Ҳавога совурилган миллиардлар

112

Сўнгги вақтларда Жиззах шаҳри, «Боғишамол» МФЙ, Тоғйўли кўчасида истиқомат қилувчилар бир-бири билан учрашиб қолса, фақат ичимлик суви ҳақида дардлашишади. Боиси, уларнинг энг катта муаммоси ҳам айнан мана шу сув.

Маҳалладаги қўшни кўчаларга маълум бир вақтда ичимлик суви берилади. Ўша вақтда ҳамма қўлига илинган идишни кўтариб, югургилаб қолади. Аммо афсуски, жўмракдан тушаётган сувни қизғонадиганлар, сув сўраб пақир кўтариб кирганларларни қовоқ уюб кутиб оладиганлар ҳам бор. Сувни деб айрим маҳалладош­лар сен-менга ҳам боришган ҳатто.

«Сув бор» хат эмас,сув керак

Муаммодан зада бўлган фуқаролар тегишли жойларга арз қилишган. Ёза-ёз, ниҳоят, 2019 йилда ўз мевасини берди. Мутасаддилар енг шимариб муаммо ечимига киришди. Тоғ­йўли кўчаси «Обод маҳалла» дастури асосида ичимлик суви билан таъминланадиган бўлди. «Elegant project» МЧЖ томонидан қиймати 1 миллиард 459 миллион 750 минг сўмлик ­лойиҳа сметаси ишлаб чиқилди. Хуллас, ишлар бошланиб кетди. Қудуқ ковланди, қувур тортилди. Аммо…
Қудуқдан аҳоли кутган сув чиқмади. Шу-шу бўлди-ю, бошланган хайрли иш чала қолди.


– Сув чиқмагани камдек, артезиан қудуқ атрофи очиқлигича турибди, – дейди Норбодом Абдусаломова. – Қудуққа тортилган электр сим ҳам очилиб ётибди. Невараларимни кўчага чиқаришга қўрқаман. Рўзғор катта, ёш болалар бор. Кунига икки-уч маротаба кир ювилади. Бир кунлик эҳтиёжимиз учун 80-100 литр сув керак. Ҳали у, ҳали бу кўчага сув излаб борамиз. Қачонгача шундай яшаймиз, ҳайронман. Қачонгача ­масъуллар «бажарамиз-бажарамиз», деб халқнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиради?
– Бир неча йилдан бери сув муаммоси бўйича Порталга мурожаат қилдик, вилоят, шаҳар «Халқ қабулхоналари», 4- сектор раҳбари, «Сувоқова» ДУК раҳбариятига ёздик, натижа йўқ. Келишади, бир қоғозни тўлдириб кетишади, суратга олишади. Шугина холос, – дейди маҳалла фаоли Ҳусан Орзиқулов. – Очиғи, одамга алам қиларкан, шундоқ ёнгинамиздаги кўчаларда сув бор, бизда эса йўқ. Шаҳар «Сув­оқова»дагилар лойиҳани биз қабул қилмаганмиз, дейди. Мутахассислар келишди, кўришди. Ярим соат ичида битта хонадонга етадиган сув чиқди. Масъулларга мурожаат қилсанг, тутуруқсиз жавоб беришади. Бизга «суви бор» хатлар эмас, сув керак.

Кўчадагилар сувсиз қолиб кетмас…

Муаммонинг сабабини ўрганиш мақсадида «Жиззах сув таъминот» МЧЖда бўлдик. Аввалига у ердаги мутасаддилардан жавоб топишимиз қийин кечди. Корхона раҳбарининг қурилиш бўйича ўринбосари Жўрабек Ҳотамов муаммо бартараф этилишини айтди. Энг қизиғи, ўринбосарнинг «Нима бўпти, бутун бошли «Боғишамол» маҳалласида сув йўқ эмас-ку, битта кўчанинг муаммосини ечамиз, улар сувсиз қолиб кетмас» деган жавобидан ажабландик. Наҳотки, вилоятдаги сув таъминотига масъул раҳбарнинг жавоби шу бўлса? Ахир, давлатимиз раҳбари тегишли вазирликлардан тортиб, қуйи бўғинлардаги мутасаддилардан ҳам хонадонма-хонадон юриб, ҳар бир маҳалладаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишни талаб қилмоқда-ку…
Лойиҳанинг ишга тушганига бир йилдан ошса-да, ҳамон муаммога ечим топилмаяпти. Ё биз билмайдиган яна бошқа сабаблар бормикан?..

Ҳужжат сохтами?

Энди икки оғиз қурилиш ҳақида. Энг қизиғи, лойиҳанинг буюртмачиси ҳам, қурувчиси ҳам, қабул қилувчиси ҳам битта – Жиззах «Сувоқава» ДУК корхонаси. Чамаси, Жиззахдаги қурилишларда буюртмачи ҳам, пудратчи ҳам бир ташкилот бўлиш анъана тусини олган кўринади. Хабарингиз бор, Жиззахда қулаган уй ҳам битта қурилиш фирмаси томонидан ҳам буюртма қилинган, ҳам қурилган эди.
Бизни ажаблантирган яна бир нарса шу бўлдики, лойиҳанинг комиссия хулосасида маҳалла раисининг на муҳри бор, на имзоси. Бу ҳали ҳолва экан, давлат қабул қилиш комиссияси хулосасида «Боғишамол» маҳалласининг муҳри эмас, «Капитал строй сервис» МЧЖ муҳри қўйилган. Аҳолининг таъкидлашича, сув қурилиш ишларини ушбу «фирма» бажарган. Афсус­ки, фирма ҳақида бирорта маълумот ололмадик.

Саволлар кўп, жавоб эса…

«Жиззах сувтаъминот» МЧЖ Жиззах шаҳар филиали раҳбари Дилшод Ибрагимов ҳамда бош муҳандис Бобур Раҳмонқулов лойиҳанинг 2019 йил 30 декабрда қабул қилганидан бехабар экан. Филиал раҳбари ва муҳандиснинг иш бошлаганига кўп вақт бўлмабди. Бизнинг мурожаатимиздан сўнг иккаласи ҳам ушбу муаммо билан қизиқиб қолишди. Хўп майли, айрим мутахассисларнинг сўзларига кўра, ушбу ­лойиҳа тўлиқ ишга тушди ҳам дейлик, унда бир йилдан зиёд вақт давомида кўчадаги истеъмолчилардан қанча ­маблағ йиғилди? Қанча истеъмолчи бор? Ўтган давр мобайнида аҳолига қанча сув сотилди?
Саволлар кўп. Фақат жавоб берадиган мард йўқ.

Соқиевни кўрганлар борми?

Қурилишнинг сифатли бажарилишини мониторинг қилиб боришга «Сув таъминоти ва оқова сув объект­ларини қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси масъул бўлган. Муаммоли масала бўйича бошқарма бошлиғи Мираҳмад Қоратоевга мурожаат қилдик. Бироқ раҳбар саволларимизга назоратчи Учқун Соқиев маҳалла аҳли олдида жавоб беришини айтди. Назоратчи эса эртага интервью беришини айтганча жуфтакни ростлаб қолди. Эртаси куни қўнғироқ қилганимизда ишхонада тафтишчилар борлигини, чиқолмаслигини, индинига бир масала юзасидан бошқа жойдалигини айтиб, гўшакни қўйиб қўяверди. Бир ҳафта давомида қўнғироқларимизга жавоб бериб турган Соқиев кейинчалик буни ҳам кўп кўрди. Шундан буён Соқиевни излаймиз.
Хуллас, давлат ғазнасидан ажратилаётган миллиардлаб маблағлар аҳоли фаровонлиги учун йўналтирилмаётганга ўхшайди. Акс ҳолда, Тоғ­йўли кўчаси аҳли амалдор акаларнинг эшиги олдида шикоят хати кўтариб, сарғайиб турмас эди. Балки, мутасаддилар бу ҳолатга бирор изоҳ берар!..

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»