Иллатнинг илк илдизлари

31

ёхуд мактабгача таълимда коррупцияни
йўқотиш чораси борми?

Тан олиш керак, кейинги йилларда мактабгача таълим сифатини ошириш мақсадида соҳада туб бурилишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, тизимда унинг ўзагигача сингиб кетган коррупцияга қарши чоралар кўрилмоқда.
Аммо… Соҳа ҳақида сўз юритар экансиз, барибир… Вазир – Агриппина Шиннинг ОАВга берган интервьюларининг бирида «Коррупция мактабгача таълимда шунчалик тизимли тус олганки, уни металл зангига ўхшатиш мумкин. Қачонки занг металлни емира бош­ласа, иш жараёни тўхтамаслиги учун металлнинг ўша қисмини бутунлай бошқасига алмаштириш керак бўлади» деган гаплари ёдга тушаверади.
Хўш, соҳада коррупцияни бутунлай йўқотиш чораси борми? Биз ана шу саволга жавоб изладик.

Назорат кўпайган, камчиликлар ҳам…

Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганидан кейин 2017 йилда коррупцион ҳолатларни аниқлаш учун ички аудит молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати йўлга қўйилди. Ушбу аудит хизмати ходимлари сони мавжуд боғчалар сонига нисбатан жуда оз бўлса-да, (республика бўйича 40 нафар) ҳозирча боғчаларда юзага келаётган молиявий хато ва камчиликлар, шунингдек, талон-тарожликларнинг сабаби ва илдизларини аниқлашга, имкон қадар олдини олишга ҳаракат қилмоқда. 2017 йилдан то ҳозирга қадар боғча ва туман мактабгача таълим бўлимларида олиб борилган ўрганишлар натижасида 1508 та ўрганиш ҳужжати ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қонуний чора кўриш учун юборилган, айрим ҳолатларда жиноий иш қўзғатилган.
2020 йилнинг ўзида назорат тадбирлари сони 611 тани ташкил этган ва унда 51,8 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланиб, 550 та ташкилот бўйича ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун прокуратура органларига тақдим этилган. Уларнинг аксариятини ноқонуний харажат ва камомадлар, давлат харид қонунчилиги талабларининг бузилиши ва бухгалтерия ҳисоби қоидаларининг бузилиши ташкил этган бўлса, қолган қисми бюджет ва ташкилот ҳисобига қўшимча ҳисобланган даромадлардан иборатдир.
Назорат тадбирларида аниқланган камчиликлар сони ва миқдори кўплигининг сабаби улар фақат 2020 йилгагина тегишли эмас, ундан олдинги йилларга ҳам бевосита тааллуқлидир.
Масалан, Чуст туманидаги 11-мактабгача таълим ташкилотида 2016-2020 йиллар давомида 98 миллион сўм нақд пуллар ходимларга берилмаган бўлса, 14 нафар ўз вазифаларини бажармаган ходим номига 145,7 миллион сўм иш ҳақи ўзлаштирилган. Ушбу тумандаги 19-МТТда эса 2018-2020 йилларда 8 нафар ходим номига ҳисобланган 67 миллион сўм нақд пуллар эгасига етиб бормаган, 10 нафар ўз вазифаларини бажармаган ходим номига 63,8 миллион сўм иш ҳақи ноқонуний ҳисобдан чиқарилган.

«Келишув» оқибатлари

Аниқланган жиноятлардан бири «Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти» талабларига зид равишда 451 нафар боланинг мактабгача таълим ташкилотларига ноқонуний қабул қилинганидир.
Бу нимадан далолат беради? 451 нафар бола мактабгача таълим муассасасидаги рўйхатга киритилмасдан боғчага қатнаган. Мазкур рақам назорат тадбирларида аниқланганлари, аниқланмаганлари янада кўпроқ бўлиши мумкин. Бунда ота-оналар боласини туман ёки шаҳар давлат хизматлари агентлигида навбатда туриб, боғчага жойлаштирмасдан, мудира билан «келишиб» ноқонуний йўл тутган. Ушбу ҳолатда боғча учун бадал пули тўланса-да, аммо у белгиланган расмий ҳисоб рақамга эмас, боғча мудирасининг чўнтагига келиб тушади. Бундан ташқари, шунча бола рўйхатда бўлмагандан кейин уларга озиқ-овқат харажатлари ҳам ажратилмайди ва ўз-ўзидан болалар, боғчада расмий рўйхатда турган болалар озуқасига шерик бўлади.
Энди айтинг-чи, ўзлаштирилган пулларни жойига қўйиш мумкин, олиб кетилган мебель ёки моддий ашёларни қайтариш мумкиндир, аммо бола бугун ейиши керак бўлган 50 грамм гўшт маҳсулоти ўрнига 30 грамм еса, уни эртага жойига қайтаришнинг иложи борми? Боланинг ўша кунги ризқини тўлдириб бўлмайди-ку?
451 нафар болажон эса ота-оналари ва боғча раҳбарларининг виждонсизлиги, масъулиятсизлиги оқибатида ана шундай «қора рўйхат»га тушиб, ўзгаларнинг ҳақига шерик бўлган.

«Ўлик жонлар»

2020 йилда аниқланган йирик коррупцион ҳолатларда ишламаётган ходимлар – «ўлик жонлар» номига маош ёзиш ҳам каттагина кўрсаткични ташкил этган. Каттақўрғон шаҳридаги 10-МТТда 900 миллион, Олмазор туманидаги 509-МТТда 301 миллион, Пешку туманидаги 22-МТТда 202 миллион, Миришкор туманидаги 8-МТТда эса 150 миллион сўм маблағларнинг бир қисми «ўлик жонлар» номига ёзилиб, ўзлаштириб юборилган.

Чуст туманидаги 11-мактабгача таълим ташкилотида 2016-2020 йиллар давомида 98 миллион сўм нақд пуллар ходимларга берилмаган бўлса, 14 нафар ўз вазифаларини бажармаган ходим номига 145,7 миллион сўм иш ҳақи ўзлаштирилган. Ушбу тумандаги 19-МТТда эса 2018-2020 йилларда 8 нафар ходим номига ҳисобланган 67 миллион сўм нақд пуллар эгасига етиб бормаган, 10 нафар ўз вазифаларини бажармаган ходим номига 63,8 миллион сўм иш ҳақи ноқонуний ҳисобдан чиқарилган.

Хўш, вазирлик неча йилдан буён тизимни ислоҳ қилишни истаётган экан, бу ҳолатларга сабаб бўлаётган омилларни ўрганмаяптими? Наҳотки, уларни бартараф этишнинг имкони бўлмаса? Ушбу савол билан вазирликнинг ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати бошлиғи Дилшод Норматовга мурожаат қилдик.
– Албатта, буларнинг ўзига хос сабаблари бор, – дейди у. – Масалан, боғча директорининг маоши 1,827,520 сўмдан 1,960,970 сўмгача. Даромад солиғига 12 фоиз ушлаб қолинса, қўлга тегадигани янаям камая­­ди. Ошпазлар эса бир кунда уч маҳал овқат тайёрлашига қарамасдан 826,514 сўм (солиғи билан) маош олади, яъни бир миллион сўмга ҳам етмайди. Туман мактабгача таълим бўлими бош ҳисобчисининг маоши эса 1,926,000 сўм. Ёрдамчилариники ундан ҳам кам. Шундай бўлгач, мудира ҳам, ошпаз ҳам, ҳисобчи ҳам, агар инсоф-диёнатли бўлмаса, коррупцион ҳаракатларга қўл уриши эҳтимоли бор. Ишчиларнинг маошини ошириш бўйича таклиф берилган, бу масала босқичма-босқич кўриб чиқилади.
Демак, тизимда ходимларнинг кам ойлик маошлар билан ишлаётгани ҳам коррупцион ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлаётган омиллардан бири бўлиб, аллақачон тегишли жойларга таклифлар берилганига қарамай, бу масала ҳамон очиқлигича қолиб келмоқда. Натижада эса…

Илмий ва техник ечимлар

Ҳар қандай муаммога ечим топиш мумкин. Фақат тегишли ташкилотлар ва бошқарув тизимидаги раҳбарларда истак, фойдали ғояларни қўллаб-қувватлаш иштиёқи ва аниқ мақсадли режалар керак холос. Мактабгача таълимда ҳам бу борада яхши таклифлар айтилмоқда.
– Мана масалан, – дейди Д.Норматов, – ойлик маошларни оширишдан ташқари, тизимнинг барча жараёнларига ахборот технологияларини кенг жорий этиш, бухгалтерия ҳисоб ва ҳисобот тизимини соддалаштириш ҳамда автоматлаштириш орқали бир-бирини такрорлаётган ишлар ҳажмини камайтиришга ва иш самарадорлигини оширишга эришилади, соф рақобатни таъминлаш ҳамда харид қилинаётган товар ва хизматларнинг сифатини ошириш мақсадида тендер (танлов) харидлари шаффофлигини таъминлаш лозим бўлади. Бу жараёнларни амалга ошириш мактабгача таълим вазирлигигагина боғлиқ эмас ва бирмунча маблағ талаб этади.
Бундан ташқари, ижтимоий соҳада қасддан содир этилган жиноятлар – талон-тарожлик ва моддий ўзлаштиришлар учун белгиланган жарималар миқдорини ошириш лозим. Кўп ҳолатларда Жиноят кодексининг 70-моддаси («Шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш»), 71-моддаси («Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлгани муносабати билан жазодан озод қилиш») моддалари билан ёки Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси («Айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш») кабилар асосида айбдорлар жазодан осон қутулишади.
Кўпинча эса «Оз миқдорда талон-тарож қилиш» айби билан айбдор деб топилганлар, яъни ташкилотларнинг мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-тарожлик қилганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир (245000 сўм) бараваридан беш (1225000 сўм) бараваригача миқдорда жарима тўлайди. (Талон-тарож қилинган мулкнинг қиймати БҲМнинг 30 бараваридан (7350000 сўм) ошмаса, у оз миқдордаги талон-тарожлик деб ҳисобланади.)
5 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари камомадига йўл қўйилганда эса 245 000 ёки узоғи билан 1 миллион 225 минг сўм жарима тўлайди. Бу эса амалга оширилган жиноят ишларига нисбатан ўта енгил жазодир. Тизимда коррупцион ҳаракатлар камайиши учун бундай жазо чораларини ҳам кучайтириш керак. Сабаби, боланинг бузилган ҳуқуқлари тикланмайди, яъни 10 кун берилмаган гўштни бир кунда едириб қўйишнинг ҳам сира иложи йўқ.

Амалда нималар жорий этилди?

Шу пайтгача амалга оширилган муҳим ишлардан бири «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонуннинг 44-моддасида: «Қасддан жиноятлар содир этгани учун илгари ҳукм қилинган шахслар мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас» деб белгиланишига эришилди. Илгарилари жазодан қутулиб чиққан собиқ ходимлар ёки мудиралар ҳам яна мактабгача таълим тизимида ишлайверган. Эндиликда эса бунга йўл ­қўйилмайди. Ҳозирда ана шу янгилик ҳам ходимларни тўғри ишлашга ундамоқда.
Бундан ташқари, яқиндан бошлаб боғчалар қошида очиқ деворий кўргазмалар ташкил этилмоқда. Ҳозирча бундай кўргазмани Сергели туманидаги 539-, 569-боғчаларда кўздан кечириш мумкин. Унда «ўлик жонлар»га барҳам бериш, иш ўринларини шаффоф эълон қилиш мақсади кўзланган бўлиб, кўргазмада боғчада ишлаётган барча ходимларнинг исми шарифи, лавозими, ойлик маоши миқдори ёзиб қўйилади. Шу билан бирга бўш иш ўринлари ҳам очиқ туради. Натижада барча ходимлар амалда ким қандай ишлаётгани-ю, қандай маош олаётгани ёки қайси иш ўрни вакансия эканини билишади. Мудира амалда ўзи йўқ ёки ишламаётган ходимларга маош ёзолмайди.

Қандай таклифлар бор?

Мактабгача таълим тизимида ҳам янги қурилиш­ларга эҳтиёж жуда катта. Вазирлик ташкил этилгач, гуруҳлардаги болалар сони меъёрлашиб, 30 нафардан ошгани йўқ. Аммо бунга кўпроқ 2 ёшдан болаларни боғчага қабул қилмаслик орқали эришилмоқда. Статистик рақамларга эътибор қилсак, ҳозирда давлат боғчалари сони 6.000 га яқин. Ваҳоланки, 1990 йилларда уларнинг сони 9834 та эди. Ўшанда аҳоли 20 миллион 322 нафар бўлган. Ҳозирда эса аҳоли 34,5 миллиондан ошганига қарамай, давлат боғчалари сони 1990 йилдагидан сезиларли даражада кам. Тўғри, 2010 йилларда бирин-кетин давлат боғчаларининг ёпилиб кетиши оқибатида, улар 5375 тагача камайиб кетганди. Аммо охирги йилларда улар фаолиятини қайта тиклашга муваффақ бўлинди ва янги боғчалар сони ошмоқда. Аммо очилаётганларининг ҳам кўпи асосан, хонадон, хусусий ва хусусий-шериклик асосида фаолият кўрсатади. Аҳоли орасида эса давлат боғчаларига эҳтиёжмандлар сони кўп.
Айни пайтда пойтахтдаги аксарият давлат боғчаларида бўш ўринлар бармоқ билан санарли даражада. Туманларда эса бир пайтлар 200-300 хонадон яшаган маҳаллалар бугун минг, икки минглик қишлоқларга айланиб, болалар боғчасига катта зарурат пайдо бўлган. Айниқса, шаҳар ҳудудларида айрим оилаларда оналарнинг ишлашига эҳтиёж юқорилиги боис 5-6 ойлаб, баъзида яхши боғчаларга эса йиллаб ­навбат кутишга тўғри келмоқда. Оқибатда ота-оналар узоқ ­навбатда туриш ўрнига «мудира билан келишиш»ни маъқул кўриб, сўнг юқоридагидек ноқонуний ҳолатлар яна қайталанишига сабаб бўлмоқда. Мазкур муаммога хусусий боғчалар эмас, айнан тўлови ўртаҳол оилани қониқтирадиган давлат боғчалари сонини кўпайтириш орқали ечим топиш мумкин.
Бошқа коррупцион ҳолатларга сабаб бўлаётган омилларни эса, юқорида таъкидланганидек, ахборотлаштириш, ходимларнинг ойлик маошларини кўтариш, савдо ва харид тизимида шаффофликни йўлга қўйиш орқали йўқотишга эришилар экан, вазирлик юқори турувчи органларга яна таклифлар билан чиқиши тарафдоримиз. Энди бош­ланаётган деворий кўргазмаларни бундан-да мукаммаллаштириб, оммалаштириш, бутун республика бўйлаб йўлга қўйиш керак. Чунки бу ҳозирча катта харажат талаб қилмайдиган, аммо айрим ноқонуний ишларнинг олдини олиши мумкин бўлган самарали методлардан бири.

Келгусида шу каби йўллар орқали мактабгача таълим тизимидаги коррупция илдизларини йўқотишга эришилмаса, анчайин томир отиб кетган иллатлар тизимни моддий ва маънавий жиҳатдан емириб, соҳадаги ислоҳотларнинг оёғидан тортиб тураверади. Шундай экан, тизимдаги имкониятлар айрим раҳбар ҳамда мансабдорларнинг ноқонуний молия манбаига айланиб қолмайди, деб ким кафолат бера олади?

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»