Бокуда Алишер Навоийнинг асари нашр  этилди

597

       Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг асарлари бутун дунёда, жумладан, қардош Озарбайжонда ҳам жуда машҳур. Яқинда Озарбайжон Миллий Фанлар Академиясининг Низомий номидаги Адабиёт институтида буюк мутафаккирнинг 580 йиллиги муносабати билан халқаро онлайн илмий конференция ташкил этилиб, матбуотда мутафаккир шоиримиз ҳақидаги туркум мақолалар чоп этилди. Энг қувонарлиси, мақолалар билан бирга буюк шоирнинг «Маҳбубул-қулуб» (Кўнгилларнинг севгани) асари Бокуда таржима қилиниб нашр этилди.

 

Асар таржимасига Боку давлат университетининг туркшунослик кафедраси мудири, профессор Рамиз Аскер қўл урди.  «Калила ва Димна», «Бўстон», «Гулистон», «Қобуснома», «Қутадғу билиг» каби жаҳон ва шарқ адабиётининг таниқли дидактик дурдоналари билан бир қаторда турадиган бу асар Навоий гуманизмининг энг юқори чўққисидир. Туркшунос-олим  асарга кенг  муқаддима  ёзиб, ушбу  ноёб асарнинг афзалликларини очиб берган.

«Маҳбубул-қулуб» Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг Фольклор институти илмий кенгаши  қарори  билан чоп этилди. Ўтган  йили  Рамиз Аскер Алишер  Навиой ҳақидаги – «Ўзбек адабиёти тадқиқотлари» ҳамда  «Алишер Навоий ва унинг Хамсаси» китобларини ҳам ёзиб тугатганди. Олим ўзбек адабиётига қўшган хизматлари учун “Бобур” номидаги халқаро мукофот билан тақдирланган ва  Навоий шаҳрининг фахрий фуқароси  ҳисобланади.

Бибигул МУРТАЗАЕВА тайёрлади