Сиз қачон туғилгансиз?

40

Ғалати савол. Лекин бунинг замирида кўпчиликнинг хаёлига келмайдиган катта мазмун мужассам.

Ота-оналар фарзандига исм танлаганларида ниҳоятда эҳтиёткор ва ҳушёр бўлмоқликлари лозим. Ахир, танланган исм ўз эгасини айнан шу йўлга ­бошлайди-да! Асл мақсадга келсак, қачон туғилгансиз-у сизга қандай ном танлаганлар? Агар исм ўзингизга маъқул тушса, умр бўйи миннатдор юрасиз. Акси бўлса-чи… Ўз исмидан мудом кўнгли тўлмай юрадиганлар ёки ҳатто овораи сарсон бўлиб номини ўзгартириб олганлар қанчадан-қанча! Шу ўринда битта мисол. Бир ташкилот раҳбарига хат орқали мурожаат этишга тўғри келди. Қабулхона эшигига «Тиляпов» деб ёзилган экан. Бу инсонни ота-онаси Худойи Таолодан тилаб олган бўлса керак, деган хаёлда аризага«Тилабов» деб тўғрилаб ёзиб кирдик. «Давлат паспортидаги номни ўзгартиришга қандай ҳаддингиз сиғди?», деди у жаноб аризани қайтариб…
Дарвоқе, бизнинг ўтмишдаги давримизда ажойиб ва ғаройиб воқеалар шунчалар кўп бўлганки, қай бирини айтай? «О» ни «а» га, «а» ни «я» га, «я» ни «ю» га айлантириб ёзишлар!.. Бу ҳам майли-я, болага ойлаб, ҳатто йиллаб кечиктириб ҳужжат олишлардаги беписандликларга нима дейсиз?! ­Бошқаларни қўя туриб, ўзим гувоҳ бўлган воқеалардан бир шингилини айтиб ўта қолай.
Қирқ биринчи йилнинг даҳшатли ва серташвиш кунларидан бирида дунёга келган эканман! Отам ҳужжат олиш учун тегишли идорага борса, мудир «яхши» маслаҳат берибди: «Аввал бола яхшилаб оёққа туриб олсин, кейин ҳужжат олиш қочиб кетмас!.. Буёқда уруш ­бошланай деб турган бўлса…». Ичидан зил кетган отамиз ҳужжат ололмасдан қайтибди ва кўп ўтмай урушга жўнабди…
Урушдан бир оёғидан айрилиб яримжон ҳолда қайтган падари бузрукворим ўзаро суҳбатлар чоғида айтиб қолардилар: «Уруш бошланганда роппа-роса бир ойлик чақалоқ эдинг, ўғлим. Ташвишлар билан бўлиб, икки ой кейин ҳужжат олиб берганман…»
Қодир Оллоҳ инояти билан саксонга киряпман. Иккинчи томондан, янги Ўзбекистон фуқароларини рўйхатга олиш ишлари режалаштирилмоқда. Қалбимда армон бўлиб ётган ширин орзу шу баҳонада яна уйғонди! Асл туғилган куним – 1941 йил 22 майни қайта тиклаб олсам-чи? Шундай қилсам, бу оламдан армонда ўтиб кетган отагинамнинг руҳи поклари ҳам шод бўлармиди. Қолаверса, ­мустақил давлатимизда аҳолини қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнида мен ҳам шу юртнинг фуқароси сифатида ҳақиқий туғилган санам билан тўғри рўйхатга олинармидим?… Қалбимнинг туб-тубида ётган орзуим ушалсин, дейман-да.

Асад АСИЛОВ