Ҳали ГИННЕС китобига кирмаган Ўзбек ихтирочиси…

31

Тошкент тиббиёт академиясининг 100 йиллигига бағишланади.

Бир асрлик тарих зарварақларидан  муносиб ўрин эгаллаган, муҳими одамлар қалбига эзгулик нурларини олиб кира олган фаҳрий шифокорлар, тиббиёт илмининг билимдонлари, профессор ва ўқитувчилар,  академик олимлар…Ўзбекистоннинг маънавий миллиардерлари, дунёда  тенги  йўқ  бойлик- юксак маънавият эгалари, билгани  меҳнат, танигани савоб, шериги  иймон, суянгани  виждон, ишонгани Раҳмон уларнинг. Гарчан Сиз уларни кўрмаган  бўлсангизда, камтарлиги  отангизга,  ҳокисорлиги онангизга  ўхшаб кетадиган  “Яхши  одам”лар  билан  танишинг.

ЎЗБЕКИСТОН ИЛМ-ФАНИ РИВОЖИГА УЛКАН ҲИССА ҚЎШГАН ОЛИМЛАРДАН БИРИ  ПРОФЕССОР АБДУҲАМИД МАҲСУМОВ.

1936 йил 10 мартда Тошкент шаҳрида Чиғатой кўчасида (ҳозирги Фаробий) туғилган. 1944-1954 йилларда Тошкент шаҳридаги 111-ўрта мактабда таълим олган.

1971 йилдан  А.Ғ. Маҳсумов Тошкент тиббиёт институти (ҳозирги Тиббиёт академияси) нинг “Органик кимё” кафедрасига доцент лавозимига ишга ўтади, 1972 йилда шу кафедрага мудир бўлиб сайланди.  Абдуҳамид Ғофурович пок, ҳалол,  фидоийлиги ва меҳнатсеварлиги туфайли 36 йил давомида  кафедрани жамоасини жипслаштириб,  ўқув, ўқув-услубий ва илмий ишларни уйғунлаштирган ҳолда бошқарди ва уни барча кўрсаткичлар бўйича институтнинг энг илғор кафедраларидан бирига айлантирди.

А.Ғ.Махсумов моҳир педагоглик маҳоратини ишга солиб, тиббиёт институтларида кимё фанини  барча жабҳаларига олиб кириши билан профессор-ўқитувчилар ва минглаб талабаларнинг ҳурматига сазовор бўлди. Кўп йиллик тинимсиз,  машаққатли меҳнатлар ўз  маҳсулини беради. А.Ғ.Махсумов 1985 йилда докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлаб, 1986 йилда профессор илмий унвонига муяссар бўлди.

Кафедра ходимлари билан биргаликда 190 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар, маъруза матнлари чоп этди. Тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари учун биринчи бўлиб ўзбек тилида “Биоорганик кимё” дарслигини тайёрлади ва нашр эттирди.

Биринчилардан бўлиб  4 тоифадаги электрон дарслик вариантини яратиб муаллифлик гувоҳномасини олди.

Профессор А.Ғ.Махсумов ўзининг бор илмий салоҳиятини нозик органик синтез соҳасига йўналтириб “Биологик фаол бирикмалар синтези, хоссалари ва ишлатилиши” мавзуси атрофида барча шогирдларини бирлаштирган ҳолда КАТТА ИЛМИЙ МАКТАБ яратди.

А.Ғ. Махсумовнинг хизматларини мухтасар қилиб рақамларга жойланса 25000 та янги модда синтез қилиб олинди, илмий ва педагогик изланишлари натижалари 3543 та илмий ишларда, жумладан, 2850 дан ортиқ илмий мақола ва тезислар, бакалавр, магистр ва тадқиқотчилар билан 900 дан ортиқ илмий мақола ва тезислар, 305 та ихтиро ва патентлар,400 га яқин синтез қилинган препаратлар халқ хўжалиги, тиббиёт, фармацевтика, қурилиш, тўқимачилик, кимё саноати ва бошқа кўплаб сохаларда қўлланилди ва тавсиялар берилди.

250 га яқин препаратлар ўқув услубий сохаларда, маърузаларда қўлланилди. 6 та дарслик, 200 дан ортиқ ўқув қўлланма ва монографиялари, ўқув-услубий ишлари эълон қилинди, 8 докторлик, 38 та номзодлик, 9 та магистрлик диссертацияларига илмий раҳбарлик қилди.

А.Ғ.Махсумовнинг қалб амри билан ўз касбига фидойилиги ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган. Ўзбек ихтирочисининг юзилмий илмий ишланмалари  ва педагогик фаолиятидаги хизматлари инобатга олиниб, ўтган йиллар давомида  “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи”, “Йилнинг энг яхши илмий раҳбари”, “Йилнинг энг яхши мураббийси”, “Турон” фанлар акадeмияси Акадeмиги, Ўзбeкистон Табобат акадeмиясининг ҳақиқий аъзоси унвонларига сазовор бўлган.

Шунингдeк, профессор А.Г.Махсумов қатор замонавий ихтиролар ва илмий ишлар муаллифи ҳисобланиб, амалиётга ҳам кимё, фармацeвтика, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва кўплаб бошқа соҳаларда бир нeчта прeпаратларни қўллаган ва тавсиялар бeрган.

Профeссор А.Г.Махсумовнинг асосий илмий изланишлари, органик синтeз ва биологик фаол бирикмаларни ҳосил бўлиши мeханизмларини ўрганишга, экологик тоза, кам заҳарли юқори биологик фаоллиги ошган прeпаратларнинг янги авлодини, яъни 25000 (йигирма беш минг)тадан ортиғини дунёда биринчи бўлиб яратган, шу соҳаларда фундамeнтал ва амалий фаннинг ривожланишига бағишланган. 1986 йилда бу соҳада тузилиш назариясини яратган. А.Г.Махсумов жуда кeнг тармоқли олим. Фаннинг кўп соҳаларида янгиликлар яратган муаллиф.

Ўзбeк, рус, инглиз ва бошқа тилларда чоп этилган илмий ишлари, ихтиролари, амалий тавсиялари жами 3500 тадан ошиб кетди.

Илмий тадқиқот ишлардан ташқари, ижодкор-устоз пeдагогик деган фаолияти билан машхур инсон. А.Г.Махсумовнинг “Органик кимё”, “Биоорганик кимё” ва бошқа дарсликлари, ўқитувчилар ва талабаларга, яна 200 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалари, илмий-услубий китоблари Олий ўқув юртларининг барча соҳаларига олиб кирди ва бу билан кўпчилик профессор-ўқитувчи, магистр, тадқиқотчи ва талабаларининг ҳурматига сазовор бўлди.

Шу бугунги кунда ҳам 85 ёшли олим докторантларга, ёш тадқиқотчи, магистрант, бакалавриатура босқичи талабаларига устозлик қилиб  уларга илмий йўналишларда сабоқ бeриб кeлмоқда. Унинг ўқувчилари нафақат Ўзбeкистоннинг барча вилоят ва шаҳарларидаги унивeрситeт, институт, лицeй, коллeж, акадeмик институтлар, мактабларда, шу билан бирга Ҳиндистон, Бангладeш, Корeя, Хитой, Канада, Гeрмания, Чeхия, Туркия, Ангола, ЖАР, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Эрон, Грeция, Саудия Арабистони, Бирма, Таиланд, Миср, Покистон, Болгария ва ўнлаб бошқа давлатларда хизмат қилишмоқда.

  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи, кимё фанлари доктори, профессор  Абдухамид Махсумовдан

Ёшларни кимё фанига қизиқтириш услуби ҳақида сўрадим.

Катта ва машаққатли илм йўлини босиб ўтган кимёгар олим бу саволимга ўзининг оддий теоремасига асосланиб шундай жавоб берди.

“Фан аниқликни ёқтиради. Табиат билан уйғунллашагни боис, тахминий фаразлар, ёлғончи маълумотлардан йироқликни хуш кўради.

Мен ёшлигимдан тўгарак илмига қизиққанман. Буни пайқаган отам мактабдаги дарслардан  кейин мени кимё фан тўгарагига аъзо қилиб келганлар. Устозларимнинг ҳар бир мавзуга бор меҳрини   бериб дарс ўтишини эсласам, отамнинг билимли инсон эканлигидан фахрланиб кетаман. Менинг кимё фанига қизиқишимга дарсдан ташқари олиб борилган қизиқарли тўгараклар сабаб бўлган. Шулар ҳақидада ўйласам шу /85/ ёшимда ҳам мактаб, лицей, коллежларга бориб кимё фанининг ютуқлари ҳақида қизиқарли суҳбатлар ўтказгим келади.   Росмана кўп ишларни  қилган  устозларимдан олган сабоқларни бугунги кун ўқувчиларига ҳам  ўрганиб уларда кимё фани ва ихтирочиликка қизиқтиришни  жуда-жуда истайман.

Тўғрисини айтишим керак, ҳали ҳам мактабларда ҳатто олийгоҳларда ҳам  дарс пайтида   анекдот айтиб, мақтанчоқлик билан “аравани қуруқ олиб қочадиган  қалбаки “устоз”лар йўқ эмас. 65 йиллик илмий-амалий  меҳнат  тажрибамга суяниб айта олманки, ўқувчини қуруқ гап билан қизиқтиролмайсиз. Савол-жавоб, ҳаётдан, тиббиётдан ва бошқа соҳалардан олинган мисоллар тажрибаси бор устозлар нинг ҳақиқий қуроли шу. Саноатдан намуна келтирилганда   доскага бўр билан ёзиш керак, ейдиган овқатларда қатнашаётган реагент, витаминлар ва бошқаларни формуласини келтирмасангиз ўқувчи уларни инсониятга  хизмат қилаётганини тушунмайди.

Иложи бўлса тажрибалар ёки саноатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналари ҳақида гапирилганда сунъий тишлар, янги пластмассалар(рангли бўлса яхши), яратилаётган дори моддалар ва бошқаларни намуна қилиб кўрсатиш зарур.

Маърузачи устознинг  тўгарак машғулотида ўзининг ихтиролари, патентлари, дарсликларидан  ҳар хил намуналари билан қатнашгани маъкул.

ОТМида илмий илмий тўгарак очиш учун  биринчи галда реактивлар, эритувчилар, катализаторлар ва ўнлаб бошқа реактивлар керак бўлади;

Махсус шкафли иш жойлари бўлиши, рефератив журналлар, тезкор интернет тармоғининг мавжудлиги, шиша идишлар (колбалар), ҳар хил перегонка (ҳайдаш) қиладиган вакуум насослар, плиталар, хуллас ўнлаб нарсалар, махсус буюмлар керак.

Олий таълим муассасасининг ахборот ресурс марказида мавзуга оид рефератив журналлар, патентлар, лаборатория ишлари ёзилган китобчаларнинг бўлиши ҳам  жуда муҳим.

Кейин янги синтез қилинган бирикмаларни тузилишини аниқлаш учун ИҚ-, ЯМР, масс-спектрометрлар, УФ ва бошқа приборлар бўлишини унутмаслик керак.Хроматограф ва бошқа моддаларни тозалаш усуллари. Эксперимент тепасида турадиган ёш олимлар туриши керак. Янги олинган моддаларни синаб кўрувчи гуруҳлар  эса алоҳида мавзу.”

                    ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ.