Танқид сараламоқдир, болталамоқ эмас

52

ёхуд адабиёт бўстонига нима кўтариб кирмоқдасиз?

Таҳририятдан: Газетамизнинг 11 март кунги сонида Алижон Абдураҳмонов муаллифлигидаги «Шеърият «шерлари»нинг шеърлари» номли мақола берилган эди. Унда Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова қаламига мансуб «Сўз устидаги дунё» китобидан жой олган бир қатор шеърлар таҳлил қилинган. Шуниси эътиборлики, мақола анчайин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди. Кимдир муаллиф тараф, яна кимдир эса унга мутлақо қарши чиқди. Газета – кўпнинг минбари, мавзу атрофида турлича қарашлар бўлиши эса табиий бир ҳолдир.
Шу маънода таҳририятга келган кўплаб хатлар, билдирилган оғзаки мурожаатлар, ижтимоий тармоқлардаги турлича ёндашувлар – яъни мақолага муносабатлар орасида ушбу мақоланинг қарашларига ракурсни бутунлай бошқа ўриндан тўғрилай олган адабиётшунос олима, «Ishonch» газетасининг ходими(ҳозир докторлик иши билан меҳнат таътилида) Муҳайё ­Йўлдошевадан келган мақолани эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. Мақсадимиз холислик нуқтасини топиш. Ўйлаймизки, мақола айнан ушбу муддаога хизмат қилади.

Адабиёт – инсон ичидан чиққан ягона фан. Фақат угина инсон қалби билан ишлайди, уни тафтиш этади, безовталантиради, тинчлантиради, юпатади, жунбушга келтиради. Шу боис, адабиёт муҳиблари соҳа танламайди – уни кўнгли бор одамларнинг бари яхши кўради. Ҳар кимнинг шу туфайли севиб такрорлаб юрадиган икки қатор бўлса-да шеъри бор, қайта-қайта ўқийдиган «рўмони» мавжуд.

Айни ушбу омиллар туфайли ўзининг ўткир мақолалари, долзарб битиклари билан жамият эътирофига сазовор бўлган «Ishonch» газетасида «Шеърият «шерлари»нинг «шеър»лари… ёхуд шу номдаги туркум мақолаларнинг биринчиси…» номи остида қилинган чиқиш мени ажаблантирмади. Бу адабиёт тарғиботига хизмат қилиш истаги эди, менимча…
Аммо мен бир адабиёт мухлиси ва ўқирман сифатида муаллифнинг қарашларига қўшилолмадим. Бунга менинг ҳам ҳаққим бор деб ҳисоблайман.
Мақола «Шеър нима? Шеърият-чи?» саволлари билан бошланган. Бу саволларга охирги, қатъий жавоб йўқ. Ҳар бир ижодкор, адабиётчи ёки ўқирман ўзининг бадиий диди, дунёқараши, ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб жавоб беради. Ва уларнинг ҳар бири ҳақиқатдир. Менинг ўзим шеърни махсус нутқ шакли, энг яхши тартибда жойлаштирилган энг яхши сўзлар йиғиндиси, деб ҳисоблайман. Мақолада Ўзбекистон халқ шоираси Энахон Сиддиқованинг «Сўз устидаги дунё» тўпламидаги шеърлар таҳлилга тортилган. Ва муаллиф Алижон Абдураҳмонов бу мутолаадан сўнг туғилган айрим фикр-мулоҳазаларини қоғозга туширишга қарор қилган.
Бу фикр-мулоҳазалар билан танишган сари ҳайратим ошиб бораверди: «Наҳот, шеърни шунчалик содда талқин этиш мумкин?»
Масалан, муаллиф «Назмда ҳам, насрда ҳам киприкка кўпдан-кўп гўзал таърифлар берилган. Аммо киприкнинг уйқусираши… Қойил-е, уйқуни «қочирадиган» ажойиб «топилма» бўпти» тарзида «тушунган» «Уйқу элтган киприкни» сатрини олайлик. Бу сатр «Етим қиз» деган бутун, яхлит, қуйма ва гўзал шеърдан юлқиб олинган:
Онали уй томида
Ой ҳам тўлин чиқаркан.
Ўгайнинг мўрисидан
Аччиқ тутун чиқаркан.
Онасиз ҳаётнинг аччиқ бодомдай тахир таъмини шундай тоттирувчи мисралар.
Ўгайнинг оти қурсин,
Нақлдир элдан қолган.
Тилидан заҳар сочса
Илон ҳам инда қолган.
Мунғайгандан мунғаяр
Юраклари эзилиб.
Кўзларида хўрликлар
Тураверар тизилиб.
Шу тариқа Энахон Сиддиқова ўқирманни онасиз қизалоқнинг аччиқ ҳаётига, чуқур изтироб­ларига олиб кираверади, мудҳиш манзаралари билан таништираверади. Ва ниҳоят, Алижон Абдураҳмоновни «қойил» қолдирган топилмага ҳам етиб келамиз:
Уйқу элтган киприкни
Очолмайди қабоғи.
– Ухлайсанми шум етим,
Ювмай идиш-тавоқни?!
Бу ердаги ўгайлик, ҳақсизлик, ичга ютилган фарёд, қўрқув, онани қўмсаш, адоқсиз мунг ва кишини титратадиган хўрлик каби туйғуларни четга суриб қўйиб таҳлил қилганда ҳам сўзлар ҳосил қилган манзара чиройли. Ҳар қандай инсон организмига хос бўлган табиий ҳолат чиройли кўрсатилган. Киши уйқуга кетишидан олдин кўз «кетиб», яъни киприк пирпираб, кўзлар юмилиб бошлайди. Киприкнинг тез-тез қоқилиши – уйқу тортаётганининг илк белгисини Энахон Сиддиқова «уйқу элтган» тарзида ­тасвирлаган. Чиндан кўз уйқуга кетиши учун киприкни ҳам элтган бўлиши керак. Бундай аччиқ изтироб, бутун дард ичидан Алижон Абдураҳмоновнинг бундай ёндашувни топа олгани ҳайратланарли аслида.
Муаллиф яна ўқирманларни «ҳайратлантириш»да давом этади: «Бу фоний дунёнинг синовлари, ситамлари кўп. Шоира ўз тўртликларида бу дунёдан «тукинг…» дея ёзғиради. Очиғи, тез-тез ­такрорланадиган «тук»ларни ўқиб, битта ҳам «туким тўкилмади». Алижон Абдураҳмоновни таъсирлантирмаган сатрлар билан танишамиз:
Келдим… қилт этмади зил юкинг, дунё,
Кетсам… тўкилмагай бир тукинг, дунё.
Мен ёш тўккан, бош урган дунё
Битта тукин тўкмас барибир.
Ҳар бир одам алоҳида олам. Бир одамнинг ­дунёга келиши, унда ўзининг адоғи йўқ ташвишлари билан яшаши шоира учун шунчаки воқеа эмас. У мисқолдай зарранинг хам улкан оламда ўз ўрни борлигига ишонади. Яратиқларнинг олийси бўлмиш инсоннинг-ку хусусан. Аммо ўтаётган йиллар, содир бўлаётган воқеалар, қўйилган қадамлар-у улар олиб келган натижалар ва балки ишонганларнинг ишонч­ни оқламагани шоира янглишганини кўрсатади. Инсоннинг туганмас югур-югурлари, чиранишлари, жонини койитиб ишлашлари аслида абас экани, дунёнинг бирор камини тўлдирмаслигини «кичик бошимда катта ўйлар билан юрдим, ўзимча дунёни мен ушлаб тургандай шахтландим, аммо дунё учун менинг келганим ҳам, кетганим ҳам сезилмади» дея армон билан эътироф этади. Кўнглини яралаган, жисмини чарчатган, қувончини тортиб олган изтироб ҳеч кимни безовта қилмагани, дунё илгаригидай хуррам яшайверганидан озорланади. Кейинги сатрларда озурдалик кучаяди:
Отам кетди,
битта туки тўкилмади дунёнинг,
Онам кетди,
чинор қадди букилмади дунёнинг.
Нега шундай?! Ахир отам ўлди, онам ўлди. Оламим остин-устун бўлди. Қандай қилиб шундай оғир, катта ғам, чексиз изтироб сенга таъсир қилмади, дунё?! Нега ҳаёт давом этяпти, нега одамлар тўй қиляпти, шодланаяпти, ахир менинг борим, ҳаётим, яшашимдан мазмун кетди-ку, суяб турган тиргакларим, қўшқанотларим энди йўқ-ку, деб ҳайрат аралаш ёзғиради.
Мақолани ўқийман – муаллиф шижоат билан шоирадан норози бўлишда давом этади:
«Яна бир ажабтовур «топилма». Нокнинг беғамлиги ва яна хуррак отиши ҳақида эшитганмисиз? Қайғулардан эрта қариган олма ҳақида-чи?»
Хўш, бу «беғам» нок қани ва у нега хуррак отмоқда? Мана, танишамиз:
Тушларида хавотир, хатар,
Бу оқ олма жуда ҳориган.
Юрагини ғуссалар ўртар,
Қайғулардан эрта қариган.
Боғ қўйнида ҳамма ухлаган,
Беғамгина нок хуррак отар.
Ой нурида кекса олманинг
Ҳасратлари тўкилиб ётар.
Алижон ака ҳақ. Чиндан топилма! Яхши топилма!
Шоира жонсиз ашёларда жонлиқларга хос сифатларни кўра олган. Олманинг шохда қуриб-­бужмайиб қолганини шоирага қариб-қартайишни эслатган. Чиройли ва ўринли. Нокнинг олма каби буж­майиб қолмагани беғам одамнинг ҳеч нарсага парво қилмай юришини, дунёни сув босса, менга не ғам дегандай пинагини бузмаслигини ёдга солган. Ғуссалар таъсирида юрак бужмайган, аммо ўзлигини йўқотмаган, одамларни яхши кўришда ва улардан яхшилик кутишда давом этаверган. Ва буни жусса бутун, аммо юрак изтироблардан тўкилиб адо бўлган тарзида ҳам талқин қилиш мумкин.
Энди «Ой нурида кекса олманинг Ҳасратлари тўкилиб ётар» мисраларига келсак. Пишиқчилик даври. Олма бошини еб мева солган. Ерга тўкилиб ётган олмалар шоира тасаввурида ҳасратдир. ­Ҳасрат одамнинг кўнглидан чиқади, ҳар бир дардида юрагидан, ўзидан улгу бор. Худди дарахтнинг ҳар бир мевасида унинг кучи, шираси, суви бор бўлгани каби. Бу ҳам яхши ўхшатиш. Яна денг, бир оғиз дарахт деган сўзни ишлатмай бутун бошли дарахтзор ҳақида маълумот бера олган шоира.
Бадиий матн таҳлилининг бир қанча тамойиллари бор. Албатта, уларни соҳа мутахассисларигина билади, бошқа касб вакили учун бу қоронғу ўрмон. Аммо асарни таҳлил қилишга, фикр билдиришга ва энг ёмони, ҳукм чиқаришга бел боғлаган одам улардан бохабар бўлиши зарур. Энахон Сиддиқованинг ижодиётини кашф қилишга астойдил бел боғлаган ва салкам ҳарфлаб ўрганиб очиқлашга киришган Алижон Абдураҳмонов масаланинг бу жиҳатини кўздан қочирган. «Тилимизда «нурамоқ» деган сўз бор. У «эскирган, емирилган, бузилган» деган маъноларни билдиради. Тилимизда шундай сўзлар, феъллар борки, улар фақат жонсиз (предмет) нарсаларга нисбатан ишлатилади. Қисқаси, мен тарихий обиданинг, уйнинг, деворнинг, ўчоқнинг… нурашини билардим. Аммо онанинг нураб бориши… Буни ҳазм қилолмадим. Ахир, Она (предмет) жонсиз нарса эмас-ку» дея аччиқланади муаллиф.
Бадиий асар таҳлилида бадиий ­тасвир воситалари, шеърий санъатларни инобатга олиш керак. Адабиётда ташхис санъати бор. Ҳайвонлар, қушлар, жонсиз нарсаларга инсон хусусиятларини кўчириш санъатидир.
Сатрларни ўқийман «Нураб бормоқда онанг, кўзида ғам кўлкаси… …Нураб бормоқда онанг, ғамлар уни чўктирар… …Сезиб-сезмай қолурсан, нураб бормоқда онанг…». Кишини беихтиёр титратиб юборадиган, шафқатсиз ва аччиқ ҳақиқат билан юзлаштирадиган сўзлар.
Нураб бормоқда онанг… Кучли сатр. Онанинг позициясини, оналик нималигини шундоққина чизиб қўйган. Она бутун оилани, жамиятни, инсонликни тутиб турувчи азим, кучли иморат. Биз шу иморат бағрида дунёни таниймиз, тилимиз чиқади, қадам босамиз, ҳаётга йўл оламиз. Ҳар қандай хавфдан ҳимояланганмиз бу ерда. Аммо бизга теккан игна учидай зарра онамизга энг кучли минадай тегади, юрагини тилкалайди. Бизни ҳимоялай-ҳимоялай тўкилади, чиндан қадим бино сингари нураб боради. Кўзи хиралашади, сочлари оқаради, қадди букилади, қулоқлари оғирлашади, қўлларидан куч кетади. Аммо биз ҳамиша она ҳимоясида бўлаверамиз. Шу боис унинг «нураётгани», тобора путурдан кетаётгани, кўзларига ғам кўлка солгани-ю шу ғамлар уни чўктираётгани, ўзи кичрайиб бораётганини сезавермаймиз. Энг охирги томчисигача худбинларча эмаверамиз. Изтиробли сатрлар…
Яна мақолага мурожаат қиламиз: «Китобда «Хомчўт» деган шеър берилган. Аслида, ўзи «хом». Мана ўша шеър, ўзингиз бир хомчўт қилиб кўринг». Қараймиз:
Ҳосилидан кузнинг кўнгли тўқ,
Айтса бўлар бахтдан эртаклар.
Даромадни қилади хомчўт
Ер бошида мирзатераклар.
Мен шеърга бошқача баҳо бердим. Унда маиший, ўзбекнинг яшаш тарзи ­тасвирланган. Уй қураман ё сотаман деб терак экилади. Ўшанга қараб ишлар режалаштирилади. Қўл ҳалолланиши, қиз чиқарилиши, келин туширилиши. Ўзбекни ўзбек қилиб турган ширин ташвиш­лар тасвирланган.
Бадиий асар ўқиш, таҳлил қилиш ва хулоса чиқаришда сўнгги гап, қатъий ҳукм бўлмайди. Бу имконли бўлган асар демак бир ёқлама, ҳар ўқиганда янгидан очилиш салоҳияти йўқ, бадиий жиҳатдан қашшоқдир. Шу боис биз Рауф Парфини, Чўлпонни, Ҳенрих Ҳейнени, Чори Авазни, Амирийни қайта-қайта ўқиймиз. Ҳар сафар янгидан таъсирланамиз. Ҳар биримиз бошқаникига ўхшамаган ҳиссиётлар, таассуротлар оламиз. Энахон опа Сиддиқованинг ҳам ижоди кишини лоқайд қолдирмайди, кўнглини безовта қилади, баъзан ёқимли илиқ, баъзан шафқатсиз совуқ кечинмаларга ошно этади. Шу жиҳатдан мен мақоладан қайсидир маънода миннатдорман ҳам. У мени шоира ижодига яна бир бор ошно қилди, эсдан чиққан туйғуларимни ёдга солди, ўзига хос калтак ҳам бўлди. Чунки адабий муҳит сокинликни ёқтирмаслиги, ҳар бир адабий ҳодиса ўз эътирофини, баҳосини олиши лозимлиги, бусиз ўқирман ва адабиёт орасидаги алоқа заифлашиб қолишини уқтириб қўйди. Алижон Абдураҳмоновнинг қўлига қалам тутқазган сабаб ҳам адабиётшуносликдаги бир қадар сокинлик деб ўйладим. Адабий мунаққидларга қўнғироқ тарзида ёзилган бу мақола чиндан ҳам туркум боши бўлиши, ортидан бошқа таҳлиллар, эътирозу эътирофларни олиб келиши зарур. Мақола муаллифи ва газета жамоаси бу хайрли ниятлари амалга ошишининг бироз кескин, аммо самарали усулини танлаган. Илк мақола яхши шоираликдан ташқари, истеъдодни кашф қилиш ва танитиш, ижоднинг машаққатли йўлида оёққа туриб олишда ёрдамини аямайдиган яхши устоз, бетакрор аёл, меҳрибон она, ҳалол фуқаро, камтар ва самимий инсон бўлган Энахон опа Сиддиқованинг ижоди юзасидан бўлгани ҳам бежиз эмас. Биринчи қадам қўйилди. Энди гал адабий мунаққидларга.
«Мевали дарахтга отилади тош!»
Бу тасалли таскин бермас дарахтга.
Тошбўрон зарбига майли берар дош,
Не қилсин тушсалар яна суратга.
Ҳа, дарвоқе, мен шу таҳририят мактабида ҳам таҳсил олган ўқувчиман. Ва биламанки, бош муҳаррир ушбу мақоламни холислик нуқтаи назаридан ҳам ўқиб чиқади, балки газета саҳифаларида эълон қилса ҳам ажабланмайман. Ҳар ҳолда, мен билган ­Ҳусан Эрматов шундай қилган бўлар эди.

Ҳурмат билан,
Муҳайё ЙЎЛДОШЕВА,
филология фанлари номзоди