ТЕРМИНАЛ ИШЛА(МА)ЙДИ

522


Бугунги кунда ишловчиларнинг аксарияти иш ҳақини пластик карточкалар орқали олади. Уларни ишлатиш ҳам нақд пулга нисбатан анча қулай. Бироқ айрим “тадбиркорлар” тўлов терминалидан фойдаланишни унчалик ҳам хуш кўраверишмайди. Сабаби эса оддий: терминал орқали маблағ қабул қилишса, пул тушумини яширолмай қолишади. Журналист Дилрабо Қурязованинг “Хоразм ҳақиқати” газетасида чоп этилган “Терминалга савдо қилмаймиз…” номли мақоласида ушбу муаммо таҳлил қилинади.

Мақолани тўлиқ  қуйида ўқишингиз мумкин.

“        

ТЕРМИНАЛГА САВДО ҚИЛМАЙМИЗ….”:

ИШОНЧЛИ ТАҲЛИЛ, АСОСЛИ ТАНҚИД

Мамлакатимизда пластик карточкалар жорий этилганига бир неча йил тўлди. Бугун улар ҳар бир юртдошимизнинг кундалик турмуш тарзининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Айниқса, шаҳар ва туманлар, ҳатто чекка қишлоқ ҳудудларида ҳам бундай замонавий тўлов усулидан фойдаланиш имконияти яратилган. Шундай бўлишига қарамасдан, ҳали-ҳамон терминалсиз ишлаётган савдо шохобчалари, ёки, “терминал ишламаяпди” деган гапни шиор қилиб олган тадбиркорларимиз йўқ эмас. Тадбиркорларимиз орасида терминални ишлатишни маълум вақтга белгилаб қўйган уддабуронлар ҳам талайгина.

Узоққа бормасдан, вилоятимизнинг Урганч шаҳрида жойлашган “Урганч савдо уйи” МЖЧдаги муаммоли ҳолатларни ўрганишга ҳаракат қилдик.

“Урганч савдо уйи” масъулияти чекланган жамияти вилоятимизнинг энг кўзга кўринган савдо марказларидан бири саналади. Бугун бу ерга келган ҳаридор ўзи истаган нарсани ҳарид қилиши табиий. Ушбу марказнинг ертўла қисми ҳам каттагина савдо уйига айланган десак, муболаға бўлмайди. Бу ерда турмуш тарзимизда зарур бўлган минг хил қурилиш молларини, темир анжомлари-ю электр асбоб-ускуналарини топиш қийин эмас. Ушбу савдо ҳудуди каттагина бўлиб, ҳар бир тадбиркор ўзига алоҳида дўкон ва ўрин белгилаб олган. Лекин шаҳарда яшовчи ҳамкасбларимнинг айтишича, бу ерда тўлов терминалининг ишламаслиги, ёки “бизда терминал йўқ!”, “терминал бору, электр йўқ”… қабилидаги бир ҳил одатий жавоб қайтарувчи тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этар экан. Яқинда мен ҳам рўзғорга керакли электр анжомини олиш учун эрталабдан шу ерга киришга мажбур бўлдим. Ўзимга керакли анжомларни топиб, сотувчидан нархини сўрадим, сотувчи айтган нарх қимматлигини билиб, йўлимда давом этдим. Бошқа сотувчидан шу нарсани сўраганимда биринчи сотувчидан 4 минг сўм арзон айтди. “Ҳар тугул нархи ошмаган экан”, деган ҳаёл билан сотувчига пластик карточкамни узатдим. Тахминан 35 ёшлар атрофидаги сотувчи йигит “терминал йўқ” деган жавобни қайтарди.  “Нега йўқ?” деб сўрадим. “Йўқ, тамом, шунга йўқ, биз терминалга савдо қилмаймиз!” дея баланд овоз билан жавоб қайтариб, тескари қаради. Эрталабдан кайфиятимни туширишни ҳоҳламаган ҳолда, қўлимдаги электр анжомини жойига қўйдиму, терминали бор савдогарни изладим. Минг афсуски, ушбу савдо ҳудудидаги тадбиркорланинг 80 фоизидан терминал йўқ деган жавобни олдим. Битта сотувчи, эшикдан кираверишда чап қўлда, бурчакдаги биринчи дўконда терминал борлиги айтдим. Буни қарангки, тадбиркорлар кимда териминал борлигини ёддан билишар экан….

Айтилган манзилга, яъни бурчакда жойлашган биринчи дўконга бордим. Катта ёшли амаки ўзи қатори харидор билан қаттиқ айтишаётган, қўпол оҳанг билан “олсангиз шу, олмасангиз нарсамни жойига қўйинг, олувчи мингта….” деган гаплар билан бир нималарни олиб, столига таҳлаётган экан. Навбат менга келди, минг истиҳола билан ўзимга керакли электр анжомини нархини сўрадим. Бошқа жойда 11 мингга сотилаётган нарса, амакида 15 минг экан, яна пластикка нархи қайтилмаскан. Сотувчи амакининг қўпол муомаласига “тасанно” айтган ҳолда, қиммат бўлса ҳам пластикка савдо қилдим.

Касб нуқтаи назаридан, шу ердаги харидорларнинг фикрига қизиқдим…

Боғотлик Азамат исмли йигит ҳам пластика карточкасида 2 миллион сўм пули бўлатуриб, ҳеч нарса оломаган харидорлардан экан. “Бу ердаги нечта дўконни айландим, – дейди у. – Бирида терминал йўқ, бирида бориям ишламаяпди, менда эса нақд пул камроқ эди. Шунча пулим бўла туриб, ўзимга керакли нарсани сотиб ололмаганимдан кайфиятим тушди. Энг ёмони, бу ердаги савдо хизматидан, тадбиркорларнинг муомаласидан дилинг хира бўлади. Солиқ ва банк идоралари ходимлари бу ердаги муаммоларни ўрганиб, ечим топиши, керак бўлса, савдо қоилаларини бузганларларга тегишли тартибда чора кўриши керак”.

  • Ўзим Ҳонқа туманиданман, – дейди Жамшид Машарипов. – Урганчда ишлаганим учун, тез-тез бу ерга савдо қилиш учун кираман. Лекин кўп вақтдан буён бу ерда тадбиркорларнинг харидор билан сўзлашиши ва савдо тартиби талаб даражасида эмас. Ҳозирда Муҳтарам Президентимиз бошчилигида тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилган бўлишига қарамасдан, бу ерда нарх-навони асоссиз ошириш, кўпинча фақат нақд пулга савдо қилиш ва назорат касса машинасининг чекини бермаслик ҳолатлари кундалик одатга айланган. Ҳозир эшик учун мўлжалланган қулф сотиб олдим. Лекин пластикда ҳарид қилганим учун 12 минг сўмлик нарсани 15 минг сўмга олишга мажбур бўлдим.

Савдо мажмуасини айлана туриб, шу ерда ўз фаолиятини яхши йўлга қўйган тадбиркорларга мавжуд муаммолар сабабини сўраб мурожаат қилдик. Минг афсуски, биронтаси тўғри фикр билдиришни, ёки саволга ҳаққоний жавоб беришни ҳоҳламади. Сотувчилардан айримлари “терминалга ёзилганмиз, ҳалигача келмаяпди” деб, қутилишган бўлса, айримлари “ҳоҳласангиз савдо қилинг, бизда тартиб шу…” деган жавобни қайтаришди.

Бугун ўзи учун қулай “тартиб” яратиб олган, харидорнинг дилини ҳира қилиб, фақат нақд пулга савдо қилишга ёки пластик карточка учун фоиз қўйиб сотишга одатланган бу “уддабурон” тадбиркорларнинг ноқонуний фаолиятидан ким манфаатдор?!…  

Ушбу савдо мажмуасига келган юртдошлармизнинг фирк-мулоҳазаларини эшита туриб, ҳозирда замонавий тўлов имкониятлари яратилган, яъни харидни масофадан амалга оширувчи “Click”, “Pay me”,   “Мobilsavdo”, “SMS to`lov”, “U-Pay” каби интерактив тўлов хизматлари йўлга қўйилган бир пайтда, “Урганч савдо уйи”нинг ертўла қисмида савдо қилувчи тадбиркорларнинг биронтасига бу каби замонавий хизматлар етиб келмагани ҳам ачинарли, ҳам кулгули ҳол аслида. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 февральдаги «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида 2017 йилнинг 1 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектлари, жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолидан пластик карталар воситасида тўловларни қабул қилишни таъминловчи ҳисоб-китоб терминалини мажбурий ўрнатмасдан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи таъқиқланган. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга асосан, барча савдо шохобчаларини терминаллар билан жиҳозлаш учун уларни рўйхатдан ўтказиш жадаллаштирилган тартибда – тадбиркорлик субъектидан буюртма келиб тушган кундан бошлаб 3 кундан кўп бўлмаган муддат ичида амалга оширилиши ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нархларни белгилаш устидан назорат кучайтирилиши белгилаб берилган. Ҳисоб-китоб шаклидан келиб чиққан ҳолда сунъий равишда нархларни ошириш ёки тушириш ҳисоб-китоб терминалларини қўллашнинг белгиланган тартибини бузиш деб баҳоланиши, бундай ҳаракатлар энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳам айтилган. Лекин “Урганч савдо уйи”даги темир анжомлар, қурилиш моллари ва электр асбоб-учкуналарини сотаётган тадбиркорлар била туриб, ноқонуний фаолият орқали ўз моддий даромадларини ошириш билан овора… негадир тегишли ташкилотлар жим…

Биз ушбу журналистик ўрганишлар орқали кимгадир туҳмат қилишдан, ёки биз айтган манзилдаги қайсидир тадбиркорни камситишдан йироқмиз. Фақатгина, ҳар бир тадбиркор қонун доирасида белгиланган тартибда фаолият олиб борса, харидорга сифатли хизмат кўрсатса ва биринчи навбатда тадбиркор этикасига риоя этса, ўзи учун, қолаверса, аҳоли учун яхши шароитни яратишга ўз ҳиссасини қўшган бўлар эди. Ушбу савдо мажмуасидан чиқа туриб, “Тўлов терминалингизни ишлатишдан, назорат касса машинасига кирим қилишдан ва ширин сўз билан савдо қилишдан оғринманг, ҳурматли тадбиркор!” дея хайрлашдик. Нима ҳам дердик, ҳозирча мавжуд муаммоларга ечим топилишига умид қиламиз. Ахир ҳар бир оиланинг кам-кўстини битиргунча неча йиллар керак бўлиши аниқ-ку!

Ушбу муаммолар бир қарашда оддий туюлиши табиий. Лекин айни пайтда мамлакатимизда амалга оширилиётган ислоҳотлар, солиқ соҳасига киритилган янгиликлар ҳамда қабул қилинаётган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжатнинг замирида инсон манфаатлари, тадбиркорлик ривожи ўз аксини топган. Албатта, ушбу муаммолар тегишли ташкилотлар назоратидан четда қолмаслигига, аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган ҳақли эътирозлар тез кунларда ечим топади деган умиддамиз.

Азиз ўқувчи, тадбиркорга яратилган имкониятлар нотўғри талқин қилинаётган жараёнларни борлигича ўрганиб, бўрттирмасдан ёзишга ҳаракат қилдик, муаммолар ижроси тагишли ташкилотлардан, хулоса эса ўзингиздан…

Дилрабо КУРЯЗОВА,

Журналист

2019 йил 23 январь 7-сон

“Хоразм ҳақиқати” газетаси

Бошқа хабарлар