Ижод уммонидаги музёрар кема

89

Болалигимизда ёшларнинг қўлида гитара билан кўчани тўлдириб юришларига ҳавас билан боқар эдик. Ўсмирлик даврига қадам қўйганимизда гитаралар ўрнини магнитафонлар эгаллади – “Весна”, “Романтик”… Эндиликда кўчани бошидан ҳам, ўртасидан ҳам, охиридан ҳам магнитофонлардан Шерали Жўраев қўшиқлари янграр эди – “Ўзбегим”, “Билиб қўй шерларнинг макониданман”, “Биринчи муҳаббатим”…

Кейин мен ўқидим, ишга кирдим – радиога. Ҳамон Шерали Жўраевнинг қўшиқлари эл орасида машҳур эди. Шунда мен Шерали Жўраевни ўхшатдим. Уммонларда ўзидан кейинги кемаларга йўл очиб борувчи музёрар кемага…

Мингга яқин қўшиқ ижро этган Шерали Жўраевга мавзу топишда ҳозирча ҳеч ким бас келолганича йўқ. Радиода 1 январдан бошлаб 31 декабргача бўлган даврдаги ҳар қандай сана учун бағишланган эшиттиришлар учун Шерали Жўраев қўшиқларидан фойдаланиш мумкин. Мана масалан, “Сизни қутлай йилнинг олдидан”, деган сатрлари бўлган қўшиқни 31 декабрь куни бериш мумкин. 14 январь Ватан ҳимоячилари куни эса “Йигитлар халқларнинг мақтови, кўрки” қўшиғидан фойдаланиш мумкин. 8 март санасига-ку оналар ва аёлларга бағишланган қўшиқлар бисёр. Баҳор ва Наврўзга атаб куйланган қўшиқлар ҳеч қачон саҳнадан тушмаса керак. 9 май санасига бағишланган қўшиқлар ҳақида алоҳида гапириш керак. Ватан ва мамлакатимиз юритаётган тинчлик сиёсати борасидаги қўшиқларини нафақат байрамларда, балки тўй-ҳашамларда ҳам ажиб бир завқ билан тинглашаётгани айни ҳақиқат.

Шерали Жўраев қардош халқларнинг вакиллари ижодига ҳам алоҳида ёндашган. Фузулий, Мақтумқули, Воқиф, Самад Вурғун, Расул Ҳамзатов, Константин Симонов, Гулирухсор Сафиева шеърлари айнан ҳофиз томонидан ўзбекчада куйланади.

Аммо… Ким нима деса десин-у, Ватан ҳақида Шерали Жўраевчалик ҳеч бир санъаткор қўшиқ яратмаган. Мустабид тузум даврида халқимизни руҳлантирувчи Ватан ҳақида яратилган қўшиқлар орасида сўзсиз Шерали Жўраевники алоҳида ажралиб туради. “Шерларнинг макониданман” деган қўшиғи ёдингиздами? “Осиё устида маъшал, Ўзбекистон дейдилар” қўшиғи-чи?

Сен агар буғдойбошоқ бўлсанг, сомонингман, Ватан.

То абад бошинг омон бўлсин, товонингман, Ватан

дея куйлаган ҳофиз ҳар биримизнинг дардимизни созга солмадимикан?!.

Шерали Жўраев ижросидаги “Дунё кезиб изласам, ўхшаши топилмагай. Гуллаган водийлари гўзалликка андоза. Иймони пок элимнинг йўллари бойланмагай. Она юрт Ўзбекистон олтинга топилмагай” қўшиғини тинглаган инсон борки, шу юрт фарзанди эканидан фахр туйғусини ҳис қилган.

Ойбекнинг шеърларини қўшиқ қилиб бўлмайди, дейишади. Аммо Шерали Жўраев бунинг уддасидан чиққан:

Бир ўлка-ки, тупроғида олтин гуллайди.

Бир ўлка-ки, сал кўрмаса қуёш соғинар.

Бир ўлка-ки, қишларида шивирлар баҳор...

Менимча, Шерали Жўраевдан бошқа бирор бир санъаткор қайта Ойбек шеъриятига мурожаат қилмаган бўлса керак. Балки камина бехабардир. Бунинг учун узр, албатта…

Шерали Жўраев мустабид тузум даврида ижод қилган, аммо унинг партия тўғрисидаги қўшиқларини нафақат микроскоп, балки телескопда қидириб ҳам толполмайсиз.

“Кетма баҳор” қўшиғида “бу юртда ётар отам, ёвқур элатдошлари” қўшиғини тинглаб, томирингиздаги қон уфуриб кетиши аниқ. Шахсан ўзим бу қўшиқни қайта-қайта тинглаб, асло тўймайман.

1996 йилда “Ўзбекистон Ватаним маним” қўшиғини “Туркистон” саройида бўлиб ўтган репитиция вақтида эшитган эдим. Кейин ҳозирги “Истиқлол” концерт саройида бўлиб ўтган йирик тадбирда ҳам бу қўшиқ янгради.

“Ўзбегим”, “Инсон қасидаси” алоҳида мавзу. Бундан 30 йиллар муқаддам, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари телевидение орқали қилган чиқишида эндиликда шоир ҳам, ҳофиз ҳам ижод қилмаган тақдирларида “Инсон қасидаси” орқали ўзларининг инсоний вазифаларини бажариб бўлишди, деган фикрларни айтган эди. Мен ҳам, ҳеч бир муболағасиз айта оламанки, бу қўшиқлар орқали Аллоҳни танидим, ўзлигимни англадим, ўзбеклигимдан фахрландим.

Биз сиздан миннатдормиз улуғ ҳофиз, қалбимизда  шундай туйғулар уйғотганингиз учун…

Мен шуни айтмоқчи эдим.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,

журналист