Оёқ остидаги остодонлар улар нега мозий қўриқчилари эътиборидан четда қолмоқда?

23

Бўзатов тумани ҳудудидаги Қусхана тепалигидаги милодий VI-VIII асрларга тегиш­ли, яъни зардуштийлик маданиятига оид остодонлар (оссуарийлар) оёқости бўлмоқда. Одамлар у ердаги бир ярим минг йилдан буён ётган оссуарийларни қазиб олиб кетяпти, синдириб ҳар томонга сочиб ташламоқда. Боз устига, маҳаллий аҳоли ушбу тепаликда мол боқади, бу эса қадимий эсдаликларнинг нобуд бўлишига олиб келмоқда.

Қусхана тепалигидаги ушбу оссуарийларни ўтган асрнинг 20 йилларида оренбурглик ўлкашунос Л.С.Мелков раҳбарлигидаги экспедиция топган. Алебастрдан ишланган икки дона остодоннинг биттаси Оренбург­­га, иккинчиси Ленинграддаги «Русский музей»га олиб кетилган. 1935 йилда мазкур жойга келган машҳур тарихчи ­П.П.Иванов ҳам икки дона оссуарийни Эрмитажга олиб кетади. ­Кейинчалик 1956 йилда уларни рус археологи Ю.А.Рапопорт тадқиқ қилади ва милодий VI-VIII асрларга тегишли экани тасдиқланади.
Тарихчи олим Мақсет Қарлибаевнинг айтишича, маҳаллий аҳоли бу жойни азалдан билган ва у ерда ер устига чиқиб ётган остодонларни қазиб олиб, синдириб, ичидан олтин қидирган, лекин уларда одам суягидан бошқа ҳеч нарса йўқ. Бир ярим минг йилдан буён туп­роқ остида ётган оссуарийлар қўл теккан заҳоти уваланиб кетади. Шу боис, уларни қазиб олиш фақат археолог­ларнинг иши бўлиши керак.
Бу жойни маҳаллий аҳоли «Капир аулие» («Кофирлар қабристони») деб атаган. Гап шундаки, зардуштийликда одам вафот этгач, ерга кўммай, дастлаб суягини этидан ажратиб, яъни жасаднинг этини қушларга едириб, тозалангандан сўнг алебастрдан ишланган қутига солиб, ернинг устига қўйган. Оссуарийнинг тўртта оёғи бўлган. Зардуштийлик динига кўра, ер муқаддас ҳисобланган. Унга ўлган одамнинг, ҳаттоки суягини ҳам теккизмаслик учун тўрт оёқли остодонга солиб, ер устига қўйишган.
Олимларнинг таъкидлашича, Қусхана тепалигидаги оссуарийлар 6,5-7 гектар майдонда жойлашган. Тепаликда ҳар қадамда уларга дуч келиш мумкин. Кўпинча саксовул ўсимликларининг тубидан топилади.
Бу гапларни айтмоқдан муддаомиз шуки, оёқ остидаги остодонларни сақлаб қолиш бўйича шу пайтгача ҳеч қанақа тадбир кўрилмаяпти. Мутахассислар қадимий эсдалик­ларни сақлаб қолиш учун у ерни қўрғон билан ўраб қўйишни тавсия қилишмоқда. Акс ҳолда, бир ярим минг йиллик ёдгорлик­лар ҳадемай йўқ бўлиб кетиши мумкин.
Бунга мутасаддилар нима дер экан?

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»