Халқ ва шоир

21

Қалб қўриқчиси
Яйраб-яйраб кулмаса, тўйиб-тўйиб йиғламаса, завқ-шавққа тўлиб кетганида қалби жунбушга келмаса, изтироблар гирдобида қолганида олов бўлиб ёнмаса, яшаш, яратиш, қай бир ҳаётий ақида-қатъиятларини ўтказиш учун қизғин курашларга чоғланмаса, одам одамми?
Ана шундай ўта ҳиссий лаҳзаларда дилида сўз қайнаб, уни қоғозга тўкмаса, шоир шоирми?
Хўп, бу-ку бир кишининг завқ-шавқи, орзу-ўйи, ният-мақсади, эҳтирос-изтироби ҳақида экан. Бутун бир халқнинг кўнглида кечган ҳис-туйғу, дард-ҳасрат, ғам-кулфат, қувонч-бахтни ким изҳор этади? Эл қалбини ким қўриқлайди?
Шоир!
Тарих шунга гувоҳки, шахсий-инсоний дардини ўз халқи дардига айлантириб куйлай олган шоиргина асрдан асрга ўтади.
Шоирлар адабиёт тарихидан «шахсий дард» ва «халқ дарди» деган икки қутб оралиғидан ўз истеъдод ва меҳнатига яраша ўрин олади.
2001 йили Абдулла Ориповнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан ўтказиладиган кечага таклифнома олган маҳалда беихтиёр шулар ҳақида ўйлаган эдим.
Кейин бу соҳиби қалам хусусида 14-15 ёшимдан бери ўйлаб юрганларим бир-бир хаёлга кела бошлади.
Шунда беихтиёр устоз Матёқуб Қўшжоновнинг ўтган аср 70-йиллари ўрталарида бир йиғинда айтган: «Абдулла яна 25 ‒ 30 йил ижод қилса, асрнинг миллат қалбидаги бор дардини қоғозга тўкиб улгуради», деган эътирофи эсга тушиб кетди.
Рост, ХХ асрнинг сўнгги 40 йилдан зиёд­роқ даврида Абдулла Орипов халқнинг бир аср мобайнида кўнглида тугиб юрган кўп гапини айтиб улгурди ҳисоб.

Ижтимоий шоир
Шеър усталарининг айримларини «ижтимоий шоир» деган гуруҳга киритиш адабиёт илми нуқтаи назаридан қанчалар тўғри бўлар, билмадим-у, лекин, негадир, Абдулла ака ҳақида шу таъриф мияда айланаверади.
Бир куни ўзларига ҳам айтдим: «Биринчи муҳаббатим» шеъри ҳам, аслида, фақат муҳаббат мавзусида эмас», дедим. «Бу ёғи ‒ ўзларингизга ҳавола», деб қўя қолдилар.
Чунки, ахир, бу шеърни теранроқ мушоҳада қилсак, айнан йигитнинг қизга муҳаббатидан кўра каттароқ, аниқроғи, ижтимоийроқ маъно-мазмун борлигини англаймиз-да.
Ўзи, асли, аср-асрлик мумтоз адабиётимизда ишқ орқали бутун бир ҳаёт фалсафасини, инсоннинг яшашдан мақсади-ю бутун борлиқнинг ўз Яратувчисига инон-ихтиёрсиз, ҳатто, мажнунона талпинишини қаламга олиш бор ва бу бир тизим даражасига кўтарилган эди. Шунинг учун китобхон сифатида биз «Биринчи муҳаббатим»дан ҳам ана шундай, Навоий «Лисон ут-тайр»да таъкидлаганидек: «Сўз ‒ ўзга, маъни ‒ ўзгадур», қоидасидан келиб чиқиб мазмун қидиришга мантиқан тайёрмиз.
Аввало, шеър лирик қаҳрамоннинг бир тонгда ‒ руҳидаги маъюслик ажиб бир сокинлик уйғотгандаги кайфияти изҳори билан бошланади. Ёшлик ҳам гоҳ завқ, гоҳи тўполон билан ўтган. Қалб иймон билан айри тушган кезлар ҳам бўлган. Умрнинг чорак асри ортда қолган. У шуни тушуниб етганки:
«Дунё» деган шундайин англаб бўлмас сир экан.
Бироқ ҳали орзулардан жудо бўлгани ҳам, юлдуздай кулгани ҳам, Ой каби сўлгани ҳам, гул мисол сарғайиб бўлгани ҳам йўқ.
Хўш, нима бўлган ўзи унда?
Бу шеърда ёш қалбнинг ҳаёт у ўйлагандан тамом бошқача, ўта мураккаб, фақат эзгуликлардангина иборат эмаслигини, одам бошида йўлини йўқотиши ҳам, ғуссага ботиши ҳам, чорасиз қотиши ҳам борлигини англаб, болалик-ёшликдаги пок, беғараз, бегард-бегидир тасаввурларининг ўзгарганидан ачиниш, уни энди ҳеч қачон қайта тополмаслигидан ўкиниш ҳисси ‒ ҳукмрон. Кўнгил ўша покиза ҳисни қўмсайди. Уни излайди. Унга сиғинади…
Бир ишқий шеърдаки, шунча ижтимоийлик бўлса, шоирнинг бутун ижодида ижтимоий мавзу қандай ўрин тутади?
Абдулла Орипов бу жиҳатдан устози Ғафур Ғуломга ўхшайди.

Ватерлоода Наполеон
нима хато қилди?
Абдулла Ориповнинг бир шеъри:
Ватерлоода хато қилди Наполеон…
дея бошланади. Буни тушуниш учун аввал Наполеон Бонапарт кимлигини, Ватерлоо қаерда эканини, бу жангда кимнинг қўли баланд келганини, Франция ҳукмдори қайси хатоси асосида мағлуб бўлганини… билиш керак-да.
Ватерлоо ‒ ҳозирги Бельгия ҳудудидаги машҳур қишлоқ. 1815 йил 18 июнь куни унинг яқинида Франция билан Англия ўртасидаги урушнинг қақшатқич, ҳатто, ҳал қилувчи жанги бўлиб ўтади. Аввалига Наполеоннинг қўли баланд келаётган эди. Бироқ кейин, барибир, англияликлар ғолиб чиқади. Чунки Наполеон лашкарининг бир қисмини душманга ёрдамга келган Пруссия армиясини жанг майдонига киришдан тўсиб туришга ташлайди. Аммо немислар узоқ масофани айланиб ўтиб, барибир, жангга қўшилади. Наполеоннинг қўриқчилик қилиб турган кучлари эса амалда жангга қатнашмай, қолиб кетади. Оқибатда Наполеон лашкари Пруссия армиясининг ёрдами билан кучайиб кетган маршал Веллингтон бошқарган инглиз армиясига ютқазади.
Ватерлоо жанги ҳақидаги ана шу тафсилотлардан бехабар ўқувчи бу шеър туб моҳиятини тушуниб олиши ‒ жуда қийин.
Бу асарида шоир талмеҳ санъатидан фойдаланган. «Талмеҳ» деб тарихий шахс ва ҳодисалар, бадиий асарлар қаҳрамонларини тилга олиш, уларга у ё бу тарзда ишора қилиб ўтиш санъатига айтилади.
Ғафур Ғулом ижодида ҳам бу санъат ниҳоятда кўп қўлланган. Тарихни яхши билмай туриб, бу икки шоир ижодини тўла тушуниш асло мумкин эмас.

Халқ ‒ бош тимсол
Бу икки шоир ижодида шеърият халқ бўлиб сўзлайди.
Бу икки шоир ижодида миллатнинг шонли ва қонли тарихи бугунга, шу замоннинг ҳодисасига айланиб кетади.
Шунинг учун бу соҳиби қаламлар асарлари орасида талмеҳсиз шеър йўқ ҳисоб. Очиғи, халқнинг дардини ўзиники каби ҳис этиш «ижодкорман» деганнинг ҳаммасига ҳам насиб қилавермас экан. Шундайларни биламан, бошига не қора кун тушса ҳам, мард бўлиб чидайди, миқ этмайди. Лекин нохос бир сурнай нола қилса, кўзига бафуржа ёш келади. Нега? Сурнай нолиши халқнинг ҳасрати билан қоришиб кетган-да. Юракни эзиб юборади. Унинг миллий пардаларига тегиб кетади.
Халқники бўлиш ‒ Абдулла Ориповнинг буюк орзуси. У «Бизникилар» шеърини:
Кошкийди, аҳли юрт туриб тепамда:
«У бизники эди», десалар,
деб тугатади.
«Тилла балиқча»да эса балиқчага эмас, аслида, кенг дунёдан мажбуран узиб қўйилган бадбахт халққа раҳмингиз келиб кетади. «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» шеърида Ватанни бойлик­лари, қуёши, пахтаси, жаннатий боғлари учун эмас, шу ерда ОНА ХАЛҚ яшаётгани учун севиши айтилган. «Ўзбекистон» қасидасида-ку халқ бош тимсолга айланган. Унинг нозик нуқталарида ўша пайтда ҳукмрон бўлган шўро сиёсатига зимдан қарши ғоялар устамонлик, яъни шоирона маҳорат билан сингдириб юборилганини кўрамиз.
Мана Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги ўша машҳур банд:
Кечмишинг бор, чиндан ҳам, узоқ,
Илғай олмас барчасин кўзим.
Мақтамасман мозийни бироқ,
Ўтмишингни ўйлайман бир зум.
Забтга олиб кенг Осиёни,
Бир зот чиқди мағрур, давонгир,
Икки аср ярим дунёни
Зир қақшатди оқсоқ жаҳонгир.
Демам бу кун: «У маним, маним»
Ўзбекистон, Ватаним маним.
«Мақтамасман мозийни бироқ», мисрасидаги «мақтамасман» сўзини «мақтаёлмайман» деб тушунасиз. «Демам бу кун: «У маним, маним», ‒ сатридаги «демам» калимасини нозик шеърхон «демайман» деб эмас, «деёлмайман» деб англайди. Чунки шоирнинг асл мақсади ҳам шу эди.
Шундай жаҳонгир бобосини «меники» деёлмаётган бир қарам замонда халқ дардини бундан бошқа яна қандай айтсин?!
Қасиданинг:
Колумбда бор аламим маним, ‒
мисрасини авваллари фақат, океаннинг нари ёғида ҳам бир қитъа борлигини Абу Райҳон Беруний бобомиз тўлқиннинг қайтишига қараб, Христофор Колумбдан бир неча аср олдин башорат қилганига ишора, деб тушунар эдим. Ҳозир бу сатр янада бош­қачароқ ‒ кенгроқ тасаввурлар туғдиради. Айнан Колумб Европадан Ҳиндистонга денгиз йўлини очиш ғояси билан чиқиб, ўзи мутлақо билмаган ҳолда Американи кашф этган. Лекин, барибир, кўп ўтмай Европадан Ҳиндистонга денгиз йўли очилди. Шу-шу Буюк Ипак йўлининг аҳамияти пасайди. У батамом йўқ бўлиб ҳам кетди. Халқимиз ана ўша Буюк Ипак йўли бизни тарк этганидан бу ёғига жаҳон тараққиётидан узилиб қола бошлади. Дунё бизни ташлаб қўйди. Бунинг жабрини ҳозирга қадар тортиб келаётганимиз ҳеч кимга сир эмас. Бу мисра ‒ ҳатто, йиллар ўтиб, кишида ана шундай тамоман янги туйғую мулоҳазаю мушоҳада ҳам уйғотавериши билан қадрли.
Мазкур шеърнинг яна бир миллий томирларимизга таъсир этиб, маъюс бир ҳазинлик уйғотадиган банди бор:
Кеч куз эди, мен сени кўрдим,
Деразамдан боқарди биров.
У сен эдинг, о деҳқон юртим,
Турар эдинг ялангтўш, яёв.
‒ Ташқарида изиллар ёмғир,
Кир, бобожон, яйрагил бир оз.
Дединг: ‒ Пахтам қолди-ку, ахир,
Йиғиштирай келмасдан аёз.
Кетдинг умри махзаним маним…
Ўзбекистон, Ватаним маним.
Шоирнинг «бобожон»и ‒ ким? Деҳқон юрт! Она халқ! У «умри махзан». Яъни унинг ҳаёти ‒ хазина. Ёмғир демай, қор демай, пахтасини ўйлайди. Унинг бир озгина яйрашга ҳам вақт-фурсати йўқ.
«Генетика» шеърининг лирик қаҳрамони ҳам якка шахс эмас. Унда Широқ, Алпомиш, Бобо Кайфий, Улуғбек, Навоий, Бобур, Эрйигитов, Раҳимов бекорга тилга олинмаган. Халқ сифатида келажакка биздан нима фазилат мерос бўлиб қолади? Шоирни шу масала безовта қилади. Жавоб эса ‒ унингча, шундай:
1. Қолар курашларда тобланган хаёл.
2. Буюк бардошимиз қолгуси, ахир.
3. Ўзни бағишладик курашга буткул,
Демакки, яшадик оромга ташна
4. Ҳаққа, ҳақиқатга ташна ўтдик биз.
5. Биз ҳам етукликка бўлмадик тимсол.
Бу дилгир мисраларнинг ўзинигина мушоҳада қилганда ҳам, шоир шўро замонидан ич-ичидан норози эканини англаб олиш қийин эмас. Шунинг учун унинг бутун умиди ‒ келажакдан:
1. Балки оро топиб башар сайқали,
Туғилар энг олий инсон, мукаммал.
2. Лекин сен бўларсан бокира мутлоқ,
Лекин сен яшарсан фаришта мисол.
3. Лабда табассуму кўзда ёш билан
Сенга талпинаман, буюк набирам…
Бироқ бу халқнинг одамийлик даражасини кўтара олмагани шоирни безовта қилади ва у бошқа бир шеърида:
Қачон халқ бўласан, эй сен ‒ оломон! ‒
дея бонг уради.
Бу шўро замонида айтилган. Истиқлол туфайли биз бир бутун халқ бўлишнинг энг қулай имкониятини қўлга киритдик.
Халқнинг ғаними ‒ шоирнинг ғаними. Ёмонлиги шундаки, бу душман ҳам тилида «халқим» дейди. Аслида эса, ҳар сўзида юртни улуғлагани билан, унинг:
Амал поясида ‒ иккала кўзи.
Доимо «халқим» деб кўкрагига уриб юрганлардан баъзиларининг ҳам:
Бир қўли кўксида, бир қўли бироқ,
«Тозалаб» туради халқнинг ҳамёнин
(«Актёр»).
Ёзувчилар боғидаги бир йиғинда Абдулла ака: «Баъзан халқ бир киши тимсолида ҳам намоён бўлиши мумкин», деган эди. Бу таърифни Темур, Навоий, Бобур, Фитрат, Қодирий, Чўлпон ҳақида бемалол айтиш мумкин. Бугун шу сафга Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг ўзини ҳам бемалол қўшиш мумкин. Назаримда, бундай зотлар, ҳатто, тушларида ҳам ўзбек халқи дардини кўрган бўлса керак.

Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари номзоди,
«Нақшбандия»
журнали бош муҳаррири