Қуруқсой туристик қишлоққа айланадими?

17

Тарихчи олимлар Чироқчи туманидаги Қуруқсой қишлоғида жойлашган Сийпонтош масканини ўрганишганда, қизил ранг билан бўялган тасвирлар туширилган қояларга дуч келишди. Расмлар сюжети ибтидоий санъатнинг Марказий Осиёда маълум бўлган, ёввойи ҳайвон ови саҳнаси тасвирланган икки ёдгорлиги – Зараутсой ҳамда Шахта ғоридан геометрик хусусиятига кўра фарқланади. Бироқ бу шунчаки амалий хусусиятга эга бўлган нақшлар эмас. Унда қуёшнинг доира шаклидаги тасвири, ўқсимон тасвирлар, ромблар занжири ёки чизиқчалар қаторларидан иборат суратлар бор. Шундай қаторлардан бирида 28 ёки 29 та чизиқча бўлиб, у қамарий ой кунларига мувофиқ келади. Демак, ўша вақтларда ҳам аждодларимиз ой кунларининг, ойларнинг йил давомида шу тариқа алмашиб келишини ҳисоблай олишган. Яъни, бир неча минг йиллар олдин ҳам муайян тақвимдан фойдаланишган.

Фаразларга кўра, Марказий ­Осиёдаги тош асри одамларининг коинот таркиби ва вақт тўғрисидаги тасаввурлари акс этган – Сийпонтош ибодатхонасининг ёши 10-5 минг йил оралиғида.
– Эътиборли томони, Сийпонтошдаги топилмаларнинг аксарияти уч оёқли тош­лардир, – дейди Қуруқсой ­қишлоғида яшовчи Ҳамро бобо Сиддиқов. – Бу ерга келган тарихчи олимларнинг бири «Сийпонтош – уч оёқли тош маъносини беради», деб айтган. Ҳақиқатан, эътибор берилса, улкан-улкан тош­ларнинг барчаси уч жойидан ерга тегиб туради. Шунингдек, бу ерда тош тандир бўлиб, унда аждодларимиз нон ёпишган. Ноннинг излари ҳам бор. Улкан ­тошлар ўша ­даврларда одамларга бошпана бўлган кўринади. Масалан, ёзнинг жазирамасида бу ерга келсангиз, тошлар тагида 20-22 даража салқин иқлимга гувоҳ бўласиз. Яна тошлар устида сийпанадиган жой бор. Бир сийпансангиз, яъни тош устида тойсангиз, руҳингиз енгил тортади, ҳузурланасиз. Тарихий аҳамиятга молик бу жойлар туристик харитага кирган ва чет эллик сайёҳлар қишлоғимизга келиб туришади. Фақат пандемия туфайли ўтган йили меҳмонларнинг қадами узилгандек бўлди.
– Юртимизда ички ва ташқи туризмни ривож­лантиришга катта эътибор берилмоқда. Қуруқсойни туризм ­қишлоғига айлантириб, аввало, ҳамюртларимизни, шунингдек, чет эллик меҳмонларнинг Сийпонтош­­га ташрифини кўпайтирса бўлмайдими, – сўраймиз отахондан.
– Қишлоғимизда Сийпонтош тарихий ­тошбитиклар масканидан ташқари, Тешиктош-Бешиктош, Сафил ота археологик ёдгорлиги, ёши бир ярим минг йилдан ошган чинор, Турк қўрғони, Отбозор, Келинчактош деган кишини ҳайратга соладиган гўзал ва мўъжизакор жойлар борки, ҳеч бир сайёҳ асло Қуруқсойда ўтказган вақтига ачинмайди. Бундан ташқари, ҳудуддаги 59-ўрта мактабда «Сийпонтош ота музейи» ташкил этилган бўлиб, унда 2000 дан зиёд экспонат мужассам. Нега энди у туристик қишлоқ бўлмаслиги, унга сайёҳларнинг муттасил ташрифи йўлга қўйилмаслиги керак? Фақат бунинг учун тегиш­ли шарт-шароитларни муҳайё қилишга тўғри келади!
Турли йилларда Сийпонтош масканини туристик минтақага айлантириш, тарихий ­масканларни обод этиш, муҳофазага олиш, сайёҳлар учун зарур бўладиган инфратузилмани яратиш ҳақида ҳукумат қарорлари ҳам чиққан. Мазкур масаланинг ижобий ечим топишида ёрдам сўраб, юқори ташкилотларга кўп бор мурожаат қилдик. Бир мурожаатга 2017 йил 11 январь санасида Вазирлар Маҳкамасидан жавоб ҳам келди. Унда мурожаатим кўриб чиқиш учун Қашқадарё вилояти ҳокимлигига жўнатилгани билдирилганди. 2017 йил 24-25 февраль кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи чоғида ечимини кутаётган кўп­лаб масалалар қатори туризм салоҳиятини ошириш бўйича ҳам қатор кўрсатмалар берган эди. Демак, бизнинг талаб ва илтимосларимиз, Қуруқсой қишлоғини туристик минтақага айлантириш бўйича таклифларимиз асло ҳавойи гап­лар эмас. Модомики, туризм­ни ривожлантириш – давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, умидларимиз яна куртаклайди.
– Хабарингиз бўлса, Қашқадарёда туризмга масъул ташкилот янгидан тузилди. Балки ушбу омиллар Сийпонтош масканига бўлган муносабатни ижобий томонга ўзгартирар, – деди отахон Сийпонтош­даги мавжуд ҳолатга ишора қилиб…
Нима ҳам дердик?.. Кўтарилган масала ижобий якун топишига ишонгимиз келяпти.

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»