Обидовнинг «бошқача» жиҳатлари

535

Ёш мухбирлардан бири бокс бўйича ўн икки раундли даҳшатли «жанг»да ҳозиргина ғалаба қозонган, терга ботиб ҳансираб турган Майк Тайсондан ҳаёти, ушбу олишув ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилганида, машҳур боксёр: «Бу саволингизга мен эмас, мушт ва зарбаларим мендан кўра яхшироқ жавоб беради, уларга мурожаат қилинг» дея мухбирни эркалабгина муштлаб қўйган экан.

Миллий журналистикамизда ­кўпларга узоқ йиллар ибрат намунаси бўлиб қоладиган таниқли касбдошимиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Унинг серқирра фаолияти, мураккаб ижод йўли, мухбирлик лабораторияси, ҳозиржавоб ва ташкилотчилиги, раҳбарлик қобилияти, ҳеч кимга оғиз очмайдиган «ичимдан топ»ларни ҳам гапиртириб юбориш маҳоратини билмоқчи бўлганлар, бу ҳақда ўзидан сўраб ўтирмай, ёзган китоб­ларига, эфирга узатилган туркум кўрсатув ва фавқулодда муҳим репортажларига, таҳлилий мақолаларига мурожаат қилганлари маъқул. Уларни ҳеч бир муболағасиз, маҳорат сабоқлари дейиш мумкин.
Анча йиллардан бери вилоят журналистларига бироз бошқача руҳда бош-қош бўлиб турган дўстимизнинг «Журналист суриштируви» сарлавҳали китоби билан танишган ўқувчи заҳматли касбимизнинг кўзга кўринмас, қўлга илинмас мураккабликлари-ю, ёзилганидан кўп ёзилмаган кўплаб қонунлари ҳам борлигидан хабардор бўлади, айни чоғда, мухбир сифатида юрт кезиб, жамиятни муҳим янгиликлар билан бирга, ечимини кутиб ётган муаммолардан хабардор қилганингда ҳам кимнингдир ғашига тегишинг, анча-мунча ташвишга қолишинг ойдинлашади. Вақтдан ютқизасан, кайфиятинг бузилади, аммо, барибир, ҳақиқат сен томонда бўлади.
Телевидение учун журналист суриштируви бир кунда суратга олинмайди, бир кунда ёзилмайди ҳам. Ойлаб, ҳафталаб тер тўкиш, изланиш керак. Икки-уч, керак бўлса, уч-тўрт томонни тоқат билан тинглашга, ким ҳақ, ким ноҳақлигини аниқлашга, ким одоб сақлаб турибди-ю, ким қуруқ гапдонлик қилмоқда – буларнинг ҳаммасини ғалвирдан ўтказишга тўғри келади. Муҳаммаджон бу босқичлардан сабр-тоқат билан ўтди, журналист сифатидаги жасорати қуролли жанглар давом этаётган таҳликали Боткен ва Сариосиё дараларидан йўллаган теле-репортажларида ёрқин акс этди. Хитой ва Мисрдан тайёрлаган таҳлилли кўрсатувлари турли соҳа мутахассисларида ҳам жиддий қизиқиш уйғотди. Фақат шу эмас, муаммоли ички мавзуларга бефарқ бўлмай, уларни профессионал даражада матбуот саҳифалари, телеэкран орқали жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқди.
Муҳаммаджон ижодининг ибратли жиҳатларидан бири – ҳозиржавоблик. У ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини турли йилларда битирган касбдошлари орасида айни шу жиҳати билан ҳам кўзга ташланади. Бугунги гапни бугун айтишга, ижодкор сифатида эртанги кун об-ҳавоси-ю, нарх-навосини бошқалардан кўра эртароқ идрок этишга ҳаракат қилади. Бу борада унга кўпинча омад кулиб боқади.
Мавзу танлашда Обидовга ҳавас қилсак арзийди. Нега дейсизми? Негалиги шундаки, истиқлол йилларида Хитойга сафар қилган бирор киши Муҳаммаджон каби бу ерда ғўза ораларига қандай ишлов берилишига, Хитой от заводларида вояга етаётган дулдулларнинг қадим Фарғонага қандай алоқаси борлигига қизиқмаган. Улуғ муаллим Конфуций ўгитларини ўзбек тилига ўгириб, икки тилли китоб қилишни хаёлига ҳам келтирмаган.
Яна бир жиҳати – журналист Обидов ўзи яхши билган, тушуниб етган, ­фикри-зикридан ўтказган ва ёзмаса бўлмайдиган мавзулар устида ишлайди. Муаммоларнинг илдизигача бориб етади ва аёвсиз очиб ташлайди. Агар ҳамма журналистлар ҳам бунинг уддасидан чиқишганида, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов уларга хат ёзган, «Э, отангга раҳмат» деган бўларди. Устоз бор-йўғи тўрт кишига – Салмон Рушдига, шахмат бўйича жаҳон чемпиони Гарри Каспаровга ва адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққулга мактуб йўллаган. Муҳаммаджон ушбу рўйхатни якунлаб турибди. Бу тўрт мактуб моҳият жиҳатидан тенг бўлинади: дастлабки иккитаси «Ўзидан кетганларга муносиб жавоб», кейинги иккитаси эса маҳорат эътирофи.
Мақоламиз бошида «вилоят журналистларига бироз бошқача руҳда бош-қош» бўлиб турган дўстимиз», деган тушунарсизроқ жумла ўтди. Муҳаррир «Бу нима дегани?», деб устидан чизиқ тортмай туриб, унга изоҳ берай: вилоят журналистларига бош бўлишнинг ўзига яраша меъёрлари бор. Газета-журналлар вақтида чоп этилиши, журналистлар маҳорати тўхтовсиз ошиб бориши, мавзулар янгиланиши, ошкораликка риоя қилиниши, иш ҳақи вақтида тўланиши, фаоллар рағбатлантирилиши керак.
Жаноб Обидов бу талабларни рад этмайди, аммо масалага бошқача кўз билан ҳам қарайди. Унинг фикрича, журналист бир жойда узоқ туриб қолмаслиги керак. Қўлида ижод қалами бор одам жаҳон кезса, бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблари билан танишса, дунёвий муаммоларни биргаликда муҳокама қилса, ижодида, дунёқарашида, албатта, ўсиш, ўзгариш бўлади. Шундан келиб чиқиб, Муҳаммаджон ­масъулиятни зиммага олиб, фарғоналик журналистларнинг Москва, Санкт-Петербург шаҳарларига, Хитой, Корея ва бошқа хорижий давлатларга ижодий сафарини уюштиради. ­Мустақил Ўзбекистон ҳақида телелавҳа, слайдлар тайёрлаб, у ерларда намойиш этади, ижодий ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузишга эришади.
Шу билангина қониқмайди, йўқ, яна режа тузади. Меҳмонга бордикми, энди уларни Фарғонага таклиф қилишимиз, янги Ўзбекистонни кўрсатишимиз керак. Бир юз ўттиздан ортиқ миллат-у элатлар аҳил-­иноқ, дўст-қадрдон, қуда-анда бўлиб яшаётганини кўришсин, ҳар хил миш-миш­ларга учишмасин, дея енг шимариб ишга киришади. Қатор йиллардан бери журналистларнинг «Чимён» сиҳатгоҳида ўтказилаётган маҳорат семинарлари аста-секин халқаро мақомга эга бўлаётгани фикримизнинг далили. Бу тадбирда ҳаммага сўз берилади. Ҳар гал қўшни қирғизистонлик, қозоғистонлик, тожикистонлик касбдошлар Фарғонага келишганида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик, икки томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш сиёсатини алоҳида эътироф этишади. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими фаолиятига ҳавас қилишади. Пойтахт­дан борган устозлар эса «Қани энди бу сафарлар мамлакат миқёсига кўтарилса, биз ҳам, ҳеч бўлмаса, фарғоналикларга қўшилиб…» деб умид қилишади.
Гапнинг қисқаси, Муҳаммаджон Обидов мана шундай бошқача жиҳатлари билан кўпчиликнинг кўнглига йўл топган, кўп муаммоларнинг ҳал бўлишига ҳисса қўшган, шу бошқачалигидан ҳаловат топадиган ижодкор. Қўйиб берсангиз, ҳали кўп иш қилади. Сафдошларимиз орасида шундай «бошқача»лар кўпайса эди…

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ