МАҚОМЛАРДА СЕҲР БОР

368


Мусиқа инсонни ўзига асир этади, йиғлатиши ҳам, кулдириши ҳам мумкин. Имом Ғаззолий “Кимёий саодат” асарида “Ҳазрати Довуд оҳ тортиб, хониш қилганларида барча тингловчилар, ҳатто  жониворлар ҳам ҳушларидан кетаркан”, деб ёзганлар.

Мумтоз куй-қўшиқлар, айниқса, мақомнинг киши руҳиятига ижобий таъсири мусиқашунос олимлар томонидан кўп маротаба эътироф этилган. Уларнинг таъкидлашича, ҳар бир мақом маълум дардни даволашда қўлланиларкан.

“Ироқ” мақоми инсоннинг юрак уришидаги ўзгаришларни созлайди.

 “Ҳусайний” мақоми тана ҳарорати ошганда, мўътадил ҳолатга туширишда ёрдам беради.

“Ушшоқ” лар кишидаги ғазабни сўндиради, босиқликка ўргатади.

XVI асрда яшаган Нажмиддин Кавкобийнинг ёзишича, саҳар пайтида кўпроқ “Раҳовий” мақоми, тонг отиши билан “Ушшоқ”, сўнгра “Ироқ” ва “Бузург” мақомлари тингланса, киши руҳи анчайин ором олади.

Шаҳрисабз шаҳрининг Оқсарой майдонида ўтказилган халқаро мақом санъати анжуманида юртимизнинг кўплаб санъаткорлари қаторида Ўзбекистон халқ ҳофизи, хизмат кўрсатган артист Сойиб Ниёзов ҳам қатнашди. У анжумандан олган ўз таассуротлари, шунингдек, мақомчилик санъати  соҳасида эришган ютуқларини ҳаяжон билан сўзлаб берди:

– Анжуманни давлатимиз раҳбари очиб берганликларининг ўзида катта маъно бор. Бу ерда дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларидан келган турли соҳа вакиллари ҳам бор эди. Биз кўплаб халқ ҳофизлари билан биргаликда  мумтоз қўшиқлар ижро этдик. Чет эллардан келган мақомчилар билан ўзаро фикр алмашдик, ўртамиздаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди. Улардан ҳам кўп нарсаларни ўргандик. Бу улкан анжуман  ўзбек мақомчилик санъатининг дунё саҳналари бўйлаб янада  кенг ёйилишига ҳисса қўшишига мен жуда ишонаман.

Аслида санъаткор катта саҳнага чиққунига қадар ўта машаққатли йўлни босиб ўтади. Менда ҳам шундай бўлди. Бухоро мусиқа билим юртини битиргач, Тошкент давлат консерваториясида таълимни давом эттирдим. Ўша кезларда Юнус  Ражабий номидаги халқаро мақом кўрик-танловларида қатнашиб юқори ўринни олдим, бу ютуқ мени ижод сари янада илҳомлантирди. 1997 йилда Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов хотирасига бағишланган Республика кўрик-танловида ҳам ғолибликни қўлга киритдим. 1999 йилда таниқли халқ артисти Отажон Худойшукуров хотирасига бағишланган республика кўрик-танловида ҳам шундай натижага эришдим. 2000 йил Андижонда бўлиб ўтган Ўзбекистон халқ ҳофизлари Фаттоҳхон Мамадалиев ва Одилхон Юсуповлар хотирасига бағишланган катта ашула республика кўрик-танлови  бўлди. У ерда ҳам биринчи ўрин олиш насиб қилди. 2001 йилда Самарқандда ўтказилган “Шарқ тароналари” фестивалида мутлоқ ғолиб бўлдим. Шундан сўнг бирин-кетин  ҳукуматимизнинг юксак унвонларини олдим.

Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги байрами арафасида Болгарияда ўтказилган қўшиқчилик беллашувида мақомчилар ансамбли хонандалари билан фольклор йўналиши бўйича қўшиқлар куйлаб энг юқори совринни ва олтин медальни қўлга киритдик. Буларнинг ҳаммаси юртимизда мақомчилик санъатига бўлган эътибор ва яратилаётган имкониятлар туфайли, албатта.

Мақом йўналишидаги куй-қўшиқлар аждодларимиз қолдирган нодир хазина ҳисобланиб, айни  даврда бу хазина бойликларидан  ёш авлод ҳам баҳраманд бўлса, уларнинг  маънавияти гўзаллашиши ва руҳий саломатлиги яхшиланишида  муҳим аҳамият касб этади.

Чет эл психологлари ўтказган тажрибалар натижасига кўра, мумтоз мусиқаларни тинглаб улғайган болаларда аниқ фанлар, хусусан, математика фанини ўзлаштириш даражаси юқори бўлади.

Боладаги гўзал фазилатларни шакллантиришда онанинг ҳомиладорлик давридаги ҳолати ҳам муҳим аҳамиятга эгалиги маълум.

Бўлажак оналар сокин (мумтоз) мусиқаларни тез-тез эшитиб туришса, бола руҳияти осойиш топиши ва аксинча ҳолатда, яъни шовқинли мусиқаларни тинглаганда қориндаги болада безовталик пайдо бўлиши ҳақида соҳа олимлари қайта-қайта таъкидлашади.

Ота-она фарзандининг дунёқараши кенг, ижодий қобилияти баланд ва фикрлаши теран шахс бўлиб улғайишини истар экан, бунинг учун у болаларининг ёшига қараб мусиқа эшитишини таъминлаши ёки мутахассис билан келишган ҳолда мусиқий таълим-тарбия бериши лозим. Умуман, мусиқага қалбан яқинлашган ҳар қандай ёшдаги инсонлар бора-бора жуда катта маънавий хазина эгасига айланганликларини англаб етадилар. Зеро, мусиқани мунтазам тинглаган одам ҳаётсевар бўлади, оламга ўзгача нигоҳ билан боқади. 

Мусиқа руҳни тарбиялайди, фикрлашни, муомала маданиятини такомиллаштиради. Шу жиҳатдан миллий мақомчилик санъати кишиларимизни ҳаётсеварликка чоғлаб, ўзгаларга нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотиши билан янада аҳамиятлидир.

Гулчеҳра ЖАМИЛОВА

Бошқа хабарлар