Санъаткорлар Мирзачўлда

378


Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳрида замонавий ва кўркам иншоотлар талайгина. Улардан бири Қозоқ миллий театри биносидир. Ўтган асрнинг ўрталарида республикамизда ягона бўлмиш Қозоқ миллий театрининг айнан Мирзачўлда ташкил этилиши бежиз эмас. Негаки, Мизачўл – байналмилал туман. Бу ерда турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Туман қўшни Қозоғистон Респурликаси билан чегарадошлиги туфайли ҳудуд аҳолиси таркибида қозоқлар муҳим ўрин тутади.

Куни кеча Қозоқ миллий театри зали томошабинлар билан лиммо-лим тўлди. Ўзбек миллий академик драма театри жамоасининг Мухтор Авезов асари асосида саҳналаштирилган “Абай” спектакли томошабинлар томонидан илиқ қарши олинди. Режиссёр Марат Азимов қайта саҳналаштирган асар барчада катта таассурот қолдирди.

Кечки пайт “Янги дала” ҚФЙ ҳудудида бунёд этилган маданият саройининг очилиш маросими ҳамда санъаткорлар билан ижодий учрашув ўтказилди. Эл ардоғидаги санъаткорлар Ёқуб Аҳмедов, Маҳмуд Исмоилов, Фатҳулла Маъсудов, Шоҳида Исмоилова, Гулчеҳра Иброҳимбекова, Дилноза Кубаева ва бошқалар йиғилганларга Абай асарларидан парчалар ўқиб беришди. Учрашувда улуғ бобокалонларимиз Алишер Навоий ва Бобур асарларидан ҳам намуналар ўқилди.

Санъаткорлар бу обод ҳудудга яна келиш истагида эканлигини билдиришди.

                                                               Алижон АБДУРАҲМОНОВ,

ishonch.uz       

Бошқа хабарлар