Қора чивиндан бизнес

182

ёки ноодатий  ишбилармонлик ҳақида ҳикоялар

 Қорақалпоғистонлик тадбиркор Рашид Қартбаев маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, улардан 90 фоизгача яроқли маҳсулотлар ишлаб чиқариш уддасидан чиқяпти. Энг эътиборлиси – у фақат чиқиндиларни қайта ишлаш орқали 450 нафардан ортиқ иш ўрнини яратган. У чиқиндини қайта ишлашдан бошқа паррандачилик, қўйчилик, қуёнчилик, деҳқончилик бўйича ҳам тадбиркорликни йўлга қўйишни режалаштирган. Ҳаттоки, у оддий қора чивиндан ҳам мўл фойда кўриш мумкинлигига ишончи қатъий.

 Чивиндан қандай фойда кўрса бўлади?

Қаҳрамонимиз Рашид Қартбаевнинг корхонасида бўлганимизда бизнинг эътиборимизни тортгани – кераксиз деб ташланган целлофан халта ва баклажка, ташландиқ матоларни пресслаб, уларни тўрт бўрчак блок шаклига келтириб бино қураётгани бўлди. Энига 5, узунлиги 30 метрлик бинони нима учун қураётгани қизиқ бўлди.

Бинога цемент, ғишт каби қурилиш материаллари ишлатилмаяпти. Ташландиқ баклажка, целлофан, мато, пластмасса идишлари ва шунга ухшаган нарсалар прессланиб, блок ҳосил қилинган. Қартбаевнинг айтишича, бунинг ичи қиш кунлари илиқ, ёз кунлари салқин, об-ҳавоси муътадил бўлади.

“Менга ҳудди шундай гараж автомобиль қуриб беринг деган таклифлар ҳам тушяпти. Сабаби, ичида турган автомобиль тўнгламайди-да, — дейди қаҳрамонимиз. — Аслида бу бино чивин боқиш учун мўлжалланаяпти. Бизга кераги – чивиннинг қурти. Молларнинг, паррандаларнинг, ҳайвонларнинг, балиқларнинг ташландиқ аъзоларини ҳам фойдага оширмоқчимиз. Улар чивинларнинг озуқасидир. Қурт белок ва протеинга бой. Қуртларни йиғиб олиб, майдалаб, емга аралаштириб молларга, товуқларга, балиқларга берсангиз тезда семиради ва бақувват бўлади.

Чивинни ифлос, бактерия ташийди, дейишади. Аммо, фанда исботланган – чивин доимо усти-бошини тозалаб юради. Ўзингиз ҳам кўргандирсиз – чивин оёқларини тинмай бир-бирига суркаб, қанотларини ҳам тозалаб туради. Ҳозирда Самарқандда чивин қурти бизнеси билан шуғулланаётган танишларим бор. Масалан, Чинозда ҳам балиқчилар чивин қуртидан унумли фойдаланишяпти”.

“Чўчқани гўшти учун боқмаябман”

Қартбаев чўчқа ҳам боқар экан. 100 бошга яқин чўчқалари бор. Уларни гўшти учун эмас, балки корхонасининг мадаткорлари сифатида сақлаётган экан.

Р.Қартбаев бу ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.

“Шаҳардан бир машина чиқинди келса, унинг ичида ювиндиси ҳам, баклажкаси ҳам, целлофан халтачаси бари аралашиб келади. Бизга керакли чиқиндиларни чўчқалар ювиндилардан артиб беради. Чўчқанинг ўрнида қўй боқиб кўрдим, аммо қўй целлофанни еб қўйиб, ичагига ўратилиб, ўлиб қолди. Лекин, чўчқа целлофанни, баклажкани, матони емайди, еб қўйса ҳам ошқозони ҳазм қила беради. 3-4 йилдан берли боқаман, ҳозиргача биронтаси ўлган эмас.

Ҳозирги кунда шаҳардан чиқаётган чиқиндиларнинг ҳаммаси бизга олиб келиб ташлаяпти. Кўз олдингизда айни пайтда 124 машина чиқинди ётибти. Лекин, ўхшайдими шунча миқдордаги чиқиндига? Йўқ. Сабаби, биз чиқиндиларнинг қарийб 90 фоизини яроқли маҳсулотга айлантирябмиз. Целлофонлардан полиэтилен гранула ишлаб чиқариб, улардан сув қувури, брусчатка ишлаймиз. Баклажкаларни Самарқандда килам ишлаб чиқарадиган корхоналарга жўнатябмиз. Энг охирида ғиштнинг бўлаклари, қурилиш материаллари қолдиқлари каби чиқиндилар қолади. Лекин, уларни ҳам фойдага яратса бўлади. Масалан, ғишт бўлаклари чуқур ерларни текислашда жуда ос қотади. Уй, бино қурувчилар уларни ҳам ишлатса бўлади”.

Қўйнинг юнги қўйнинг ўзидан ҳам қиммат бўлиши мумкин

Битта қўйдан 1 килога яқин юнг олинар экан. Шу бир кило юнгни қўйнинг ўзидан ҳам қимматига пуллаш мумкин.

Рашид оға Россияда ишлаб чиқариладиган кигиз этикларни мисол қилиб келтирди:

“Қўйнинг нархи бозорда нари борса 1 млн сўмдир, масалан. Агар, унинг юнгини тозалаб, пийма (кигиз этик) ишлаб чиқарсак, уни 1 млн сўмдан ортиғига сотиш мумкин. Яна экспортга чиқариш мумкин. Сабаби, совуқ улкаларда кигиз этикка талаб жуда юқори бўлади.

Нукусда одамлар ҳозир қўйнинг терисини ташлаб юборишадиган бўлди. Жуда увол. Ахир ундан тўн ишлаб чиқарса бўлади-ку.

Менинг келажакдаги бизнес режаларимнинг бири – қўйнинг юнгини, терисини қайта ишлаб чиқаришдир”.

Қуёнчиликни ривожлантиришнинг энг оддий ва осон йўли

Қартбаевнинг таъкидлашича, қуёнчилик – энг оддий ва осон бизнес, аммо, бизда кўпчилик тадбиркорлар мураккаб йўл билан бормоқда.

“Қуёнчилик билан шуғулланаётган тадбиркорларни кўрябман, лекин, улар жуда мураккаб йўлдан кетишяпти. Биринчидан, қуёнга катта қилиб бино қуряпти ёки бўш турган бинони сотиб оляпти. Бунга катта пул чиқяпти. Иккинчидан, қуёнларни сақлаш учун қафас сотиб оляпти. Унга ҳам қанчама харажат кетади. Учинчидан, қуённинг озуқа-еми ҳам қиммат. Бу каби бизнесни бошлашга оддий фуқаронинг қурби етмайди.

Мен қуёнчилик билан шуғулланишни бошлаганимга 5-6 ой бўлди. Лекин, ундан олдин 3 йил тажриба ўтказдим. Қуён боқиш сирларини атрофлича ўргандим.

5-6 ой олдин сотиб олган ўнлаган бош қуён ҳозирда 150 тадан ошди. Ишонасизми, қуёнчилик бизнесимни бошлашга нари борса 300 минг сўм пулим чиқди, холос. 10Х100 метрга тўр сим тортдим, ичида қуёнлар бемалол юра олади. Ерни қазиб, устига саксовул, юлғун, қизилмия, қамиш ташладим. Ости қуёнлар учун қўлай ин бўлди. Миллионлаб пул сарфлаб катта бино қурмадим, қафаснинг ҳам кераги бўлмади, озуқаси эса оддий далада ўсиб турган қизилмия, саксовул, юлғун каби чўл ўсимликлари. Олиб келиб ташлайман. Патирлатиб ейди. Қуёнлар асосан ушбу ўсимликларнинг қобиғини ейишини англадим.

Қуён бошқа бир қуён боласини еб қўйиши мумкин экан. Бу каби ҳодисага бирнеча бор гувоҳ бўлдим. Нима учун деб, ҳайрон қолиб юрардим. Бир куни бунинг сабабини ҳам билиб олдим. Қандай қилиб денг?

Битта ходимимни дангасалиги учун ишдан ҳайдаб юбордим. У бир куни қўрага келиб, чуқурга тушиб иккита катта қуёнимни олиб кетибти. Эндиги сафар келганда кира олмасин, деб чиқиндида ётган молнинг, қўйларнинг терилари билан бекитиб ташлагандим.

Орадан кўп вақт ўтмади. Бир куни қарасам, ҳалиги териларни қуёнлар яхши кўриб еятган экан. Шундан кейин улар болаларига оғиз солмайдиган бўлди.

“Қуёнчиликни ривожлантиринг” деб Ҳукуматдан топшириқ бўляпти, агар менга шу бизнесни бошлайман деганлар келса, жоним билан ўргатаман. 1 гектар ер бўлса бўлди. Ҳозирда “Ёшлар: 1+1” дастури амалда-ку. Мана, қуёнчиликни ўрганаман деган ёшлар бўлса, мен ўргатишга ва доимо қўллаб-қувватлашга тайёрман.

Қуёндан нима фойда, гўштини еб бўладими деб сўрашади кўпчилик мендан. Аслида қуёнда фойда кўп. Биринчидан, унинг гўшти парҳез саналади, иккинчидан, наслли қуёнларнинг терисидан шуба ишласа ҳам бўлади. 5-6 қуённинг терисидан битта шуба чиқади”.

Ҳаммаси қандай бошланган эди?

Рашид Қартбаев Қорақалпоғистонда “суякнинг уни, товуқнинг пари” орқали тезда танилди. У суякнинг уни, товуқнинг парини халқ табобати соҳасида синамоқчи бўлди. Ўзини “Чиқиндилар қироли” деб атайдиган Рашид оға энди одамларни суякнинг уни ва товуқнинг пари билан даволайдиган табибга айланди. Ижтимоий тармоқларда унинг рекламалари машҳур бўлди. Лекин, кўп ўтмай унинг бу ташаббуслари ўзига анча қимматга ҳам тушди. Мутахассислар унинг табибчилигини қоралади, бу эса кенг жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди ва у табобатчиликни бутунлай йиғиштирди.

Хўш, унинг чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича бизнеси қачон ва қандай қилиб бошланган эди?

1997 йилда битта жаҳонгашта немис сайёҳи Нукусга келганда шаҳарни дунёдаги энг ифлос шаҳарларнинг сирасига киритган.

“Ўша пайтларда Нукус чиндан ҳам жуда ифлос шаҳар эди, — деб эслайди Р.Қартбаев. – Шу гап менга қамчи бўлди. Ёнимга 4-5 йигит олиб, «Тозалик маркази» номли нодавлат нотижорат ташкилот туздик. Дастлаб, шаҳардаги 21, 22, 23-кичик туманларнинг ҳудудини тозаладик. Бир кун шаҳар ташқарисидаги ахлат ташланадиган жойга борсам, чиқинди тоғ бўлиб ётибди. Унга қараб ўйланиб қолдим. Бу чиқиндилардан маҳсулот ишлаб чиқариш ғояси миямга келди.

Бу айтишга осон-у, лекин амалга ошириш жуда қийин бўлди. Кўп изланиб, суриштириб, ўрганиб, уч йил деганда, чиқиндига ташланган баклажка, целлофан пакет сингари нарсалардан полиэтилен қувур ишлаб чиқарувчи ускуна яратдим.

«Мустанаб-Ҳилол» масъулияти чекланган жамиятимиз 2001 йили илк маҳсулотини бера бошлади. Дастлаб ўзим яшаган кичик туман ҳудудидаги 250 та уйнинг қувурларини ўзгартирдим. Уларнинг ҳар бирига диаметри 25 миллиметр бўлган 40 тадан қувур совға сифатида  бердим. Ўша пайтда бозорда қувурнинг баҳоси 10 000 сўм бўлса, мен уни 3000 сўмдан сотдим.

Шунча машаққатлар билан иш бошлаган бу тадбиркор йигит бошқараётган  корхона бугун фақат қувур эмас, полимер шифер, брусчатка ҳам ишлаб чиқара бошлади. Ахлатхоналарга ташланган эски кийим-кечак, матолардан эса девор учун суюқ гулқоғоз, суяклардан эса суяк уни ишлаб чиқара бошлади.

Айни пайтда «Мустанаб-Ҳилол» корхонасида 50 нафар ходим штатли ишлайди. Шаҳар ичидан баклажка, целлофан пакетларни йиғиб келадиган штатсизлар сони эса 150га боради. Ойбек, Абай исмли укаларига очиб берган корхоналарда ҳам 300га яқин киши ишлайди. Умумий миқдорда Рашид Қартбаев бошлаган чиқинди бизнесида 450га яқин одам иш билан банд.

Рашид Қартбаевнинг ўзига тегишли “Мустанаб ҳилол” корхонаси йилига 365 тоннага яқин пакет, пластмасса чиқиндиларини қайта ишлайди. Корхона ишга тушган 2001 йилда 80 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган, 2014 йили 410,3 миллион, 2015 йили  695,8 миллион, 2016 йили 761,6 миллион, 2017 йилда эса бир миллиард сўмлик маҳсулот чиқарган. Ўтган 2020 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 1 млрд 800 млн сўмга етган. Корхонада целлофан чиқиндилардан пластмасса қувурлар, шиферлар, ташландиқ матолардан суюқ гулқоғозлар ишлаб чиқарилади. Шиша синиқларидан эса уйнинг фасадига ишлатиладиган қурилиш материали тайёрланади.

У 4 та корхонага асос солган. Улардан бири “Мунбай” корхонаси  шаҳар ичидаги чиқиндиларни тозалайди ва “Мустанаб ҳилол” корхонаси ташийди.

“Металл-кон Нукус” корхонасида пол тахталар ишлаб чиқарила бошлади. Пол тахталар кузда ерга тушган дарахт япроқларидан, сомондан тайёрланади.

«Мустанаб-инвест» корхонасида эса ҳожатхона қоғози ишлаб чиқарилади.

Рашид Қартбоев ўзи ихтирочи ҳамдир. Чиқиндиларни қайта ишлайдиган цехларини ўзи ихтиро қилган. Банкдан шу вақтга қадар кредит олиб кўрмаган. Фақат пол тахталар ишлаб чиқарадиган “Металл-кон Нукус” корхонасига Хитойдан 92 минг долларга ускуна сотиб олган. Мана шу вақтда банкдан кредит олган. Лекин, у кредитни ҳам тезда сўндириб ташлаган. Воқеа қуйидагича бўлган.

“Металл-кон Нукус” корхонасини укаси Абайга очиб беради. Битта бўш турган бинони 400 млн сўмга сотиб олади. Орадан озгина вақт ўтгандан кейин ушбу бинонинг ярмини бошқа тадбиркорга сотади. 400 млн сўмга. Энди бино ўзига текин қолади.

Япроқдан, сомондан пол тахта ишлаб чиқариш ускунаси борлигини Интернетдан билиб олади. Нархи – 92 минг доллар экан. Банкдан кредит олади. Сотиб олган биносини демонтаж қилган пайтда узунлиги 3 километрга етадиган швеллер чиқади. Пулласа нақд 90 минг доллар чиқади. Мана шундай муъжизалар тадбиркорнинг ҳаётида жуда кўп маротаба рўй берган.

Е.Қаноатов