Шифокорга шароит борми?

13

Хавфсиз ва гигиена талабларига мос иш ўрни яратиш ўта муҳим мажбуриятлардан бири ҳисобланади. Бу талаблар ижроси иш ўринларини аттестациядан ўтказиш орқали таъминланади. Ҳукуматимиз томонидан иш берувчилар зиммасига иш ўринларини шаҳодатдан (аттестация) ўтказиш мажбурияти юкланган бўлса-да, таассуфки, бу масалага панжа орасидан қараётганлар ҳам йўқ эмас.

– Вазирлар Маҳкамасининг «Иш ўринлари, меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низоми ижросини таъминлаш барча иш берувчилар, корхона, муассаса ва ташкилотлар учун мажбурийдир, – дейди Ўз КУФК меҳнат инспекциясининг вилояти бўйича меҳнат ­инспектори Усмон Каримов. – Аммо бу муҳим тадбирга эътиборсизлик билан қарашҳ, лоқайд муносабат ҳамон барҳам топмаяпти. Айниқса, таълим ва тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётганлар иш шароитининг кафолатланмаётганлиги ачинарлидир.

Оқдарё, Қўшработ, Пахтачи туманлари тиббиёт бирлашмаларида шу чоққача меҳнат ­шароитлари, асбоб-ускуналарнинг хавфсизлиги шаҳодатдан ўтказилмаган. Ана шу жараёнга эътиборлироқ бўлишга чақирган касаба уюшмаларининг мурожаатлари эътиборсиз қолмоқда. Оддий бир мисол, Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмаси бошланғич касаба уюшма ташкилоти ташаббусини ТТБ раҳбари қўллаб-қувватлаб турган бир ­пайтда, қарангки, бу масалада «бош иқтисодчи» қаршилигига дуч келинаётир. Айнан шу туманда соҳа ходимларининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ кўнгилсизликка дуч келинганлиги унутилиб қўйилмоқда, чоғи.
Кейинги уч-тўрт йилда Самарқандда тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётганлар ўртасида ҳам бир қатор бахтсиз воқеа­лар ҳисобга олинди. 2018 йилда Жомбой тумани ТТБ фельдшери Несибали Ҳотамова, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали шифокори Зоҳид Ғаниев иш жараёнида кўнгилсизликка учради. 2019 йилда Пахтачи тумани ТБ ходимлари Икром Аҳмедов, Одил Дониев ва Элбек Узоқов бахтсиз тасодифдан азият чекишди. Ўтган йилда эса Булунғур туман ТБ шифокори Зулфия Қорабоева ҳаёт учун хавф туғдирадиган бахтсиз ҳодисага учради.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, соҳада меҳнатни муҳофазалаш, хавфсиз, кафолатланган иш шароити яратиш борасидаги ишлар бугунги талаблардан ортда қолмоқда. Ана шундай бир шароитда, баъзи туман ва хусусий тиббиёт муассасалари мутасаддиларининг хавфсиз меҳнат шароити яратилишидан кўз юмаётганлиги ўринлимикан?!
Халқимизнинг «кўза кунда эмас, кунида синади», деган гапи бор. Лоқайдлик эса кўнгилсизлик «доя»си саналади. Шундай экан, инсонлар саломатлиги йўлида жон куйдираётган касб эгалари ҳар жиҳатдан хавфсиз, кафолатланган иш ўринларига эга бўлсин.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch»