Халқчиллиги учун севиб ўқишади

40

«Ishonch»га ишонган ва ишонч билан уни қўлига олган, биринчи бўлиб шу нашрга меҳр берган ва катта илҳом билан ўқиб чиққан ҳамма биродарларимизни, уни тайёрлаган барча ходимларимизни газетанинг 30 йиллиги билан чин дилдан муборакбод этаман. Нишона сонини чиқаришимизда ёнимда турган, газетанинг ҳар бир сўзини меҳр кўзи билан ёзган, терган, унга чирой берган ва албатта, матбуот дўкони заҳматкашларига ҳам бугун қуллуқ қиламан.

Жуда кўпчиликнинг хо­ҳиш-иродаси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари нашри ҳисобланмиш ушбу газетанинг ташкил этилиши ва унинг «Ishonch» деб номланиши ва шу номнинг оқланганлиги ўта қувончли воқеа эди. Бугун – шу муборак кунда ўша кундаги ва албаттаки, бугунги жамоага ҳам ерга етгунча бош эгиб таъзим қиламан. Газетамизнинг келажагига мустаҳкам пойдевор қўйган ўша даврдаги дўстларимга ва бугунги жонкуяр ҳамкасбларимга ўзимнинг чин юракдан меҳрим билан «раҳмат» дейман.
«Ishonch»нинг нишона сонини чиқаришда белини маҳкам боғлаб меҳнат қилган ҳақиқий жонкуярларимизнинг муборак исмларини айтиб ўтиш энг савобли ишлардан бири деб ўйлайман ва бажонидил шу ишни бажараман.
Шу муносабат билан икки оғиз сўз газета фаолиятига боғлиқ бўлган факт ва рақамларга.
Газетамизнинг нишона сони 1991 йилнинг 21 март — Наврўзи олам байрамига совға сифатида ҳафтанома бўлиб, А-3 ҳажмда, 16 саҳифада, 30 минг нусхада, рангда чоп этилди. Узоқ муҳокамалар натижасида газетанинг қошига «Азизлар, бир-биримизга адолатли, меҳр-муҳаббатли бўлайлик!» шиорини қўйдик. Энди Ўзбекистон деб аталувчи мамлакат мустақил бўлгани, ўз тараққиётини янгитдан бошлатганини ҳисобга олиб, шундай шиор бергандик. Ўйлайманки, бу ўз самарасини берди. Газета 30 йилдан бери касаба уюшмаси аъзоларининг ташаккурига сазовор бўлиб келяпти.
Ҳафтаноманинг нишона сони ва кейинги сонлари мазмунига катта эътибор билан ёндашган ҳолда газетхонлар талабига мос қилиб чоп этилишига муносиб ҳисса қўшган қуйидаги қаламкаш дўстларим номларини қувонч билан эслашим одобдан ва адолатдан бўлади, деб ўйлайман ва эринмай уларнинг номларини айтиб ўтаман: жонрид Абдуллахонов, Сайёр, Тожибой Алимов, Тўлқин Имомхўжаев, Саминжон Султонов, Анвар Эшонов, Санъат Маҳмудова, Темур Убайдулло, Шавкат Туроб, Жасур Носиров, Ражаббой Ота Турк, Болтабой Юсупов, Замира Рўзиева, Акмал Акромов, Турғун Назаров, Комила Султонова, Нориниса Қосимова, Иброҳим Аҳроров, Алибой Эргашев, Рустам Жумабоев, Малоҳат Каримова, Зебо Аҳророва, Адҳам Даминов, Темур Ҳайдаров, Раҳмонали Сафаров, Ризо Худойқулов, Саидазим Шарофхонов, Ўсар Абдураҳимов, Обиджон Жуманазаров, Маҳмуд Эралиев, Абдужалил Тайпатов, Шихназар Аҳмедов, Узоқбой Саксонбоев, Носир Тошев, Алишер Ҳакимов, Абдураҳмон Искандаров, Муродулла Кенгбоев каби (баъзи биродарларим номини эсимдан чиқариб, айтмаган бўлсам, узр сўрайман) ходимларимиз ҳамда жуда ажойиб фаолларимиз, хусусан, Нурислом Тўхлиев, Абдуқаҳҳор Иброҳимов, Ҳайдар Муҳаммад, Билол Аминов, Раъно Раҳмон қизи, Ёқубжон Шукуров, Рустам Шарипов, Тўлқин Расулов, Элбек Каримов, Ўктам Ҳакимали, Акбар Юнусов, Абдуқодир Эргашев, Акмал Саидов, Ирода Шамсиева, Олимжон Холиқов, Равил Альбеков, Йўлдош Муқимов, Неъмат Аминов, Пўлатжон Носиров, Шерали Сокин, Ойдин Ҳожиева, Қутлибека, Олимжон Бўриев, Фозилжон Орипов, Яйра Саъдуллаева, Анвар Тожиев, Рауф Толиб, Муқаддас Солиҳ қизи, Ҳожиакбар Шайхов, Сафар Барноев, Файзулла Қиличев, Тўра Мирза, Лутфулла Каримов, Зикир Муҳаммаджонов ва бошқа меҳрибонларимизни шу тантана билан табрик­лаш ва баъзиларини руҳи шод бўлсин деб газетамизнинг тўйи куни эслаб ўтиш ва дуо бажо келтириш имкониятим бор.
1993 йилнинг Наврўз байрами куни рус тилида ҳар ойда бир марта чоп этиладиган ­­А-3 ҳаж­мида 8 саҳифадан иборат бўлган «Ишонч-Доверие» газетасини ташкил қилдик. Унинг адади 20 минг нусхада йил охиригача ўзгармай чиқиб турди. Унда фаоллик кўрсатган Геннадий Неклесса, Ольга Калинина, Абдуманноп Алимбаев, Ниғмат Қосимов, Тохир Юлдашев, Александр Пукемов, Александр Силеенков, Ольга Костикова, Раим Фархади, Йўлдош Муқимов, Лиля Пак, Сергей Ли, Михаил Савельев ва бошқа фаолларимизни ҳам чин юракдан муборакбод этаман.
Бу нашрнинг халқчил ва ўқишли бўлишига сабаб, энг аввало, жамоанинг муносиб кадрлар билан шакллангани, иккинчидан, уларнинг газетага меҳр қўйгани, жамоадаги дўстлик, иноқлик ва ҳамжиҳатликнинг мавжудлиги, оммавий ахборот майдонида ўзини кўрсатган қалам соҳибларининг изланувчанлик, тажрибали эканликлари натижаси деб биламан. Таҳририятга жўнатилган хатларга бўлган эътибор кучли эди. Ҳар ойда у ёки бу туманда ўтказиладиган халқ билан учрашувларимиз ҳам ўз самарасини берди. Халқ билан яқинлик обунамизнинг кундан-кунга ошишига ва уч йил ичида 140 минг нусхага чиқишида ижобий роль ўйнаган.
Бугунги «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарининг бутун жамоасини ва албатта, обуначиларини ушбу қутлуғ айём билан чин юракдан муборакбод этарканман, уларга мустаҳкам соғлик ва ижодларида баланд парвозлар тилайман.

Тўлқин ҚОЗОҚБОЕВ,
1991-1994 йилларда «Ishonch» газетаси Бош муҳаррири