Алифбо муҳокамаси: ҚАЧОНГАЧА ЧАЛА ИШ ҚИЛАМИЗ?

61

Бойнинг бир хил иш қиладиган икки хизматкорнинг бирига кўп, иккинчисига оз ҳақ бериши, бунга кўп ҳаракат қилса-да, оз ҳақ оладиган хизматкорнинг оёғи, кўп ҳақ оладиган хизматкорнинг эса ақли илдамлиги сабаб экани ҳақидаги машҳур ривоятни кўпчилик эшитган. Кейинги вақтда биз қилаётган ишлар фақат оёғи илдам хизматкорнинг тутумига ўхшаб қоляпти. Яхши ният билан қилинаётган жуда кўплаб ишлар орқага қайтмайдиган, иккинчи марта овора бўлмайдиган йўсинда бажарилмаяпти. «Давлат тили тўғрисида»ги қонун чала бўлгани учун мана ўттиз йилдан ошди ҳамки, биз кутганчалик тўлақонли иш­лаётгани йўқ. Неча йиллардан бери гоҳ кўтарилиб, гоҳ сусайиб муҳокама қилиб келинаётган ўзбек алифбоси лойи­ҳаси ҳам кейинги авлодларга керагидан кўпроқ иш қолдирадиган йўсинда тайёрланган кўринади.

Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 10 февралдаги «Лотин ёзувига асос­ланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган «йўл харитаси» ёзув борасида ғоят узоқ чўзилиб кетган «икки ҳокимиятчилик»ка барҳам беришга қаратилгани билан кўнгилларда умид учқунларини пайдо қилган эди. Такомиллаштирилган ўзбек алифбоси лойиҳасининг жамият аҳли муҳокамасига ҳавола қилиниши бу умид учқунларини алангага айлантирар, деб ўйлагандик. Тўғри, лойиҳада бир қатор мақбул жиҳатлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Чунончи, ­лойиҳага кўра, ёзувда ортиқча ноқулайликлар туғдириб келган бирикмаларнинг бир ҳарфга келтирилгани, ўзбек тили табиатига ёт «ц» ҳарфи, юмшатиш белгиси (ь)нинг чиқариб юборилгани жуда тўғри бўлган. Шунингдек, алифбо тартиби ҳам халқаро тажрибага мувофиқ берилгани ҳам диққатга лойиқ. Аммо миллий алифбони такомиллаштириш борасида қилиниши шарт бўлган юмушларнинг катта қисми қилинмай қолиб кетгани кишида норозилик уйғотади.
Лойиҳа муаллифлари алифбони ўзгартиришдан мақсад, биринчидан, ёзувни ўзбек тилининг табиатига максимал даражада яқинлаштириш, иккинчидан, ёзувнинг умумийлигига таянган ҳолда туркий халқларни ўзаро бирлаштиришдан иборат бўлганини ҳисобга олмаганлар. Чунки муайян бир тилнинг ёзуви унинг асл табиатига қанчалик яқин бўлса, тил вакилларининг ёзма саводхонлиги шунча юқори, нутқи равон, фикрлаш йўсини аниқ бўлади. Туркий халқларнинг умумий ўртоқ ёзувга эгалиги уларнинг тилмочсиз алоқасига имкон яратган, демакки, туркий дунёни бир-бирига яқинлаштирган бўларди. Алифбо лойиҳасида эса айни шу жиҳатлар назардан қочирилган.
Алифбо лойиҳаси муаллифлари ҳар ҳолда ўзбекларнинг ҳам туркий эканини билсалар керак. Ва яна улар яхши билишлари керакки, барча туркий халқлар сингари ўзбек тилида ҳам камида тўққиз унли мавжуд. Лекин қачонлардир боболар йўл қўйган хатони қонунлаштириб, ўзбек унлилари сонини нега олтитадан оширмаслик керак? Миллатимизнинг номи бўлмиш «ўзбек» деган сўздаги биринчи товушга алоҳида белги бериш мантиқий зарурият ва виждоний бурч эмасми? Шунингдек, «И», «У» товушларининг жуфтларига ҳам махсус ҳарф берилиши шарт-ку? Ахир халқимизнинг нутқида, биздан ­бошқа барча туркий халқларнинг алифбосида бу ҳарфлар бор-ку?! Ҳатто, қардош қорақалпоқларнинг алифбоси ҳам бизникига қараганда миллатнинг тил хусусиятларини тўлароқ ифодалайди. Йўл қўйилган ҳар қандай хато қачондир тузатилиши керак. Ўйчил миллат хатоларнинг бир қисмини эмас, ҳаммасини тузатишни кўзда тутади. Қачонгача бир хато тузатилиб, иккинчиси кейинги авлодга қолдирилаверади? Келажак авлод ҳам худди биздай қийналиши шартми? Ҳамонки, миллий алифбо такомиллаштирилаётган экан, бир замонлар йўл қўйилган барча хатоликларни тузатиб, ҳам тилимиз табиатига, ҳам қардошларга яқинлашиш чораси кўрилиши керак.
Лойиҳада ўзбек тилининг табиатига мутлақо ёт бўлган «тутуқ» белгисини сақлаб қолиш билан нимага эришилади? Қачондир араб тилидан кириб келган сўзлардагина қўлланган, тилда йўқ товушга белги нима учун қўйилади? «Х» ва «Ҳ» ҳарфлари худди турклардаги сингари битта қилиб қўя қолинса, нима йўқотилади? Ахир, барибир, ўзбек бу товушларни фарқламай ишлатади-ку?! «Ҳ» товушининг айтилишига ўзбекда на жисмоний ва на артикулацион асос бўлгани ҳолда одамларни қийнаб, ёзувда хатони кўпайтириш кимга, нима учун керак? Мана «ц» товуши чиқиб кетди. Айримлар ваҳима қилгандай, осмон узилиб, ерга тушмади-ку?
Ҳарфларни танлашдаги ўзига хослик ва ўзига мослигимиз камлик қилгандай, мавжуд ҳарфларга товуш тайин этишда ҳам бошқа туркий алифболардан узоқлашиладиган йўл тутилган. Чунончи, бутун турк дунёсида «О» ҳарфи биздаги «Ў» товушини билдиради. Бизнинг алифбодагина бу ҳарфга ўзгача фонетик юк ортилган. Шу сабаб бу масала ҳам ўзига хос мулоҳаза ва муҳокамаларни талаб қилади.
Бизнингча, алифбо лойиҳасининг муҳокама муддати 31 мартга қадар деб чегаралангани ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Буни камида 15 апрелга қадар узайтириш ва республиканинг расмий ахборот воситаларида ҳам муҳокамасини ташкил этиш керак.
Ҳар қандай ислоҳот каби алифбони ислоҳ қилиш ҳам шунчаки ислоҳот учун эмас, балки қулайлик ва такомиллаштириш учун қилиниши керак. Айримлар жамиятда шунча муаммо турганда, алифбони такомиллаштириш шартми, боридан фойдаланилаверсин-да, дейишмоқда. Барча муаммолар айнан ўзлигимизни таниш ва танитишга хизмат қиладиган миллий белгиларга бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз туфайли содир бўлади. Агар ўзликни англатадиган жиҳатларга жиддий ёндашиб, эътиқод бутунлигига эришилганда эди, сув омборларимизга балиқнинг, томларимизга шамолнинг кучи етмаган бўларди. Маънавият жабҳасидаги тежамкорлик ҳаётнинг қолган барча соҳаларида ҳадсиз йўқотишларга олиб келиши тарихнинг тажрибасида кўп кўрилган ҳақиқат.
Баъзи одамлар тилни сиёсатга аралаштирмаслик керак, дейишлари мумкин. Ҳолбуки, айнан тил сиёсатга айланмагани учун ҳам сиёсат чинакам сиёсат даражасига чиқа олмайди.

Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ,
педагогика фанлари доктори, профессор

Таҳририятдан: Албатта, мақолада билдирилган фикрлар муаллифнинг шахсий мулоҳазаларидир. Шу боис, таҳририят мазкур мавзу юзасидан билдирилган мулоҳаза ва фикрларга газета саҳифаларида минбар беришга тайёр. Зеро, ҳақиқат баҳсларда туғилади, равшанлашади.