«Траст фонд» тушумлари нимага сарфланган?

24

 «Траст фонд» га 2019 йилда фондга 3,1 миллион доллар тушди – Ўзбекистон 2 миллион, Норвегия ҳукумати эса 1,1 миллион доллар қўшди. Ушбу сармоя асосида 2 та лойиҳа молия­лаштирилди:

Биринчиси – «Қишлоқ ҳудудларининг доимий ривожланишини қўллаб-қувватлаш орқали Оролбўйи ҳудудида инсон хавфсизлигини таъминлаш» лойиҳаси. Ушбу лойиҳанинг ҳажми 1,5 миллион доллар бўлиб, уни БМТнинг Тараққиёт Дастури ва ЮНЕСКО ҳамкорликда амалга оширмоқда.

Лойиҳа бўйича Тахтакўпир туманидаги «Таза қонис», «Белтау» ва «Мулик» ОФЙларидаги 2 минг 200 нафарга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди, 6 та кичик ва ўрта бизнес корхонаси ташкил этилди, 250 нафар аҳолининг даромадларини ошириш, шунингдек, ўрмон хўжалигининг моддий-техник базасини яхшилаш ишлари амалга оширилди. Лойиҳа давом этмоқда.

Иккинчиси – «Оналар ва янги туғилган болаларга перинатал ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш» лойи­ҳаси. Лойиҳага 1,6 миллион доллар йўналтирилган бўлиб, уни БМТнинг ЮНФПА ва ЮНИСЕФ ташкилотлари ҳамкорликда амалга оширмоқда.

Лойиҳа доирасида Нукус шаҳри, Беруний ва Қўнғирот туманларидаги перинатал ёрдам кўрсатиш марказларининг инфратузилмаси янгиланди, 26 минг нафардан ортиқ ҳомиладор аёллар ва янги туғилган болаларга перинатал ёрдам кўрсатиш сифати яхшиланмоқда, соҳадаги 500 нафардан ортиқ ишчининг кўникмаларини ошириш мақсадида махсус ўқув дастурлари амалга оширилди.

Ўтган йилги ҳисобот

2020 йилда «Траст фонд»га 9,1 миллион доллар миқдорида ­маблағ келиб тушди. Унда Ўзбекистон Республикасининг 1,5 миллион, Европа Иттифоқининг 5,5 миллион, Финляндия ҳукуматининг 1,1 миллион ва Корея Респуб­ликасининг 1 миллион долларлик ҳиссаси бор. Ушбу маб­лағлар ҳисобидан жами 6 миллион долларлик 3 та янги лойиҳа молиялаштирилди:

Биринчиси – «Оролбўйи минтақасининг қишлоқ ҳудудларида иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ечиш бўйи­­ча инновацияларни кенг жорий қилиш» лойиҳаси. Бюджети – 2,1 миллион доллар. Лойиҳани БМТнинг Тараққиёт Дастури, ФАО ва ЮНОДС халқаро ташкилотлари ҳамкорликда амалга оширади.

Лойиҳада Мўйноқ, Қўнғирот ва Бўзатов туманларида ёшларнинг асосий тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, 3 та касбий таълим моно-марказини қўллаб-қувватлаш, 90 нафар ёшни касбга тайёрлаш, 360 нафар хотин-қизни тикувчиликка ўқитиш, 10 та оилавий ва якка турдаги тадбиркорликни ташкил қилиш;

янги қишлоқ хўжалиги ташаббус­ларини йўлга қўйиш, суғориш тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги ерларини реабилитация қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича тадқиқотлар олиб бориш, 795 нафар фермер ва ёшларни ўқитиш, 9 та кўргазмали майдонча ташкил қилиш;

3 та мактабни интернет тармоғига улаш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш бўйича 3 та лойиҳани амалга ошириш, 2 та мактабда санитария-гигиеник шароитларни яхшилаш ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари амалга оширилади.

Иккинчиси – «COVID-19» пандемияси ва ундан кейин ёшларга эътибор қаратиш ҳамда ­санитария-гигиена сифатини яхшилаш» лойиҳаси. Буни ҳам БМТнинг ЮНИСЕФ, ЮНФПА ва ЮНОДС халқаро ташкилотлари ҳамкорликда амалга оширади. Лойи­ҳанинг бюджети – 3,5 миллион доллар.

Режалар қамрови

Лойиҳада Бўзатов, Чимбой, Кегейли, Қораўзак, Хўжайли, Қонликўл, Қўнғирот, Нукус, Мўйноқ ва Шуманай туманларида 15 та мактабда санитария-гигиена шароитларини яхшилаш ҳамда ичимлик суви билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимининг 700 нафар ходимини ўқитиш, 26 минг нафар болани эмлаш, 10 минг нафар қиз болалар ўртасида камқонликнинг олдини олиш, 1 минг 500 та оилани ривож­ланиш кўникмаларига ўргатиш;

20 та соғлиқни сақлаш муассасасини санитария ва ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш, 35 та соғликни сақлаш муассасасида масофадан билим бериш тизимини ўрнатиш, 1 минг 300 нафар соғлиқни сақлаш тизими ходимига масофадан билим бериш, 20 та тиббий муассасани лаборатория ускуналари билан таъминлаш, 200 нафар соғлиқни сақлаш ишчиларини тайёрлаш;

400 нафар ёшни ижтимоий инновациялар ва тадбиркорликка тайёрлаш, 40 ижтимоий инновацион ­лойиҳаларни жорий қилиш каби режалар назарда тутилган.

Учинчиси, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда 400 минг долларлик «Қорақалпоғистонда соғликни сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш» лойиҳаси.

Лойиҳада Қорақалпоғистон ­Республикасида аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашда давлат-хусусий шериклик тизимини ривож­лантириш мақсадида илмий асос­ланган молиялаштириш моделини ишлаб чиқиш, шунингдек, Мўйноқ туманида кўп тармоқли шифохона ташкил қилиш бўйича таклиф тайёрлаш, соғлиқни сақлаш тизимига инвестицияларни жалб қилиш мақсадида соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш, 150 нафар соғлиқни сақлаш ходимини тайёрлаш масалалари қамраб олинган.

Мазкур лойиҳалар ишини шу йилдан бошламоқда.

 

 

Есимхон ҚАНОАТОВ