Бетарафлар кимлар?

35

Бетарафлик сўзининг луғавий маъноси «қўшилмаслик», «холислик» деган маънони англатади. Жамиятнинг бир аъзоси сифатида эсимни таниганимдан буён нафақат ҳокимият органлари, бошқа ваколатли, расмий йиғилишларда ҳам раислик қилувчи ҳар қандай қарор ёки таклифни ўртага ташлаб, «ёқловчилар», «қаршилар», «бетарафлар» деган сўзларни тилга олиб, иштирокчиларнинг муносабат билдиришларини сўрайди. Табиийки, овозлар ҳисоб-китоб қилинганда, ёқловчилар ҳисобига ҳамиша ҳам кўп овоз билан ҳужжатлар қабул қилиниб, фикрлар маъқулланади. «Қаршилар», «бетарафлар»нинг муносабати аҳамиятсиз қолаверади.
Энди мулоҳаза юритсак. «Қаршилар»да-ку, бирор фикр ёки ўзгартирилиши керак бўлган қандайдир фикрлар бўлиши мумкин, аммо улардан ҳам аксарият ҳолларда нима учун қаршилиги сўралмайди.

«Бетарафлар»чи улар кимлар?
Айниқса, ваколатли йиғилишларда, хусусан, минглаб сайловчи номидан сўзлайдиган, фикр билдирадиган катта-кичик мавқедаги депутатларнинг бетараф қолиши мумкинми?
Чуқурроқ мушоҳада қилиб кўрилса, бундай кўр-кўрона эркинлик паноҳида сохтакорлик, маънисиз расмиятчилик яширинганини англаб олиш қийин эмас. Қонун чиқарувчи органлар мажлислари ва ижро ҳокимиятларининг кенгашларида халқнинг мухтор вакиллари сифатида фаолият юритаётган депутатларга у ёки бу масала муҳокама қилинаётган пайтда бетарафлик позициясида туришига имкон берувчи бу одат ана шу маънисиз расмиятчиликнинг ўзгинасидир. Мантиқан мулоҳаза қилиб кўрилса, ўзини сайлаб қўйган вакиллари номидан фикр айтадиган депутатнинг у ёки бу масала муҳокамаси чоғида бетараф қолишга маънан ҳақи борми? Менимча, йўқ!
Мисол учун, бутун халқ турмуши ёки фаолиятига дахлдор бўлган қонун қабул қилинаётган пайтда депутат ёки сенаторнинг бетараф туришини ақлга сиғдириб бўладими?! Айтайлик, туман ҳокимияти кенгаши сессиясида маҳаллий бюджетнинг ўтган даврдаги ижроси ҳақидаги ёки давлат ерини талон-тарож қилган, ундан мақсадли фойдаланмаган фермернинг ерини олиб қўйиш тўғрисидаги жиддий масалалар муҳокама қилиняпти. Маъруза ёки ахборотни тинглаган депутат, қарор қабул қилиш пайтида бетараф туриши мумкинми? Албатта, мумкин эмас. Шундай бўлгач, кун тартибидан халқимизнинг энг илғор ҳудуд, ёинки, бутун юрт тақдирига дахлдор бўлган қатлами руҳиятида оздир-кўпдир лоқайдлик кайфиятини уйғотувчи «бетараф»ликдан воз кечиш вақти келган кўринади. Қотиб қолган қолип­лардан чиқиб, янги Ўзбекистонда янгича фикрлашга дадилроқ ўтсак, сайловчилар ўз вакилларидан рози бўларди.
Бу менинг шахсий фикрим, албатта. Сиз бунга нима дейсиз, муҳтарам ўқувчи?

Хадичахон КАРИМОВА,
Фарғона вилояти хотин-қизларининг
«Ойдин» газетаси бош муҳаррири