«Ishonch» газетасининг 30 йиллигига байрам табриги

78

Қадрли «Ishonch» газетаси жамоаси!
Ҳурматли журналистлар, соҳа фидойилари!
Сизларни, аввало, улуғ айём – Наврўзи олам билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Шу билан бирга, барчамиз учун ҳам қутлуғ кун – «Ishonch» газетаси ташкил топганининг ўттиз йиллиги билан сизларга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни йўллайман.
«Ishonch» касаба уюшмалари тизимидаги ҳар бир фидойи ҳамкасбимиз учун қадрдон суҳбатдош, ҳамфикр, ҳамнафас нашрга айланган. Мана ўттиз йилдирки, мен ҳам ушбу газетанинг мухлисиман. Касаба уюшмалари тизимида, бошқа ташкилот ва идораларда масъулиятли вазифаларда ишлаганим учунгина эмас, балки ўзининг ўқишлилиги, мавзуларга ўзига хос ёндашуви ва долзарб чиқишлари билан бу нашр мени ҳамиша ўзига жалб этиб келади. «Ishonch»ни даврнинг уйғоқ жарчиси дегим келади.
Барчамиз яхши биламизки, матбуот ва оммавий ахборот воситалари иши анчайин оғир ва масъулиятли. Ўзбекистон Республикаси Президенти, муҳтарам ­Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида дунё саҳнида Янги Ўзбекистон номи билан қайта танилаётган жонажон Ватанимиз тараққиёт пиллапояларида шахдам одимлаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги пайтда бу масъулият янада кучаймоқда.
Шу билан бирга, бугун дунёда ахборотлашув жараёни шиддат билан ривожланиб бораётган даврда матбуотнинг ўрни ва мавқеи хусусида ҳам турли баҳс-мунозаралар муҳокамалар марказига чиқаётгани бор гап. Аммо уларда қайд этилаётган, кўпчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган «матбуот ўз ўрнини йўқотмоқда» деган фикрларга шахсан мен асло қўшилолмайман.
Менинг назаримда, оммавий ахборот воситаларининг ҳеч бири матбуотчалик воқеликка холислик билан ва таҳлилий ёндашолмайди, жараённи босиқлик ҳамда масъулият билан ёритолмайди. Шу билан бирга, мен матбуотда бугунги куннинг энг оғриқли муаммоларидан бири бўлган савод масаласи ниҳоятда қадрланишини алоҳида сифат дея урғулаган бўлар эдим. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, матбуот бу – тарих, у қоғозга муҳрланган тарихий ҳужжатдир. Бу битиклар бизнинг тарихимизни асрлар ошса-да, ўзида сақлайди.
Шу каби омиллардан келиб чиққан ҳолда, замон ривожланиб, ахборот технологиялари қанчалик тараққий этмасин, матбуот ўз мавқеини сақлаб қолишига, таъбир жоиз бўлса, абадий яшашига қатъий ишонаман.
Насиб бўлса, ҳали «Ishonch» газетасининг бир асрлик тўйларини ҳам бирга нишонлаймиз.
Қадрли дўстлар!
Барча соҳаларда ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш заруратга айланган. Бундай мураккаб шароитда ҳаёт янгидан-янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда. Улуғ мутафаккир бобомиз бундан бир неча асрлар олдин ёзган сўзларни эсланг: «Агар огоҳсен, шоҳсен сен, агар шоҳсен, огоҳсен сен…» Бу замонлар синовидан ўтган ва инсоният бор эканки, ўз қийматини йўқотмайдиган гап. Шундай экан, ахборот замони ҳар бир иштирокчидан ўта ҳушёрлик ва зукколикни талаб этаверади.
Шу маънода, Сиз азизларнинг бугунги байрамингиз баҳона бир қатор таклиф ва мулоҳазаларимни ҳам илгари сурмоқчиман. Жумладан:
– Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қурилаётган бир даврда журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига қатъий амал қилиш. Бу мезонларнинг энг асосийси – холислик ва ҳаққонийлик бўлиши даркор.
– «Ishonch» газетаси, биринчи навбатда, кўп миллионлик аъзоларига эга бўлган, таъбир жоиз бўлса, халқ ташкилотига айланган Ўзбекистон касаба уюшмаларининг асосий минбари эканини ҳисобга олган ҳолда, эл дардини, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган таҳлилий чиқишларни кўпайтириши, «Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари» тамойили асосида ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка янада таъсирчан тарғиб этишни кучайтириши;
– Бугунги шиддаткор даврда матбуот таҳлилий чиқиш­ларга алоҳида ёндашиши, замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, энг муҳим тенденцияларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш бундан буён ҳам етакчи ўрин эгаллаши зарур, деб ҳисоблайман.
– Бугун касаба уюшмалари жамиятнинг жамоатчилик назорати институтидаги тўла маънодаги етакчи ташкилотлардан бирига айланди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан аёллар муаммолари тизимли ўрганилиб, уларни ҳал этишнинг мукаммал тизими яратилмоқда. Бу тарихда ҳали учрамаган янги ижтимоий сиёсат йўналишининг мазмун-моҳиятини кенг халқ оммасига етказиш, унинг аҳамиятини очиб бериш борасида ҳам қилинадиган ишларимиз талайгина.
Қадрдонларим, заҳматкаш қалам аҳли!
Сизларга яна бир бор ўзимнинг самимий ҳурматим, эзгу тилакларимни билдириб, машаққатли ва олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Олтин қаламингиз янада чархланаверсин, юрт равнақи йўлида ҳеч қачон толманг, оилаларингизга тинчлик, файз-баракот тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин!

Қудратилла Рафиқов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Кенгаши раиси,
«Ishonch» ва «Ishonch-Доверие»
газеталари таҳрир ҳайъати раиси