Шароитлар ҳавас қилгудек, имтиёзлар ҳам

540


Асака шаҳридаги «GM Uzbekistan» акциядорлик жамиятининг 8 минг 719 нафар ходими иш жойини бирдек ардоқлайди. Шунга монанд равишда замонавий ва хавфсиз иш шароити, етарли ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий муҳофаза, турли имтиёзлар жорий этилган.

Автозаводда жамоа шартномалари ҳамда келишувлари асосида ходимлар ва уларнинг фарзандлари ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, санаторий ва оромгоҳларда соғломлаштириш, ёш оилаларни имтиёзли йўлланмалар билан таъминлаш, спорт-соғломлаштириш тадбирларини мунтазам ташкил этиш, тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштириш сингари жиҳатлар ҳамиша диққат марказида. Махсус кийим-бош, бепул тушлик, қишки озиқ-овқат захираси, яшаш жойи корхонадан 40 километр радиусгача масофада жойлашган ходимлар учун транспорт хизмати, фаолиятда эришган натижаларига қараб қўшимча равишда рағбатлантириш анъанага айланган.

Эътибор беринг-а, сўнгги даврда жамоа шартномасида кўзда тутилган бандлар ижроси бўйича сарфланган маблағ миқдори бир ишловчига ўртача 7 миллион 576 минг сўмга тўғри келаётир. Бу рақамлар, шубҳасиз, ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар кўламидан далолат.

Корхонада ҳар йили ходимлар шарт-шароитини яхшилаш юзасидан, албатта, бирон-бир чора-тадбир амалга оширилади. Хусусан, 2018 йилда 2-пайвандлаш цехида 1 миллиард 546 миллион сўм маблағ эвазига замонавий ювиниш хоналари қурилиб, жамоа ихтиёрига топширилди.

Баҳаво шаҳарда қад ростлаган «Хонобод» санаторийси «GM Uzbekistan» акциядорлик жамиятининг ихтиёрида бўлиб, оғир жисмоний босимдан сўнг саломатликни тиклаш ва ҳордиқ чиқаришда тоғ ён бағрида жойлашган ушбу сиҳатгоҳнинг катта имкониятларидан, аввало, корхона аъзолари баҳраманд бўладилар.

Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда давлат идораларида мурожаатлар билан ишлаш, таклиф, ташаббус, шикоят ва эътирозларга тезкор ва жўяли муносабат билдириш борасида ўзига хос тизим яратилган. Касаба уюшма қўмитаси ана шу тамойил­лардан келиб чиқиб, завод ҳудудида тўртта «адолат қутиси»ни ташкил этди. Бош директорнинг «Ишонч телефони» ҳам қўмита идорасида жойлашган. Ҳар бир мурожаат ўз вақтида ўрганиб борилади. Шундан бўлса керак, ишлаб чиқариш цехларида соғлом маънавий муҳит барқарор.

Акциядорлик жамияти маъмурияти ҳамда касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2016-2018 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг ўтган йилда бажарилиши юзасидан ташкил этилган ҳисобот-конференциясида юқоридаги жиҳатлар мамнуният билан тилга олинди. Тадбир доирасида 2019-2021 йиллар учун мўлжалланган жамоа шартномаси қабул қилинди.

Конференцияда Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган саноат ходими Аҳмаджон Ҳаққулов жамоа шартномаларини йилдан-йилга тўлдириб, янада такомиллаштириш юзасидан қимматли фикр-мулоҳазаларни баён этди.

Нурилло НЎЪМОНОВ,

                           «Ishonch»

Бошқа хабарлар