Сўнгги дийдорлашув

62

Абдулла Орипов ўн тўртинчи йилнинг қиш ва баҳор ойларини Қора денгиз ва ўн бешинчи йилнинг ёз ва куз фаслларини Атлантика океани соҳилларида ўтказди, айни чоғда, тинимсиз ижод қилди. Вақт оз қоляпти, ёзиб қолишим керак, дерди. Мавзулар доираси кенгайди, ҳаётни руҳий-ҳиссий, бадиий-фалсафий таҳлил қилиш янада теранлашди, инсоннинг руҳий олами «қатламлари»га чуқур кириб борди.

Кечаги ва бугунги кунимизнинг моҳир шеършунос заргари Иброҳим Ғафуров 1972 йилда бундай деб ёзган экан: «Абдулла Орипов кечаги кунги кўкларга кўтариб мақташлардан, шеъриятимизнинг юлдузи, метеори деб ҳамду сано ўқишлардан юқори кўтарила олди… Мен чуқур ишонаманки, унинг етмишинчи йиллар шеъри олтмишинчи йиллар шеъридан фарқ қилади, у янги оҳанглар, янги воситалар топади, янги ифодавийликка эришади». Бу тилак­лар ижобатининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Айниқса, «Имтиҳон», «Осмондаги зилзила», «Ўтган тарихлар», «Ҳаёт йўлларида», «Буюк сабр», «Аср фожиаси» каби шеърларга сатирик руҳнинг устунлиги, ички аччиқ истеҳзо, билинар-билинмас, яширин киноя чуқурлашгани, кайфият ва кечинмалар нафақат ташқи олам ҳодисалари, балки бевосита инсоннинг руҳий олами билан вобасталикда ифодаланиши хосдир.
Шеърият моҳият эътибори билан муҳим, баъзан зиддиятли ҳолатлар, инсоннинг идеаллари ҳақидаги сўздир. Шеър объектини ўз ҳаётининг, яъни субъектнинг ажралмас бўлагига айлантириш, қалб призмасидан ўтказиб, ижтимоий аҳамиятли даражага кўтариш чинакам катта шоирларгагина хос. «Ҳамжиҳатлик» шеърида бирдамлик ҳақида сўз боради. Бироқ оддийгина бўлиб кўринган бу фикр шеърий образ воситасида шак келтирилмайдиган аксиомага айланади. Шеър санъат даражасига кўтарилган, шоирнинг «қофия пири» экани, мўлжалга бехато урадиган сўзларни топиши ёрқин намоён бўлган:
Қимирлаган жонга берганман яроқ,
Қилич тақиб олган ҳатто чақалоқ.
«Намойиш» шеърида дунёнинг бугунги манзараси санъаткорона чизиб берилган. Шоирнинг поэтик тасаввурига кўра, осмоннинг «Сомончи йўли»да «катта-кичик давлатлар, барча қитъалардан келган миллатлар иштирокида кўрик, парад бўлиб ўтибди:
Найзасин кўтариб Африка ўтди,
Там-там овозлари самони тутди.
Улар кийиб олган турфа либосин,
Бири филин минган, бири қўтосин.
Осиё етаклаб болаларини,
Аравага ортган бомбаларини.
Бизникилар ўтди хушнуд ва ғолиб,
Пахта чаноғини қўлига олиб.
Ўтдилар, дейишиб акани опа,
Жинсни фарқлай олмай қолган Европа.
Турли ўйиннинг ҳам борлиги дуруст,
Ракетаси билан қўрқитди ўрис.
Ҳамма ёқни босган турли штаблар,
Режиссёрлик қилди ўзи – Штатлар.
Шеърда «жаҳон айвони»даги ҳозирги ҳолат, дунёдаги турли низою можаролар, ҳар бир миллат-у қитъаларга хос хусусиятлар ўз ифодасини топган. Бугунги глобаллашув шароитида, Интернет тармоғи бутун оламни, барча бандаи мўминни чирмовуқдек ўраб олган даврда Ғарб мамлакатларида ва бош­­қа ўлкаларда муҳаббатдек бокира туйғуга заха етаётгандек. 2013 йилда ёзилган «Европа» шеъри мана шу ҳадик ҳақида.
Ҳа, узоқ ва яқин ўтмишда Европада ҳам тоза, соф муҳаббат улуғ мақомда эди. Ромеодек ошиқлар муҳаббат йўлида ўлимга ҳам тайёр эдилар, Отелло сингарилар ёрини рашк қилиб, ҳар нарсадан тап тортмас эдилар. Шекспирдек даҳолар бу мавзуда буюк асарлар яратган. Энди-чи? Интернет тармоғидаги ҳар хил ижтимоий сайтлар орқали «оммавий маданият» нишоналари зўр бериб тарғиб қилинмоқда, ҳатто баъзи мамлакатларда бир жинсдагилар никоҳи қонун доирасида тан олинмоқда:
Энди бу юртларда дунё тескари,
Муҳаббат ҳислари бадар кетганлар.
Жаннатни мадҳ этиб юрганлар бари
Жаҳаннам комига бориб етганлар.
Кўп йиллар Абдулла Орипов билан бир қадар яқин бўлиб, шеърларини нашрга тайёрлашда кўмаклашиб, улуғ шоирнинг юлдузли кунлари гувоҳи бўлдим. 1972 йил эди. Кечки пайт «Болалар дунёси» ортидаги хонадонига бордим. Оталари Ориф бобо ҳам келган экан. Ёшлар қўмитаси мукофоти топширилиши муносабати билан қўмитага боришга ҳозирлик кўрилаётган экан. Шоир мени бирга боришга таклиф қилди. Кетишимиздан олдин қиблагоҳи Ориф бобо оқ фотиҳа берди. «Ортиқча гаплар гапирма, компартияга раҳмат айт», деб насиҳат қилганлари ёдимда. Шоир отасининг бу гапларига кулибгина қўйди. Давлат мадҳияси қабул қилинган сессияда хизмат тақозоси билан муҳокама жараёнини кузатишга муяссар бўлдим. Сессиядан биргаликда қайтдик. Чўнтагидан мадҳиялар матни ёзилган икки варақни олиб, «Мадҳия қабул қилинган кундан эсдалик» деб ёзиб, менга берди. Ҳамон сақлайман. Нақадар фараҳбахш, қувончли дамлар эди. Одатда, бирор ишимдан мамнун бўлса, секингина билагимни сиқиб қўяр эди. Таниш-билишларга мен ҳақимда «у ёлғон гапиришни билмайди», дегани мен учун жуда катта мукофот эди.
Ғамгин, маҳзун дамларининг ҳам гувоҳи бўлдим. Булар кўпроқ шеърларининг матбуотда эълон қилиниши, ­тўпламлари нашр этилиши билан боғлиқ. Икки минг ўнинчи йилдан бошлаб шеърлари ҳеч қаерда эълон қилинмай қўйди. «Даракчи» газетаси билан сал алоқам борлиги учун муҳаррири билан гаплашдим. Олиб келинг, босамиз, деди. Ака билан бирга бордик. Яхши кутиб олишди. Кичик-кичик янги ёзилган шеър­ларни ҳар ҳафтада бериб борадиган бўлишди. Бир-икки кундан кейин учта кичик шеър эълон қилинди. Навбатдаги ҳафтани кутдик. Бироқ ­шеърлар берилмади. Ҳайрон бўлиб таҳририятга борсам, муҳаррир қисқа қилиб: «бизга телефон бўлди», деди. Ким қўнғироқ қилганини айтмади. Дардимиз ичимизда, чорасиз қолавердик.
2014 йилда «Маънавият» нашриёти шоирнинг навбатдаги шеърий тўпламини чиқарадиган бўлди. Бироқ бош муҳаррир ўн еттита шеър борасида тихирлик қилиб қолди. Баъзиларини мутлақо бермасликни, айримларига беўхшов таҳрирлар киритишни талаб қилди. Ака хуноб, бир ёғи хасталик бошланган, дори-дармонга дегандай, пулга муҳтожлик бор, озгина қалам ҳақи ҳам бир мадад эди. Тўплам чиққандан кейин нашриёт директори тўрттасини олиб, аканинг ҳузурига келибди. Учрашганимизда китобни қўлимга олмадим, уч-тўрт қадам наридан шунчаки кўз ташладим, деб айтдилар.
Ўн олтинчи йилнинг айни ёз чилласида дам олиш куни Абдулла акани кўргани Дўрмонга бордим. Ҳовлида эканлар. Хьюстонга бориб-келганларига бир-икки ой бўлган эди. «Уммон орти илҳомлари» туркумига кирган шеърлар ҳақида сўз борар экан, тўсатдан: «Қалам-дафтаринг борми, баъзи фикрларим бор эди, қолиб кетмасин, дедилар. Мана ўша мулоҳазалар: «Инсоният тарихини тафаккур ва илм-у фан тарихисиз тасаввур этиш айни нодонликдир. Одамзод дастурхони фаровонлиги омилини рад этиш ичи қоралик ва ҳасаднинг яққол намунасидир. Тўртта сиёсатчига аччиқ қилиб бутун бир қитъани бадном қилиш айнан кўрликдир.
Одамзод тарихига синфийлик нуқтаи назаридан қаралса, ҳамма нарса чалкашиб кетади. Бунга тарих гувоҳ. Шўролар тузуми ўзининг бутун ҳаёти давомида Американи, Европани, Ғарбни сўкиш билан машғул бўлди. Ҳолбуки, кишилик тараққиётининг энг бетакрор намуналари ўша юртларда яратилгани сир эмас. Армстронг ойга қадам қўйганда, коммунистлар бу фактни кўриб-кўрмасликка олдилар. Айрим ўзбек шоирлари буржуйлар Ойда олтин ахтараяптилар деб чиқдилар. Одамзоднинг миллион йиллик ғалабасини бу кўр сичқонлар, албатта, кўрмас эдилар. Энг ёмони – давр уларнинг қўлида эди. Ўтган асрда йирик талант эгалари, шоирлар ҳам даб-дурустдан «Нима бизга Америка», деган ёлғон риторикани такрорлашдан нарига ўтолмадилар. Бундайлар, аслида, Америка тугул, Ғаллаоролни ҳам кўрмаган.
Инсон болалари бир сайёрада истиқомат қилар эканлар, бир-бирларидан ниманидир ўрганишлари шарт. Бир-бирига ҳасад билан эмас, ҳавас билан қарашлари лозим.
Мен «Уммон орти илҳомлари» туркум шеърларни ёзар эканман, хаёлимдан ҳар лаҳза мана шундай оғриқли саволлар ўтиб турди.
Кўпгина шеърларимда шу каби мавзуларга ишоралар мавжуд. Масалан, ўша тараққий этган Америкада, эътироф этиш керакки, биздаги шарқона, самимий инсоний муносабатлар деярли учрамайди». «Нима бизга Америка?»нинг муаллифи ким экани маълум, «буржуйлар Ойда олтин ахтараяптилар» деб шеър ёзган шоир кимлигини ҳам айтди.
Америкага борганларидан кейин ҳам қўнғироқлашиб турдик. Яна 8-жилд тақдирини сўрайдилар. Бу ёқда жилд ҳалигача босилиб чиқмаган. Турли-туман баҳоналар. Афсус-надоматлар бўлсинким, ака жилдни ўз кўзи билан кўра олмади.
Абдулла ака ўн олтинчи йил 6 сентябрь тонгида Америкага учиб кетиши керак эди. Ўша кунлари ўзим ҳам шифохонада эдим. Шу сабаблими ёки бошқа сабабданми, хайр-хўшлашиш учун бешинчидан олтинчига ўтар кечаси, соат ўн иккига яқин рафиқам Замира Бегимқулова билан хонадонларига кириб бордик. Гарчи олдин бизнинг кулбада кўришишган бўлсалар-да, рафиқамнинг ака хонадонига биринчи келиши эди. «Э, келинг, режиссёр келиним», деб кутиб олдилар. Акани асосан нашрга топширилган саккизинчи жилднинг қачон чиқиши қизиқтирди. Ноширлар «ана-мана чиқади дейишяпти», деб тинч­лантиришга уриндим. Кетишга изн сўраб, тонгда аэропортда бўлишимни айтдим. Самолёт жуда бемаҳал ҳавога кўтарилади, деб, боришимга унамади. Аканинг кайфияти яхши эди. Аввал ҳам неча марта кузатиб қўйганмиз. Кейин аэропортда кутиб олганмиз. Бу навбатдагиси деган хаёлда мен ҳам хотиржам эдим. Шунча йиллар ака-укадек муносабатда бўлиб келган буюк шоир билан охирги марта учрашиб турганимни қайдан билибман? Билганимда, ҳеч қачон ўзига айтмаган дилимдаги гапларни айтардим. Бу ҳам бир армон бўлиб қолди. Ичкаридан янга етовида Замирахон чиқиб келди. Акага: укангиз Сизни яхши кўрадилар, агар Абдулла ака ва мен дарёда чўкиб кетаётган бўлсак, биринчи бўлиб кимни қутқарар эдингиз, десам, «Абдулла акани», деб жавоб берадилар. Шундан ҳам билаверинг Сизга муносабатини, деди. Ака икковлари мириқиб кулишди.
5 ноябрь оқшом пайти қизлари Юлдуз дод солиб қўнғироқ қилди. Карахт бўлиб қолдим. Не дейишимни, қандай юпатишни билмайман. Ижтимоий тармоқларда ҳам шу гап. Эртасига катта қизлари Шоира қўнғироқ қилиб, «аям Хьюстондан телефон қилиб, мачитларда катта қорилар Абдулла ака ҳақига дуо қилишларини илтимос қиляпти», деди. Идорага бориб, дам олиш куни бўлгани учун диний идоралар мутасаддисини топа олмадим. Йўлакда тасодифан котибият мудирига дуч келиб қолдим. Дардимни айтдим. У киши албатта тайинлайман, дедилар. Кечга томон яна Шоира қўнғироқ қилди. Ҳамма умидлар сўнганини айтди. Дунё қоп-қоронғи бўлиб қолди. Халқимиз буюк шоиридан айрилди, ўзбек шеърияти етим бўлиб қолди. Зил-замбилдек жудолик доғи томоғимда тош­дай қотиб қолди. 10 ноябрда тумонат одам улуғ шоирни сўнгги йўлга кузатди. Шоирлар марсия­лар ёзди, адиблар эссе-хотиралар битди. Менинг тилимга ҳеч вақо келмади…
Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ўйларканман, шундай даҳо шоир етмиш беш йил умр кўриб, дурдона асарларни туҳфа қилгани учун ўзбек халқи Шароф Рашидовдан чексиз миннатдор бўлиши керак, деб ҳисоб­лайман. Чунки у кишининг донолиги, меҳри бўлмаганда, ғанимлар «Совға», «Юзма-юз», «Тилла балиқча», «Она тилимга», «Баҳор», «Арманистон», «Авлодларга мактуб», «Сароб» каби шеърлар учун аяб ўтирмаслиги, олтмишинчи йилларнинг охиридаёқ бирор баҳона топиб, шоирни жисмонан маҳв қилиш­лари тайин эди.

Дониёр БЕГИМҚУЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси