«Соғлом ҳаётга қадам ташла!»

398

Президентимизнинг 2018 йил 18 декабрдаги «Юқумли бўлмаган касаллик­ларнинг профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида тиббий-профилактика соҳасида олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланиш маданиятини кенг тарғиб этиш борасида тизимли вазифалар белгиланган.

Хусусан, ушбу йўналишда 2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллик даражасини ошириш Концепцияси ва чора-тадбирлар Дастури тасдиқланган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 2012 йилда дунё бўйича 56 миллион ўлимнинг 38 миллионини юқумсиз касалликлар ташкил этган. 16 миллиондан ошиқ одам 70 ёшга етмасдан оламдан ўтади. Юқумсиз касалликларнинг асосий қисмини юрак-қон томир касалликлари (инсульт, инфаркт), қандли диабет, онкологик касаллик­лар ва сурункали респиратор касалликлари ташкил этади.
Пойтахтимизда 25 январдан 25 февралгача ўтказилаётган «Соғлом ҳаётга қадам ташла!» акцияси ана шу мақсад – аҳолининг ўз соғлиғига эътиборини кучайтириш ва соғлом овқатланиш, жисмоний фаолликни оширишга хизмат қилади.
– Юқумсиз касаллик­ларни келтириб чиқарувчи асосий хавфли омилларга нотўғри овқатланиш, жисмоний фаолликнинг пасайиши, тамаки ва алкоголь истеъмол қилиш ҳисобланади, – дейди Тошкент шаҳар Саломатлик ­лойиҳаси директори Лола Саиджонова. – Бундай омилларнинг ҳозирги вақтдаги тарқалиш даражаси сақланиб қолса ва агар ҳеч қандай қўшимча чора-тадбирлар кўрилмаса, 2030 – 2040 йилларга келиб юртимизда 40-60 ёшдаги аҳоли орасида барвақт ўлимнинг кескин кўпайи­­ши кузатилади. Ўтказилаётган акция вақтида Тошкент шаҳрининг Миробод, Яшнабод, Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларининг жамоат жойларида «Саломатлик майдончалари», маҳаллаларда «Саломатлик дарслари», тиббиёт билим юртларида «Тамакисиз ҳудуд учун овоз берамиз» акция­лари, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг сотиш қоидаларига риоя қилиниши, иш, жамоат транспортларида тамакисиз ҳудуд яратиш бўйича жамоатчилик рейдлари олиб борилади.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар