Қийшиқ деворга урилган бош

71

ёхуд қурилиш соҳасидаги ғирромлик қачон барҳам топади?

Бунёдкорликлардан ҳар қанча қувонмайлик, ташвиш­лантираётган жиҳатлар ҳам, афсуски, йўқ эмас. Қарийб икки йилдирки, Самарқанддаги асосий мавзу шу бўлиб келаётгани ҳам буни тасдиқлаб турибди. Биргина ўтган йилнинг ўзида қурилишга оид ҳужжатларни расмийлаштиришда ҳамда қатор қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани оқибатида вилоятда 250 та объектнинг қурилиш ишлари тўхтатилгани ҳақидаги хабар тарқалди.

Билишимизча, вилоят қурилиш назорат инспекцияси томонидан 2020 йил давомида бунёд этилаётган объектларда 2733 маротаба ўрганиш ва текширишлар ўтказилган. Ўз-­ўзидан савол туғилади: хўш, бу ҳаракатлар бино ва иншоотларда бажарилаётган ишлар мукаммаллигини таъминлаяптими? Янги биноларнинг бар­дош­­лилик даражаси, сифатидан кўнгилни хотиржам қилса бўладими?
– Айрим ҳудудларда юз берган кўнгилсиз воқеалар одамларда ташвиш уйғотгани бор гап, – дейди Самарқанд вилояти қурилиш назорат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Сувонқулов. – Бу барчани ­ҳушёрликка ундаши табиий. Айнан шунинг учун ҳам мутахассисларимиз барпо этилаётган ҳар бир бинони қуриш жараёнини тинимсиз кузатиб, иш сифатига баҳо бериб келмоқда. Аммо баъзи пудратчи ташкилотлар кўрсатилган нуқсонларни бартараф этишдан ўзларини турли йўллар билан олиб қочишга интилаётгани кишини ҳайратга солади. Энг ташвишланарлиси, қурилиш ишларига ўзбошимчалик билан қўл урилаётганидир.
Инспекция аралашуви билан 454 та пудратчи, 126 та буюртмачи, 13 та лойиҳалаш ташкилоти томонидан йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилди. Шаҳарсозлик тамойилларини ­бузган 13 та буюртмачи-­пудратчи корхонанинг мансабдор шахслари устидан маъмурий жавобгарликка дахлдор ҳужжатлар судларга тақдим этилди. Аммо «чумчуқдан қўрққан тариқ экмас», қабилида беписандларча иш тутаётганлар бор. Масалан, «Лочин чемпион» масъулияти чекланган жамияти Самарқанд шаҳрида ўзига тегишли ҳудудда ҳужжатларни расмийлаштирмасдан кўп қаватли уй қурилишини бошлаб юборган. Тартибга риоя этмасликнинг оқибати маълум. Мазкур кўп қаватли уй қурилиши бугунги кунда тўхтатиб қўйил­­ди. Катта ишга «енг» шимарган тадбиркорларга хатосини англаб олиш осон кечмаётир.
Яна шундай тушунарсиз ҳолат Самарқанд туманида яшовчи фуқаро билан рўй бермоқда. Ҳеч кимдан сўрамасдан, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ўз ҳовлисидан кўп қаватли меҳмонхона қуриб олган фуқаро бугун адолат истаб турли идора эшикларини «чертмоқда». Ваҳоланки, у белгиланган тартибга риоя этганида бу ҳолатга тушмас эди. Қурилишнинг ўз меъёри ва тартиби бор, ахир.
Энди қурилиш сифатига путур етаётган яна бир омил хусусида ­фикрлашиб олсак. Эътироф этилганидек, аксар объектларда малакали кадрларга эҳтиёж сезилмоқда. «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар», деганларидек кўтарилаётган деворлар мактаб кўрмаган ғишт терувчилар «ижоди маҳсули» эканлигига қачонгача кўз юмиб яшаш мумкин?
Бунга мисоллар кўп. Самарқанддаги «Азимжон қурилиш барака» МЧЖ ва нурободлик ёлланма ишчилар воқеасини ёдга олайлик-а. Иш берувчи бир гуруҳ ишчиларга меҳнат ҳақини бермасдан келган. Бунга сабаб қилиб ишчиларнинг кўп қаватли уйни хоналарга бўлишдаги сифатсиз иши рўкач қилинган. Ҳам ишлаб, ҳам қуруқ қўл билан қолган МЧЖ ёлланма ходимлари қай кўйга тушмади, дейсиз. Охирида ижтимоий тармоқларга қилинган мурожаат орқали муаммо барҳам топди. Иш берувчи мажбуриятини бажарди, ходимлар ҳақини олди. Демак, адолат қарор топ­­ди. Аммо… Энди бир ўйлаб кўринг. Ўша 9 қаватли уйдаги, шу қинғир-қийшиқ девор ичида кимдир яшаши керак-ку. Минг азобда пул тўлаб, пешонасини қийшиқ деворга урадими? Шу хонадонга соҳиб бўлувчи инсон манфаатини ҳам кимдир ўйлайдими, йўқми?
Тан олиш керакки, аксар қурилиш ташкилотлари «Азимжон қурилиш барака» МЧЖ каби қурувчиларни рисоладагидек ҳужжатлаштирмасдан «конвертда» пул бериб ишлатиш пайида бўлишади. Бунинг устун жиҳатлари ҳам бор-да. Бу «хўжайин» хоҳлаган пайтда ходимни қувиб солиши, кўчани кўрсатиши мумкин, дегани.
– Касаба уюшмаларига аъзо бўлган қурилиш ташкилотларининг барчасида белгиланган тартиб ва меъёрларга риоя этиб келинмоқда, – дейди Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти бирлашган қўмитаси раиси Сирожиддин Иззатуллаев. – Аммо бир қатор қурилиш корхоналари ҳамкорлик ўрнатиш ҳақидаги таклифларни ­эътиборсиз қолдирмоқда. Юқоридаги ташкилот ҳам бизга аъзо эмас.
«Арзоннинг шўрваси татимас», деганларидек «Азимжон қурилиш барака» МЧЖга ҳам меҳнат қонунларидан чекиниш обрў келтирмади. Ходимлар билан низоли вазиятдан сўнг вилоят қурилиш назорат инспекцияси кўп қаватли уйдаги ишлар сифатини назоратдан ўтказди. Эшитдикки, эндиликда сифатсиз терилган деворларни бузиш ҳақида кўрсатма берилган эмиш.
Айтмоқчи бўлганимиз шуки, бунёдкорлик соҳасига ғирромлик ёт бўлмоғи даркор.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»