ИБРАТГА ЙЎҒРИЛГАН УМР

496


Ўқитувчилик ҳам шарафли, ҳам машаққатлидир. Ёш авлодни ҳар томонлама етук, баркамол этиб тарбиялаш шу касб фидойиларига боғлиқ. Зеро, маърифати, маданияти кучли давлатнинг эртаси нурафшон ва парлоқ бўлади.

Бугунги кун ўқитувчидан ўз устида тинмай ишлаб, ёш авлодни билим чўққиларига олиб чиқиш, уларни ҳар томонлама баркамол, етук инсоний фазилатлар соҳиби бўлишга даъват этадиган чинакам фидойи бўлишни талаб қилмоқда. Улардан бири Сергели тумани 6-ИДУЎТ мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси Гулнора Йўлчиевадир.

Гулнора опа 34 йилдан буён педагогика соҳасида фаолият олиб боради. Шу даврда устоз бир қанча ютуқларга эришди, кўплаб ўқувчилари фан  олимпиадалари, билимлар беллашувларида юқори  ўринларни эгаллаб келяпти.

Фидойи муаллима Республика таълим маркази ҳузуридаги илмий кенгаш аъзоси, ҳозирги кунда Сергели туман она тили ва адабиёт таянч мактаби раҳбаридир. 

– Устоз билан анча вақтдан буён елкама елка фаолият олиб боряпман, – дейди она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нурхон Олимова. – Дарс ўтиш маҳорати ва тажрибаси билан кўпчиликка ўрнак бўлиб келмоқда. Изланувчанлигига ҳамиша ҳавас қиламиз.

Гулнора Йўлчиева нафақат педагогика соҳаси, балки оилада ҳам меҳрибон она, оқила оила  бекаси ҳисобланади…

– Эсимни танибманки, уйимизда ҳамма китоб ўқирди. Ҳар якшанбада акам Фатҳулла Исматуллаев билан туман кутубхонасига бир сумка китоб кўтариб борардик. Ўқилган асарларни топшириб, яна шунча китоб билан уйга қайтардик. Ёдимда, ёз кунлари кечаси ўқирдим. Отам Абдулла Исматуллаев бўлди, ухла энди, деб  чироқни ўчириб кириб кетганларида, ой ёруғида мутолаа қилардим. Бадиий асарларга муҳаббатим кучлилиги сабабми она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлдим. Ишимга, ўқувчиларимга бўлган меҳрим бўлакча. Ҳар бири мен учун кашф этилмаган мамлакатдек. Уларга ҳамиша кийинишми, муомаладами меъёр бўлиши кераклиги, фақат илм олишда бундай чегара йўқлигини уқтираман.

Устоз ўқувчиларга таълим-тарбия бериш жараёнида фақатгина дарслик, китобларга эмас, балки ҳаёт тажрибаси, кузатишлари, маълум бир хулосаларига суянади. Одам ҳеч қачон қийинчиликдан қочиши керак эмас, уни енгиб ўтиши лозим, агар қочсанг у сени қувлайверади, деб уқтиради. Адибларимиз ўгитлари мазмун-моҳиятини шогирдларига тушунтириб, уларни ҳаётдаги маслагига айлантиришга уринадилар.

Устозлар инсон қалбининг муҳандиси, деб бежизга  айтишмайди. Шогирдлар қалбига ҳақиқий  инсонийлик  иморатини қура оладиган, ўз касбини жондан севадиган Гулнора опадек устозларимиз сафи янада кўпаяверсин.

Маҳлиё ИСЛОМОВА,

педагог

Бошқа хабарлар