Оқ халатга доғ туширманг!

52

Шу йилнинг 13 март куни рафиқам безовта бўлиб, юраги қисаётганидан шикоят қилди. «Тез ёрдам» чақирдик. Беморнинг қон босими ошган, боз устига бироз иссиғи борлиги маълум бўлди. Биринчи ёрдам кўрсатилгач, анча ўзига келиб қолди. Бироқ бу тинчлик эртаси куни туш пайтигача етди. Бемор яна нафас етишмаётгани, кўкрак қафасининг усти ачишиб оғриётганидан шикоят қилди. Бу гал «Тез ёрдам» хизматини безовта қилмай, зудлик билан ўзимизнинг машинада Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига етиб бордик.

Якшанба куни бўлгани учун шифохонада ҳар доимги «югур-югур» йўқ, қабулхонадаги қизлар қандайдир қоғозларни титкилаш билан овора эди. Ҳамширалардан бири бизни биринчи қаватда жойлашган терапевт хонасига бошлаб борди. Бу ерда ҳам икки нафар бемордан бошқа ҳеч ким йўқ. Навбат билан кирдик. Ҳамшира дарҳол аёлимнинг ҳароратини ўлчади, навбатчи шифокор қон босимини текширди. Ҳар иккаласи ҳам меъёрдан баланд эди.
– Бу касални биз кўрмаймиз, – деб қолди кўзимга дастлаб анча тажрибали кўринган навбатчи шифокор. – Ҳарорати ўттиз етти-ю олти. Иссиғи чиқиб келган беморларни юқумли касалликлар шифохонасига юбориш ҳақида буйруқ бор.
– Қанақасига? Ким чиқарган бунақа буйруқни? – ҳайрон бўлдим мен.
– Раҳбарларимиз-да, – энсаси қотди навбатчи шифокорнинг.
Унинг совуқ муомаласидан, беписанд нигоҳидан «касалинг ковид-повид бўлмасин тағин, тезроқ жўнамайсанми?» деган маънони англаш қийин эмасди. Асабим бузилди:
– Қани ўша буйруқ, кўрсам бўладими? – дедим аччиқланиб. – Ким бор ўша буйруқ чиқарган раҳбарларингиздан?
– Нима қиласиз? Бугун якшанба бўлса, раҳбарлар дам оляпти. Навбатчи врачман, мен билан гаплашаяпсиз-ку.
– Кўряпсиз, беморнинг аҳволи оғир. Ҳеч бўлмаса, биринчи ёрдам кўрсатинглар, – дея ялинишга тушдим.
– Кўп гапирмай, «инфекционний»га олиб боринг. ­Бошқа гап йўқ…
Беморни машинага ўтқазиб, юқумли хасталиклар шифохонасига йўл олдик. У ерда навбатчи Муҳаммаджон ака бизни илиқ қарши олди. Беморни текширгач, бошини сарак-сарак қилиб деди:
– Холамни анча уринтириб қўйибсиз. Бу киши айнан «Шошилинч»га ётқизиш керак бўлган касал, – деди ва ­навбатчи ҳамширага юзланди, – вақтни ўтказмайлик, холани зудлик билан бўш хонага ётқизинглар.
Орадан уч-тўрт соат ўтгач, бемор сал ўзига келди. Муҳаммаджон ака бизни кузатар экан, хотиним шошилинч тиббий ёрдамга муҳтожлиги, зудлик билан касалхонага ётқизиш зарурлигини қайта-қайта тайинлади. Душанба куни эрталаб беморни вилоят кардиология марказига олиб бордик. Қисқа текширувдан кейин врачлар унинг ўткир миокард инфарктини ўтказганини аниқлашди ва жонлантириш бўлимига ётқизишди. Йўқ, беш қўл баравар эмас, бу ерда муносабат мутлақо ­бошқача экан. Ҳамма шароит борлиги, тозалик, сокинлик, хушмуомала ва малакали муолажа беморни ҳаётга қайтарди.
Даволовчи врач – ота касбини оқлаётган тажрибали кардиолог, бош шифокор ўринбосари Ўткир Шодиев, кардиохирург Хуршид Шокиров, бош шифокор Шуҳрат Ҳусанов, жонлантириш бўлими ҳамширалари Гулчеҳра Маматқулова, Насиба Абдураимова, Наргиза Йўлдошеваларнинг ҳар бирига таъзим қилса арзийди. Эндиликда сирдарёлик кардиологлар юрак шохтомирларини тиклашдай амалиётни маҳорат билан бажариб келяпти.
Очиғи, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалидаги нохуш воқеадан қаттиқ хафа бўлдим. Маълум бўлишича, ўша кунги врачнинг исми-шарифи Кимёхон Сариева экан. Эътиборсизлик шу қадарки, ёрдам сўраб келган беморнинг ушбу ­масканда бўлгани ҳақида ҳатто қабул журналига қайд ҳам киритилмаган. Тўғриси, эринишган. Бундай нохуш ҳолатга баҳо беришни сўраб, бўлиб ўтган воқеадан марказ директори Санжар Худойбердиевни хабардор қилдим.
– Бунақа буйруқ беришимиз мумкин эмас, – деди раҳбар. – Бунинг устига, бизда якшанба куни ҳам барча тузилмалар кеча-ю кундуз ишлайди. Беморни текшириш, юрагини кардиограмма қилиш, рентген хизматидан фойдаланиш керак эди. Наҳотки, навбатчи врач буларни қилмаган бўлса?
– Буларни қилмагани майли, виждонига ҳавола, лекин беморни кўргани ҳақида ҳатто дафтарга ҳам қайд қилмапти. Шошилинч ёрдам кўрсатиш ўрнига, кўчага ҳайдаганига нима дейсиз? – дедим алам ва киноя билан.
– Минг афсуски, мана шундай хурмача қилиқлари билан обрўимизни ерга ураётган ҳамкасбларимиз ҳам йўқ эмас, – деди директор аламини яширолмай. – Биз бу масалага, албатта, муносабат билдирамиз. Умумий йиғилишда кўриб чиқиб, иложи бўлса, сизни ҳам чақирамиз ёки йиғилиш қароридан сизни хабардор қиламиз.
Санжар Собирович шундай деб, менинг телефон рақамларимни ёзиб олди. Ҳақиқатан ҳам, орадан уч кун ўтгач, телефонимга марказ директорининг № 53-буйруқ нусхасини ташлашди. Унда, жумладан, шундай дейилган: «РШТЁИМ СВФ (Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиали)нинг шошилинч терапия ва кардиология бўлими терапевти Сариева Кимё Абдураззоқовнага нисбатан Меҳнат кодексининг 181-модда 1-бандига асосан «ҳайфсан» интизомий жазоси белгилансин».
Директор сўзида турди. Масала гўё ёпилди. Айбдорга интизомий жазо берилди. Лекин врач Сариеванинг ўша кунги қилиғига меҳнат интизомини бузиш деган баҳо билангина чеклансак, тўғри бўладими? Йўқ, албатта! У қанчалик юксак малакали, зарур мутахассис бўлмасин, ўз шифокорлик бурчига совуққонлик билан ёндашди, оҳ халатга доғ тўкди. Мен бу шифокорнинг ўз қилмишидан пушаймон бўлганига ишонгим келади, лекин ишонмайман. Сариеванинг виждони уйғонганида, ўз қилмиши учун бемордан бир оғиз кечирим сўраган бўлар эди. Зеро, айбига иқрор одам, кечирим сўрашга ҳам қодир бўлади!

Мунаввар ПАРДАЕВ,
журналист