COVID-19 бағишланган тадбир бошланди

35

Айни дамда АОКАда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарлари сўнгги кунларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган COVID-19 билан боғлиқ муаммолар хусусида баёнот бермоқдалар.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиев касалликнинг мамлакатимиздаги ҳолати ва бошқа масалалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

Маълумот берилишича, касалликка қарши оммавий эмлаш 21 мартдан кейин бошланади. Вакцинанинг иккинчи партияси май ойида келтирилади. Тез фурсатларда уч хил турдаги вакциналар мамлакатимизга олиб келиниши режалаштирилган.

Вазир ўринбосарининг айтишича, ортиқча ваҳимага ҳожат йўқ. Юртимизга олиб келинган вакцина барча синовлардан ўтган ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган. Унинг самарадорлиги 70 фоиз деб топилган ва бу яхши ҳолат. Лекин бу фуқаролар фақат шу вакцина билан эмланади, дегани эмас. Айни пайтда бошқа ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Хитой давлатидан вакцинаси олиб келиш учун ҳам алоқалар йўлга қўйилган . Куни кеча юртимизга олиб келинган вакцина фуқароларимизда синаб кўрилди ва ҳали салбий оқибати аниқланмади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ходимининг айтишича, ҳозиргача 249 та вакцина яратилган. Шундан 49 таси синовдан ўтган ва 13 таси ижобий топилган.

Баҳодир Юсупалиевнинг таъкидлашича, ҳеч ким мажбурий эмланмайди. Эмланувчилар ўзлари танлаган вакцина билан эмланиши кафолатланади.

Мамлакатимизга олиб келинган вакцинадан ҳеч бир давлат воз кечмаган. Вақтинчалик тўхтатган, холос. Расман мазкур вакцинадан вафот этганлар ҳақида далил йўқ. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти масъул ходими хабар бермоқда.

Вазир ўринбосарининг айтишича, карантин талаблари аввал ҳам бор эди. Айни пайтда унинг назорати кучайтириляпти. Ижтимоий масофа, ниқоб, гигеиник воситаларидан фойдаланишни унитиб қўйдик. Бундан кўриниб турибдики ортиқча ваҳимага ҳожат йўқ. Карантин талабларига қатъий риоя қилинса, карантин талаблари кучайтирилмайди.

Каронавирусга қарши эмлаш 18 ёшдан ошганлар орасида ўтказилади. Вақти келиб, балки болалар орасида ҳам эмлаш ишлари олиб борилар. Ҳозирча фақат соғлом, вояга етган шахсларга вакцина олиш тавсия этилади.

Яқинда Тошкент шаҳрида бир фуқаро каронавирус билан оламдан ўтгани ҳақида хабарлар тарқаган эди. Тадбирда Нурмат Отабеков мазкур вазиятга ҳам ойдинлик киритиб ўтди. Унинг айтишича, фуқаро қайси касаллик билан оламдан ўтгани ҳақида далиллар йўқ. Айни пайтда бу ҳолат қайта текширилмоқда.

Корупцияни олдини олиш учун вакцина доираси  бўйича ҳар бир ҳудудга масъуллар бириктирилади.