган бурчак остида тасвирлаб, болани қизиқтирсангиз, вақти келиб, очиқ турган эшик тўғри бурчак ҳосил қилганини ўзи англаб баён қилса, қандай яхши.

 

Дарсликдаги камчиликлар

Дарсликдаги яна бир камчилик – матн баёни. Бошланғич синф математика дарсликларида аниқлик, соддалик етишмайди. Масалан, «Kesmaning uzunligi. Ikki nuqta orasidagi masofani 1 santimetr aniqlikda o‘lchash va taqqoslash» мавзуси. Мавзуни фаҳмлаш учун камида икки-уч марта ўқишга тўғри келади. Русчасини ўқиб, тушуниш мумкин: «Длина отрезка. Измерение расстояния между двумя точками в сантиметрах и сравнение отрезков».

Матнни ҳижжалаб ўқийдиган биринчи синф боласи учун негадир мавзуларнинг сарлавҳаси узундан-узун ва мавҳум. Рус тилидаги дарсликларнинг уқувсиз таржимасини эслатувчи сарлавҳалар борки, улар асл русча ҳолида ҳам етти ёшли онг имкониятларини ваҳимага солади. Бола «Если к числу нужно прибавить сумму или разность чисел, то их записывают в скобках» деган қоиданинг ярмини ҳам тушуниб, эслаб қолиши даргумон.

Афсуски, қавсли мисоллардаги амалларнинг бажарилиш тартибига оид на амалий, на ёдда қоларли изоҳ дарсликда мавжуд. Тажрибамдан келиб чиқсам, фарзандларимга қавс деган тушунчани бола тилида чайнаб беришга мажбур бўлганман. «Қавс – бу майдондаги ўйинчилар, аввал улар ўйнайди. Қавсдан ташқари рақамлар – бу захирадаги футболчилар, улар майдондагилар ўйнаб бўлганидан кейин тўп суради».

«Қўшувнинг алмашиниш хусусияти», «Построение отрезка заданной длины. Измерение и сравнение длин и расстояний» қабилидаги боланинг тасаввурига сиғмайдиган, 6-10 та сўздан иборат сарлавҳалар фақат катталар учунгина тушунарли.

Тўғри, дарслик тузиш ўта машққатли, мураккаб иш. Мавжуд билимларни муносиб ҳажм ва шаклда тақдим этиш осонмас. Бу жараёнда боланинг ёши, унинг аввалги кўникмалари, келгусида берилиши режалаштирилган билим, материални тақдим этиш усуллари, жамиятда юз бераётган янгиликлар каби кўп жиҳатлар (бари болани ҳаётга тайёрловчи мустаҳкам фаолиятдаги «кема») инобатга олинади. Шунинг учун ҳам дарслик муаллифларидан доимий изланиш, йўл қўйилган хатолардан тез хулоса чиқариб, уни тўғрилаш талаб этилади.

Шу ўринда савол туғилади: қачон ҳар бир ўқув қўлланмани ушлаган авлоднинг фикрлаши, билими назорат қилиниб, тегишли хулосалар ясалиб, дарсликка ўзгартириш киритилади? Дарслик савияси, бу – ўқувчилар савиясини ўстирувчи ва аксинча, борини ҳам йўққа чиқарувчи, боланинг иқтидори-ю вақтини бекорга увол қилиши мумкин бўлган жуда муҳим восита, қурол эканини ич-ичдан ҳис қилибгина мақсадга эришиш мумкин.

 

Гулгун УСМОНОВА