ҚАБРИСТОНГА ДАБДАБА ЯРАШАДИМИ?

545

Ота-онани ҳурматлаш, давлатининг тожи деб билиш халқимизга хос гўзал фазилат. Гуруч кумаксиз бўлмайди, деганларидек, бу борада ҳам айрим истиснолар борлигидан кўз юмолмаймиз. Ота-онаси ҳаётлигида уларга меҳр кўрсатмай, дунёдан ўтгач, дабдабали маросимлар ўтказаётган, ҳашаматли қабртош ўрнатаётган қалби сўқир кимсалар  орамизда учрайди.

“Нуроний” газетасида Абдулаҳадқори Тожибоев шу мавзуда ҳаётий мисоллар асосида куюнчаклик билан фикрларини баён этган.

Мақола билан қуйида танишинг.

Мушоҳада учун мавзу

ҚАБРИСТОНДАГИ ДАБДАБА

ёхуд ота-онасини вафотидан сўнг эслайдиганлар хусусида

Хом сут эмган бандамиз, баъзан билиб туриб, хато қилсак-да, ношуд, оқибатсиз ва худбин эканлигимизни тан олмаймиз. Беш кунлик дунёнинг орзу-ҳаваси, деб бахтимиз боғбонлари – ота­-онамизни ҳам унутиб қўямиз. Вақти келиб, айрилгандагина уларнинг қадрини биламиз.

Бир пайтлар аҳамиятсиз туюлган ўгитлари қулоғимиз остида сеҳрли наво каби жаранглайди-ю, ўзларини тополмаймиз. Нолон кўзёшимиз юзимизни ювса-да, қалбдаги армон ситамини аритолмайди. Орамизда шундайлар борки, ҳаётлигида қадрламаган ота-онасини вафотидан сўнг ёдга олиб, кераксиз дабдабага зўр беради. Гўёки, бу ҳам унинг ўзи каби худбин мақсади йўлидаги яна бир имконият.

Қишлоқдаги бир тадбирдан қайтаётгандим, қўл телефоним жиринглади. Шаҳарда донғи чиққан, бир пайтлар жўрамиз бўлган Азимбой (исмлар ўзгартирилган) экан.

— Қори ака, кўришсак бўладими? Маслаҳатли иш бор эди, – деди у.

— Албатта.

— Ҳозир ёнингизга бораман.

Азимбой зум ўтмай етиб келди. Бир пиёла чойдан сўнг мақсадга ўтди.

— Биласиз, икки ой аввал онамни туп­роққа қўйдим. Шу-шу вақтим бўлмаётганди, ўтган куни қабристонга бордим. Онам қўйилган жойни тополмай, анча қийналдим. Шу боис, бита қабр­тош ясатмоқчиман. Нархининг аҳамия­ти йўқ. Фақат энг зўри бўлсин. Шу масалада ёрдам берсангиз дегандим….

— Қабртошининг онангизга қандай фойдаси тегади, деб ўйлаяпсиз?

— Нега тегмас экан?  Кўрган одам ҳавас қилсин, қойил қолсин.

— Қабристон ҳавасмандлар манзили эмас…

Хаёлимда кексалиги “Саховат ­уйи”да ўтган Азимбойнинг йўлига ҳар куни интизор кўз тиккан мушфиқ онанинг нигоҳи гавдаланди. Пул гадосига айланган бойваччанинг кунда эмас, ҳафтада бир онаизорини йўқлашга вақти йўқ эди. Ҳаётлигида волидасига бир жуфт иссиқ нон илинмаган бу йигит пулнинг кучидан уйни учта, хотинни иккита қилди-ю, аммо онасига меҳр беролмади. Энди эса унинг қабрига мармартош қўярмиш.

Азимбойга имкони борича бу нарсанинг онасига фойда эмас, зарар келтиришини, ундан кўра шу пулга камтаъминланган, ногиронлиги бўлган оилаларга ёрдам берса, савоби кўпроқ бўлиши тўғрисида атрофлича маълумот бердим. Лекин, у барибир ўз айтагинадан қолмади.

Сўнгги манзилдаги манманлик

Мансур бобо набирасини олиб, раҳматли кампирини йўқлади. Тиловатдан сўнг ён-атрофни хас-хашакдан тозалади. Қабристон оралаб қайтишаётганда набираси бир ҳайбатли қабр тоши олдида тўхтаб қолди.

— Вуй, ярақлашини қаранг, бобо!

— Манманликнинг белгиси, болам. Тошнинг чиройига қизиқма, ғоят хунук амал бу.

Набира-ку, тушунмади, бироқ бобонинг кўнгли бузилди. Негаки, бу ҳамқишлоғи Салим отанинг қабрига қўйилган мармартош эди. “Ўлдинг, азиз бўлдинг”, деганларидек, тириклигида ёлғиз фарзанди меҳрига тўймаган, кимсан, “фалончи фалончиевич”нинг отаси бўлса-да, раҳбар боласи билан беш дақиқа суҳбат қилолмаган Салим ота ҳовлида бир ўзи абгор аҳволда яшаб ўтди. Уч-тўрт ойда бир келадиган ўғли, ҳатто, машинадан ҳам тушмай, отасининг қўлига беш-тўрт сўм берган бўларди-да, “мен ишдан, набираларингиз ўқишдан ортмаяпмиз. Мана, пул, истаганингизни еб-ичинг, чоллар билан чойхона қилинг. Хуллас, маза қилиб, давр суринг!”, дерди-да ортига қайтарди. Шундоқ ҳам пенсия пулидан ортганини нимага ишлатишни билмай боши қотадиган ота бир сиқим пулга тикилганча қолаверарди.

Энг ёмони ота ёлғизлик дардидан қутулиб, дорилбақога кетганидан сўнг рўй берди. Тириклигида керагича йўқлайолмаган ўғил катта-катта маъракалар қилиб, одамлар орасида гўё меҳрибон ўғил сифатида ном қозонмоқчи бўлди. Қабристондаги ёдгорлик ҳам манман ўғилнинг обрў орттириш мақсадида қилган амали эди. 

Қабртош қўйиш шартми?

Аслида, қабристон зиёрати суннат амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадиси муборакларида шундай деганлар: “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этинг, зеро, у сизларга охиратни эслатади. (Имом ал-Бухорий ривояти).

Ҳа, қабристон тириклар учун ибрат манзили ҳисобланади. Баъзилар қабртоши қўйиб, шу жойнинг муваққат эгасига айланмоқчи бўладилар. Ҳолбуки, қабристон одобига кўра, марҳум қабрига кичикроқ бирор белги ёки лавҳ қў­йишнинг ўзи кифоя. Демак, улуғларимиз номи билан боғлиқ зиёратгоҳлардан фарқли ўлароқ, қабрга ортиқча ҳашам бериш маънавиятсизлик белгиси.

Хуллас, манманлик ортидан қабрис­тонда ножўя хатти-ҳаракат қилаётган кишиларга айтаримиз шу: кўр-кўрона амалларингизни марҳумлар масканига тиқиштирманг. Бу билан икки дунёингиз ғафлатда қолади.

Абдулаҳадқори ТОЖИБОЕВ,

Бурхониддин Марғиноний

масжиди имом-хатиби.

Андижон вилояти

2019 йил 23 январь

“Нуроний” газетаси, 4-сон.

Бошқа хабарлар