Ўзимизнинг нашр

46

Ишонч туйғуси одамларни бир-бирига боғлаб турган муҳим риштадир. Ўзаро самимий туйғулар асосига қурилган дўстлик ва ҳамкорлик ришталари қанчалик мустаҳкам бўлса, умри ҳам шунчалик безавол ва бардавом бўлади. Бизнинг «Ishonch» бундан 30 йил муқаддам ана шундай яхши ниятлар ила чоп этила бош­ланган.

Ўттиз йилдирки, таҳририятнинг жонкуяр ходимлари мамлакатимиз ҳаёти, кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий жараёнлардан одамларни бохабар этиш борасида баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ўша жараёнларда менинг ҳам озгина (12 йил) ҳиссам қўшилганидан бахтиёрман.
Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, газета саҳифаларида доимий равишда бериб борилган долзарб мавзудаги таҳлилий-танқидий, ­публицистик мақолалар уни йиллар оша респ­убликамиздаги нашрлар қаторидан ўрин олишига, ўқувчилар назарига тушишига сабабчи бўлди.
Бу йил жонажон Ватанимизнинг истиқлолга эришганига 30 йил тўлади. Бизнинг «Ishonch»имизни ана шу давр мобайнида халқимиз босиб ўтган машаққатли ва айни дамда, шарафли йўл, юртимизда босқичма-босқич эришилган муваффақиятларнинг ўзига хос солномасига менгзасак, асло муболаға бўлмайди.
Ҳозирги кунда ҳам мазкур нашрда мамлакатимиз кундан-кунга босиб ўтаётган мураккаб, аммо шонли ва шарафли йўл акс этаётир. Ўзининг газета ўқимаслиги билан фахрланаётганлар бу йўлнинг ҳаётбахш нурларини, улардаги ранг-баранг жилоларни қайдан ҳам билсин? Ахир, айнан газета нафақат бугунги кун панорамасини тўлиқ кўриш ва кузатиш, балки келгусидаги истиқболни ҳам яққол тасаввур қилишга ёрдам бериши кундек равшан-ку! Қолаверса, матбуотда ишлашнинг ўзига яраша машаққати бор. Битта мақола ёки ахборот тайёрлангунча неча кишининг кўз нури тўкилади, кейин саҳифаланади, ҳар бир саҳифа мусаҳҳиҳлар қўлидан ўтказилиб, босмахонага юборилади ва тонггача тўлиқ босмадан чиқарилади, пировардида, тайёр маҳсулот — газета ўқувчилар қўлига етиб бориши учун бутун мамлакат бўйлаб юзлаб одамлар жон койитади. Масъуллар тун бўйи, янаям аниқроғи, тонготаргача қолиб ишлайди. Энг қизиғи, шу ҳол бот-бот такрорланади. Бундай иш тартибига ҳар қандай одам ҳам чидаш беролмаслиги аниқ.
Ана шундай қийин, сермашаққат, аммо шарафли, масъулиятли касбни эъзозлаб келаётган жамоа аъзоларини, қадрли ҳамкасбларимни бугунги қутлуғ сана билан чин юракдан қутлайман.

ЖаҳонгирШАРОФБОЕВ,
2014-2018 йилларда «Ishonch» газетаси
Бош муҳаррири