Қоғоздаги рақамлар учун эмас, аниқ режа ва мақсадлар билан ишлаш зарур

67

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда давлатимиз раҳбари раислигида 26 февраль куни хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилган топшириқлар ижроси ҳамда 5 март куни шу соҳага оид қабул қилинган Президент қарори ижросини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди ва тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ­бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиқов ­бошқарган йиғилишда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳамда Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов қатнашди.
Марказий студияда респуб­лика комиссияси аъзолари, ­тегишли вазирлик ва идоралар, туман ҳокимлари ва ўринбосарлари, касаба уюшмаси фаоллари, жами 1 750 нафарга яқин масъул иштирок этди.
– Шу йилнинг 26 февраль куни Президентимиз раислигида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласида ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамият ва оила устуни, ҳаётимиз файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди, – деди Қудратилла Рафиқов. – Президентимиз таъкидлаганидек, бу шунчаки кичкина мажлис, селектор эмас – бу йиллар давомида тўпланиб қолган оғир муаммолар ечими сари қўйилган муҳим қадамдир.
Республика комиссияси йиғилишида ҳеч бир эҳтиёжманд хотин-қиз эътибордан четда қолмаслигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди. Хусусан, тегишли мутасадди вазирлик, идора ва ҳокимликлар масъуллигида «Аёллар дафтари»га киритилган аёллар бандлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмак­лашиш, бандлик, томорқа, тадбиркорлик, кредитлар ажратиш каби йўналишларда манзилли режалар ишлаб чиқишда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Йиғилишда боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган аёлларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ­бўйича топшириқлар берилди. «Аёллар дафтари»га киритилган ҳар бир хотин-қизга қачон моддий ёрдам кўрсатилиши, нотурар жойларда истиқомат қилаётган хотин-қизларга ижара компенсацияси ажратиш ва яшаш шароитлари мавжуд уйларга кўчириш, тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлашда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар кўриб чиқилди.
Ушбу жараёнда дафтарга киритилган ҳар бир хотин-қизни тиббий кўрикдан ўтказиш, аниқланган касалликларни даволаш бўйича стационар ёки амбулатор ­шароитда мақсадли соғломлаштириш, тиббий кўрик натижаларига кўра, жарроҳлик амалиётига муҳтож хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш, ногиронлик белгилари аниқланган бемор аёлларни Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари кўригидан ўтказиш масалалари ҳам тилга олинди.
Бундан ташқари, психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизларга малакали психологик маслаҳатларни ташкил этиш, тегишли муддатда ушбу йўналишда ҳар бир туман ва шаҳар бўйича манзилли режалар ишлаб чиқиш ва ижрога қаратиш борасида ҳам мутасаддиларга йўналиш берилди.
Видеоселектор йиғилишида хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, «Аёллар дафтари»га кирган, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизларни ўқитиш, бизнес лойиҳаларини тақдим этиш, тадбиркорлигини йўлга қўйиш, кредитлар ажратиш бўйича секторлар ва «маҳаллабай» кесимида ҳар бир туман ва шаҳар режасини ишлаб чиқиш бўйича мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Комиссия йиғилишида ишчи гуруҳ аъзоларига қуруқ ҳисоботлар, қоғозда қоладиган рақамлар билан эмас, аниқ ва мақсадли режа асосида, аёлларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим, аниқ саволларга тайинли жавоб топиш кераклиги уқтирилди. «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга амалий ёрдамлар кўрсатиш ҳамда жойларда ишни тўғри ташкил этиш юзасидан ­масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўз йўналишлари бўйича атрофлича тушунтириш­лар бердилар. Республика комиссияси зиммасига юклатилган вазифалар ижросини мониторинг қилиб бориш учун комиссия аъзолари ҳам ҳудудларга бириктирилди.
Йиғилишда Республика комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида жамиятда ўз муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлган қатор фидойи инсонларни муносиб рағбатлантириш мақсад қилингани ҳам таъкидлаб ўтилди. Хусусан, 9168 нафар маҳалла раислари ўртасида ўтказиладиган «хонадонбай» ишлашда «Энг яхши маҳалла раи­си» танлови ҳамда 828 та сектор раҳбарлари ўртасида «маҳаллабай» ишлашда «Энг яхши сектор раҳбари» танлови, «Аёллар дафтари»га киритилган ҳамда ўз маҳалласидаги хотин-қизларни иш билан таъминлаган тадбиркор хотин-қизлар учун «Касаба уюшмалари лауреати» мукофоти, «Энг намунали аёл иш берувчи» танлови ўтказилиши айтиб ўтилди. Бундан ташқари, чекка ҳудудларда жойлашган 50 та туманнинг қишлоқ жойларида ва олис маҳаллаларида енгил конструкцияли «Аёллар гўзаллик салонлари» қуриб, тўлиқ жиҳозлаб берилиши қайд этилди. Ҳар бир «гўзаллик салони»да ўртача 4 тадан, жами 200 та иш ўрни яратилиши, ушбу масканларда фаолият юритадиган «Аёллар дафтари»га кирган хотин-қизлар дастлаб Тошкент шаҳрида ўқитилиб, малакаси оширилиши таъкидланди. Шу билан бирга, фарзандларини юртга садоқатли этиб тарбиялаб, вояга етказган ҳар бир вилоятдан 30 нафардан, жами 420 нафар ибратли ва матонатли ёлғиз аёллар касаба уюшмалари санаторийларида бепул соғломлаштирилади. Давлат раҳбарининг 6 мартдаги топшириқларига мувофиқ «Саховат» уйларидаги нуронийлар ҳар йили бир марта Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган рўйхат асосида энг яхши санаторийларда соғломлаштирилади. Хотин-қизларнинг муаммолари, дард-у ташвишларини бартараф этишда жонбозлик кўрсатган 30 та «Аёллар маслаҳат кенгашлари» моддий рағбатлантирилади.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»