«Мендирман Жалолиддин» сериали:  биз билган ва билмаган маълумотлар  

56

  Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси журналистлар учун “Мендирман Жалолиддин” сериали ижодкорлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этди. Унда ўзбек ва турк актёрлари, сериални ишлаган машҳур “Боздағ фильм” кинокомпанияси продюсери Меҳмет Боздағ, сценарий муаллифи Бобохон Шариф, маданият вазири Озодбек Назарбеков ва фильмни суръатга олишда жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ ижодкорлар  қатнашишди.  

Тадбирда айтилишича, фильмнинг биринчи ва иккинчи фасли биргаликда 26 қисмдан иборат бўлади. Унинг бюджети 5 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Сериални  суръатга олиш ғояси 2017 йилда бошланган бўлиб, Ўзбекистон томонининг таклифини “Боздағ фильм” киностудияси  раҳбари Меҳмет Боздағ бажонудил қабул қилган. Сериални тайёрлашда 500 нафарлик жамоа ишлаган. Суръатга олиш ишлари бошланишидан олдин турк ижодкорлари, режиссиёр ва продюсерлар, актёр ҳамда костюмёрлар 9 ой давомида Хоразмни, у ердаги тарихий масканларни, тарихий китобларни ўқиб-ўрганишди. Юртимиз инсонларининг табиати билан қизиқишди. Шундан сўнггина жамоа билан маслаҳатлашиб, сценарийга қўл урилди.

Турк ижодкори М. Боздағнинг айтишича, у кўп йиллар олдин Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” ва “Кўҳна дунё” асарларини ўқиб чиққан ва мазкур асарлар тарихий фильм яратиш нуқтаи назаридан ижодкорда катта таассурот қолдирган.

Журналистлар аввалига ижодкорларнинг фикр-хулосалари, таассуротларини тинглашди. Савол-жавобларда эса сериалдаги тўқима ва ҳақиқатлар, актёрларнинг бир-бирини тушуниб ишлашидаги мураккабликлар, шунингдек, Чингизхон образидаги ўзига хосликлар билан қизиқишди. Дастлабки саволга жавобан ёзувчи Бобохон Шариф шундай деди:

–Ҳар қандай бадиий фильм ҳам бадиий тўқималарга асосланади. Агар фильмда бадиий тўқима бўлмаса, қаҳрамонларнинг характерини, қиёфасини очиб бериш таъсирли чиқмаслиги мумкин. Ҳақиқатни сақлаб қолиш учун ҳужжатли фильмлар ишланади, аммо  “Мендирман Жалолиддин” – бадиий фильм. Унда тўқималардан фойдаланганмиз. Масалан, Жалолиддиннинг Чингизхон ҳузурига элчи бўлиб бориши ва у ердан нотаниш қизни етаклаб келиши айрим юртдошларимизнинг эътирозига сабаб бўлди. Бир нарсани тўғри тушуниш керак, Жалолиддин ҳеч нарсадан қўрмайдиган оловюрак бўлган. Шу боис унинг шерюраклиги,  қўрқмаслигини очиб бериш учун ана шу саҳналар ёзилган. Асарда бош мақсадимиз, қаҳрамоннинг томошабинлар муҳаббатини қозониши, Жалолиддиннинг ёш авлодлар севимли қаҳрамонига айланиб қолишига эришиш эди. Ўйлайманки, айрим камчиликлардан холи бўлмаган тарзда,  жамоамиз ушбу бош мақсадга эриша олди.

–Яқинда китоб савдоси билан шуғулланадиган бир опа билан гаплашиб қолдим, –дейди Маданият вазири Озодбек Назарбеков. – Ҳоразмшоҳлар давлати тарихига оид китоб ушбу сериал намойиш этилгандан кейин жуда тез суратларда сотилиб кетибди. Мен бу хабардан кейин юртдошларимизда сериалдаги воқеаларнинг қайси ҳақиқат, қайси тўқима эканига, умуман, тарихимизга, Хоразмшоҳлар давлати тарихига озгина бўлса-да, қизиқиш кучайганини тушундим. Демак, биз маълум маънода ушбу сериал орқали тарихимизга қизиқиш уйғота олибмиз. Келгусида бу ҳаракатларни давом эттириб, босқичма-босқич турк киносаноатидаги мавжуд шароит ва имкониятларни ўзимизда ҳам ташкил этишга ҳаракат қиламиз.

Тадбирда Чингизхон ролини талқин этган актёр Жавоҳир Зокиров, кастинг жараёнида кинони суратга олиш бошланмагунча кимнинг ролини ижро этиши маълум бўлмаганини, турк ижодкорларининг бу борада етти ўлчаб бир кесишига амин бўлганини таъкидлади. Шу билан бирга у  Чингизхон образига оид қизиқарли  маълумот билан ҳам бўлишди.

–Сценарийга асосан, бир саҳнада одам ўлдириб, унинг терисини шилиб ейишим керак бўлади,– дейди Ж. Зокиров. – Аслида, тарихий ҳақиқатга кўра,  Чингизхон ўта ёвуз инсон бўлиб, шу даҳшатли ишни  қилган экан. Агар биз бу саҳнани олганимизда кино даҳшатли тус олган бўларди. Бу эса бизга маъқул келмади ва унинг ўрнига кинода ўша одамни “ўлдириб, қулоғини кесиб ташладим”.

Тадбир ана шундай қизиқарли маълумот ва тассуротларга бой бўлди. Қардош ижодкорларимиз айни пайтда “Улуғбек консерваторияси”ни ўрганаётганини, келгусида шу мавзуда фильм олишга қизиқаётганини ҳам айтишди.

 

Зебо НАМОЗОВА, “Ishonch”

Мадина Нурман олган суратлар