Билет барчага баробар бўлса…

46

   Маданият вазирлиги эътиборига!

    Шу кунларда (10-мартдан 25-мартгача) халқимиз ардоғидаги санъаткор Юлдуз Усмонованинг мухлислари учун аталган концерти намойиш этилмоқда. Концерт ўтган йили режелаштирилган, аммо пандемия туфайли қолдирилган эди. Мана, вақти-соати шу кунларга аталган экан, намойиш бўлиб ўтмоқда…

Кеча бир танишимнинг махзун оҳангдаги  гапларига эътиборсиз бўлолмадим.  

–Концертга тушмоқчи бўлиб, сарой кассасига боргандим, – дейди уч фарзанднинг онаси Диёра.  – Афсуски, иш вақти бўлишига қарамасдан касса ёпиқ экан. Ўша атрофдагиларнинг айтишича, касса очилган тақдирда ҳам  билетлар тугаганмиш, фақат иккинчи қават (балкон)га олиш мумкин экан. Шундан сўнг ноилож, ташқарида концертга таклифнома кўтариб юрган олибсотарлар билан гаплашдим. Улар олди қаторни 800 минг сўмдан, 1-1.5 миллионгача, ўрта қаторларни 450-500 минг сўмдан, орқа қаторларни эса 150-160 минг сўмдан сотишаётган экан. Севимли санъаткоримнинг концертига тушиб, бир дам олиб келмоқчийдим, аммо билетларнинг олибсотарлар қўлига ўтиб, “осмон нарх”га айланиб кетганидан хафсалам пир бўлиб, ортга қайтдим. Хафа бўлдим. 400-500 мингга ҳам билет олишим  мумкин эди, маблағим етарди,  аммо бунақа баланд нархга билет олгандан кўра, бир ҳафталик рўзғор қилиб, уйни “обод” қилганим маъқул эмасми, деб ўйлаб қолдим…

Танишимнинг фикрларини тинглаб, мавзуни ўрганишга қизиқдим. “Халқлар дўстлиги” саройига бориб, танишим айтган вазиятга ўзим ҳам гувоҳ бўлгач, Маданият вазирлиги билан боғландим. Ходимлардан бирининг айтишича, одатда Халқлар дўстлиги саройи саҳнаси концерт қўяётган санъаткорга ижарага бериларкан. Мисол учун, хонанда концертини чиройли ўтказиш учун шу иш билан шуғулланувчи фирмалардан бири билан шартнома тузаркан. Сўнг билетлар сотуви билан ҳам ана шу фирма ходимлари шуғулланаркан. “Халқлар дўстлиги” саройи маъмурияти эса ушбу ташкилий ишларга аралашмаскан. Натижада ҳар бир санъаткор билан  ҳамкорликда ишлаётган фирмалар, ўз хоҳишига кўра билетлар савдосини ҳам ташкил этади. Уларнинг ишига на сарой маъмурияти, на ўша ердаги ички ишлар ходимлари аралашолмаскан. Кассадан кўпсонли билет олаётган одамга бунча кўп билет сотиб олиш мумкин эмас, бунга ҳаққингиз йўқ, деёлмаймиз. Қонунларимизда бундай меъёрий бандлар белгиланмаган.

Оқибатда концертларга яқин қолганда, аксарият билетлар олибсотарлар қўлига ўтиб, нарх ошиб кетади. Бундан ташқари одамларнинг билетлар нархи қимматлиги билан боғлиқ норози муносабатлари ҳам тез-тез кузатиларкан. Бу ҳақда Халқлар дўстлиги саройи ҳовлисида хизмат вазифасини ўтаётган тартиб посбонларидан бири айтди.

  • Афсуски, биз билетлар савдоси, кассанинг ишлаш тартибига аралаша олмаймиз, – дейди у. – Кўпинча юртдошларимиз келиб, билетларнинг “қўл”га ўтиб кетгани ва нархлари ошиб кетганидан  норозилик билдиради. Менимча, бу масалада мутасаддилар, хусусан, маданият вазирлиги раҳбарияти ва Халқлар дўстлиги саройи маъмурияти вазиятни тартибга солиш чораларини кўриши керак. Ҳамма соҳада ишлар босқичма-босқич тартибга тушаябди-ку, ахир?!

Суҳбатимизга ўзини Нураев Суннатилла деб таништирган сурхондарёлик ҳамюртимиз қўшилди.

–Мен ҳам онамни Юлдуз опанинг концертларига олиб тушай, деб келгандим. Аммо “нархлар осмон”да эканидан ҳайрон бўлиб қолдим. Кассага борсам, “Фақат иккинчи қават (балкон билет)га бор” дейишди. Онамнинг ёшлари катта, уларни иккинчи қаватга томоша олиб чиқиш ноқулай. Олибсотарларда эса ҳамма қаторларгаям жой топиш мумкин экан, аммо қиммат…

Мутасаддилар бизга ўхшаган оддий фуқароларни ҳам ўйлаб, билетларни фақат касса орқали бир одам номига битта ёки иккитадан сотилишини таъминласа яхши бўларди….

Ҳа, сурхондарёлик юртдошимиз ҳам, тартиб посбони ҳам ҳақ гапни айтди. Мамлакатимизда босқичма- босқич ҳамма ишлар ўз тартибига тушаябди. Аммо ҳали- ҳамон концертлар учун билетлар  сотилаётган “Қора бозор” тартибга тушмади. Маданият вазирлиги ушбу масалага қачон эътиборини қаратар экан, зеро, бу кеча пайдо бўлган муаммо эмас-ку?

Мутасаддилар оддий одамларнинг ҳам шароитларини ҳисобга олиши керак. Бунинг учун эса концерт ташкил этиш тартибини қайта кўриб чиқиш,  унда билетлар савдосини шаффофлаштириш ёки 20-30 нафар олибсотарлар фаолиятини тартибга солиш лозим. Хўш, Маданият вазирлиги буни амалга оширишга қодирми? Санъаткорларнинг санъатини ҳурмат қилиб, юксакка кўтарган шу халқ-ку?  Сурхондарёлик ёки қашқадарёлик  мухлис ҳам  ана шу халқ вакили экан, сарой кассаларида билетларни сотиб олишга уларда ҳам имкон, шу билан бирга, нарх-наволар  ҳам қулай бўлиши керак.

Зебо НАМОЗОВА