“Яшил” инвестициялар қанчалик самарадор?

45

Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзсаноатқурилишбанк” тизимида кредитлаш амалиётлари Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга ошириб келинмоқда. 2018 йилга келиб банк томонидан Халқаро молия корпорацияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки маслаҳатчилари кўмагида ишлаб чиқилган трансформация дастурида ҳам “Green banking” алоҳида ўрин эгаллади.

Бугунги кунга қадар банк томонидан уч босқичда жами 91 млн. АҚШ долларилик 20 та “яшил”лойиҳа молиялаштирилди.

Бу ҳақда “Ўзсаноатқурилишбанк” оммавий ахборот воситалари ходимларини “яшил” молиялаштириш механизми асосида ишга туширилаётган лойиҳалар билан таништириш мақсадида Тошкент шаҳридаги корхоналарга амалга оширган медиатур давомида айтиб ўтилди.

Сергели туманида жойлашган  “В.Л.Гальперин” номидаги Тошкент труба заводида турли ҳажмдаги қувурлар, иссиқлик ўтказгичлар (арматура симли новда), маҳкамлагичлар, пайвандлаш симлари, электроид каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур корхонада бугунги кунда 3000 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилиб, улар учун бепул иссиқ овқат ва биринчи тиббий ёрдам хизмати ташкил этилган. Шунингдек, 28 та автобус ишчиларни уйга ва эрталаб корхонага олиб келишда хизматга шай. “Конструктор” болалар оромгоҳи эса бу ерда ишлаётган меҳнаткашларнинг фарзандлари учун ташкил этилган.

Объект иқлим ва экология барқарорлигини таъминловчи, энергия тежовчи илғор технологиялар билан жиҳозланган, зарур хом ашё базаси таъминланган. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 350 минг тонна пўлатдан ясалган металл буюмлар етказиб беришга тенгдир.

Банк томонидан шу даврга қадар молиялаштирилган ана шундай лойиҳалар ҳисобига металлургия, нефть-газ, кимё, электр энергия ва бошқа  тармоқларда 268 975 МВт.с электр энергияси ва 107 080 м3 табиий газ тежалганини қайд этиш мумкин.

“Green banking”тизимини ривожлантириш Банк трансформацияси жараёнида янада жадаллашмоқда. Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар дунёнинг йирик молия институтлари ва корпорациялари томонидан юқори баҳоланиб, молиялаштириш учун қўшимча ресурслар таклиф қилинаётгани эса алоҳида аҳамиятга моликдир.

“Pergament quality exclusive” корхонасида флизелин асосидаги винил гулқоғозлар ишлаб чиқарилади.

Лойиҳанинг биринчи босқичида корхона қуввати йилига 2 миллион 640 минг ўрам гулқоғоз ишлаб чиқаришга етган бўлса, эндиликда у бундан 2 баравар кўп ишлаш имконига эга бўлди. Бунинг учун банк томонидан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки кредит линияси маблағлари ҳисобидан 3825000 евро эквивалентига тенг кредит маблағи ажратилди. Иш қувватига ҳамоҳанг иш ўринлари сони ҳам ошди. 2018 йилларда корхонада 143 нафар ходим ишлаган бўлса ҳозирги кунда уларнинг сони 200 нафардан ошди.

Умуман, “яшил” молиялаштириш ер юзининг долзарб экологик муаммоларини ҳал этишга қаратилган илмий-амалий тадқиқотлар маҳсулидир. Бунда муқобил энергетика соҳасида илғор технологиялар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш алоҳида ўрин тутади. Шу боис, “Ўзсаноатқурилишбанк” тизимида ушбу механизм устувор йўналишлардан бири сифатида қабул қилинди. Муассасада кредитлашнинг ушбу усулини яқин истиқболда 70-80 фоизга тенглаштириш белгилаб олинган.

Зебо НАМОЗОВА,

ishonch.uz