Кўрпача маъқулми ёки курси?

51

Кейинги пайтларда кўмак сўраб келувчи беморларнинг аксарияти оёқ ва бел оғриғидан шикоят қилади. Одатда, бундай беморларга «Остеохондроз» ташхисини қўяман.

Суҳбат асноси уларнинг турмуш тарзи, оилавий одатлари билан ҳам қизиқаман. Шунда бир нарса эътиборимни тортади. Кўпчилиги замонавий турмуш кечиради, деярли барчасининг хонадонида юмшоқ мебель бор. Шу боис кўрпачани аллақачон тахмонга тахлаб қўйган бўлиб чиқади.
Хасталикнинг кўрпачага нима алоқаси бор, демоқчисиз-а? Албатта, бор.
Биласиз, халқимиз азалдан кўрпачадан фойдаланиб келган. Бу бошқа давлатларда ҳам урф бўлган ва ҳозир ҳам сақланиб келмоқда.
Аслида, кўрпачада ўтиришнинг фойдаси катта. Чордона қуриб ўтириш ёки иккала оёқни йиғиб, чўккалаб ўтириш (эркакларга хос) ёки бир оёқни йиғиб, иккинчисининг устида ўтирганда, қон айланиши меъёрда сақланади, оёқлар, бел соҳаси, умуман, тананинг барча аъзолари яхшироқ дам олади. Киндикдан пастда қон димланиши бўлмайди. Эмин-эркин ўтириш натижасида ҳосил бўладиган энергия оқимлари «зое катмайди». Курсида ўтирганда эса тананинг маълум жойларида пайдо бўладиган бундай энергия оқимлари бир-биридан узоқроқ бўлади ва оқибатда кўп қисми ташқи муҳитга сингиб кетади.
Курсида ўтириш эса оёқларнинг тез чарчашига олиб келади. Қуймуч соҳасидан ўтадиган энг катта асаб толаси (қуймуч нерви) сиқилади. Қон айланиши қийинлашади. Ҳар куни соатлаб, ойлаб, йиллаб давом этадиган бундай ҳолат натижасида инсон ўзи сезмаган ҳолда турли касаллик­ларга дучор бўла бошлайди. Томирлар кенга­йиши, бавосил, йўғон ичак касалликлари, простата бези хасталиклари, пешоб тош касалликлари шулар жумласидан.
Тўғри, юқоридаги мулоҳазалар илмий асосга эга эмас. Аммо камина тиббиёт соҳасида қарийб 45 йил ишлаган. Ва кўрганларим, кузатганларим, ўқиганларим асосида шундай хулосага келдимки, кўрпачада ўтириш инсон саломатлигига жуда катта фойда. Айниқса, овқатланиш жараёнида иложи борича кўрпачада ўтирган маъқул. Тўшакда ўтирадиганларнинг энергияси ўз танасида қолади ва касалликларга кам чалинади. Курсида ўтирадиганлар, аксинча, кучсизроқ, нимжонроқ бўлади.
Ривоятларга кўра, пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам овқат маҳали чап оёқни йиғиб, ўнг оёқни тик ҳолда буклаб ўтирган эканлар. Бундай ўтириш кўп овқат еб қўйиш оқибатида семиришнинг ва бошқа касалликларнинг олдини олишга хизмат қиларкан.
Ҳозирги кунда айримлар кўрпачада ўтиришга эскилик сарқити сифатида қарашади. Буни гўёки замондан, маданиятдан орқада қолиш, дея баҳолашади.

Аслида, айтадиганимиз шуки, кўрпачада ёки курсида ўтириш ҳар кимнинг ўз ихтиёри. Лекин ҳар бир хонадонда кўрпача-ю хонтахталар бўлса, болаларимиз кўрпачада ўтиришга одатланишса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ўктам КАРИМОВ,
Урганч шаҳридаги Халқ
табобати-соғломлаштириш маскани
бош шифокори