Бешариққа бегона қишлоқ

33

«Абдувай» маҳалласидаги Янгиқиш­лоқ Бешариқ тумани марказидан 17 километр олисда жойлашган. Бугун қишлоқ аҳли муаммолар гирдобида яшамоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Гап шундаки, 21 йил давомида табиий газдан баҳра олиб келган қишлоқ аҳли 2018 йилга келиб, табиий газ тармоғидан узиб қўйилди. Эмишки, «Абдувай» МФЙ табиий газ таъминоти учун қониқарсиз ҳудуд экан. Ваҳоланки, маҳалладан нари борса 700 метр узоқликда катта газ тақсимлаш иншооти бор. Қизиғи, айнан шу газ тақсимлаш иншоотидан «Абдувай» маҳалласига қўшни Қашқар, Янгиқўрғон ­қишлоқларига газ етказиб берилади.
Қишлоқ аҳли бу муаммони кўтариб бормаган, ёзмаган ташкилотлари қолмади ҳисоб.
– Газимизни улаб беринг, деб идорама-идора роса югурдик, – дейди София Кўчимова. – Лекин ҳеч бир мутасадди жон куйдиргани йўқ. Тўғри, суюлтирилган газ етказиб берилади. Лекин бу газ баллонда уйни иситиб бўлмайди-да! Газ йўқлигидан мева бераётган ўрик дарахтимизни ёқиб, базўр қишдан чиқиб олдик.
Янгиқишлоқликлар фақат табиий газ ­муаммосидан эмас, тоза ичимлик суви йўқлигидан ҳам азият чекмоқда. Бундан икки йил олдин кўчаларга сув тармоқлари тортилган бўлса-да, лекин ундан бир томчи ҳам оби ҳаёт оққан эмас. Кўча бўйларига ўрнатилган водопровод жўмраклари эса худди кўргазмага ўрнатилгандай. Қишлоқ аҳли қишин-ёзин 2-3 километр узоқликдан сув ташиб келиб ичади. Айрим пайтлари эса иложсизликдан ёнларидан оқиб ўтадиган катта Фарғона каналининг сувидан ичишга мажбур бўлишади.
Маҳалла аҳли билан суҳбат асноси билдикки, тоза ичимлик суви, табиий газ муаммосидан ташқари томорқа ерларини суғориш ҳам жуда қийин экан. Маҳалла аҳлининг таъкидлашича, октябрь ойидан бери ариққа сув келмабди. Шу боис, томорқада деҳқончилик қилиш анчайин мушкул.
Ўз-ўзидан савол туғилади: аҳоли муаммоларини ҳал қилишга депутатлар, туман мутасаддилари нега жим қараб туришибди? Бугун маҳаллама-маҳалла юрган масъуллар Янгиқишлоққа ҳам қадам ранжида қилармикан? Уларнинг муаммоларини эшитиб, дардларига қулоқ тутармикан?
Хуллас, қишлоқдаги муаммоларни ҳал қилиш мутасаддиларнинг ташаббус ва ғайратига боғлиқ. Биз эса, албатта, бу мавзуга яна қайтамиз…

Жамшид ЭРГАШЕВ