«Аёллар дафтари»даги ёзувлар: Энди уларнинг ҳам ўз уйи бор

28

Хивалик Барно Маткаримова узоқ йиллардан буён икки нафар фарзанди билан ижарама-ижара сарсон-у саргардон эди. Ўн бир йил аввал турмуш ўртоғидан ажралган аёл тақдирнинг турфа синовларини бошидан ўтказишига тўғри келди. Саккиз йил оиласи нотурар бинонинг бир хонасида яшади. Яқинда Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан Барнога икки хонали уй олиб берилди.

– Орзуларим ушалди, – дей­ди Барно. – Яхши инсонларга раҳмат! Янги таъмирдан чиққан, ҳамма жиҳозларга эга турар жойга эга бўлдим.
«Аёллар дафтари» кўплаб муаммоларга ечим бўлаётганини Барно каби минглаб инсонлар тақдирида кўриш мумкин. Ўтган давр­­да Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан «Аёллар дафтари»га киритилган икки аёлга иккиламчи бозордан турар жой олиб берилди. Олти нафар ижтимоий оғир шароитда яшовчи хотин-қиз эса бошланғич бадал пуллари тўлаб берилган ҳолда имтиёзли кредит асосида уй-жой соҳибига айланишди.
Қувонарлиси, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган хайр-у саховат тадбирлари сахий юртдош­ларимизни ҳам хайрли ишларга даъват қилмоқда. Хива шаҳар бош имом хатибининг «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган муҳтож инсонларга уй қуриб бериш ташаббусини кўплаб хиваликлар қўллаб-қувватлади. Шаҳар ҳокимлиги ажратган икки минг метр квад­рат майдонда қисқа фурсатда 14 та турар жой қад ростлади. Улардан 7 таси ўз эгаларига топширилди. 7 тасида таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Ушбу турар жойлардан бирига эга бўлган Роза Назарованинг юзини қувонч кўз ёшлари ювади. Не ажабки, тўртинчи қизни дунёга келтиргач, турмуш ўртоғи «ношуд хотин» ва «дардисар қизлар»дан воз кечиб, кетган эди.
– 12 йил тўрт фарзандим билан ижарама-ижара юрдик, – дейди Роза. – Неча марта қаҳратон қишда кўчада қолиб кетдик. Пешонамизга уйли бўлиш битилган экан. Аллоҳга шукр!..
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, янги уйларнинг иккитаси Хивадаги болалар шаҳарчасида тарбияланиб, бу йил ўн саккиз ёшга тўлганларга ажратилди. Ҳозирда бир уйга тўрт нафар қиз, яна бирига тўрт нафар йигит кўчиб ўтди.
– «Аёллар дафтари»га киритилган ҳар бир опа-синглимизнинг муаммосига ечим бор, – дейди Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ишчи гуруҳи аъзоси Муяссар Раҳимова. – Куни кеча ишчи гуруҳ ва Хива шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар учун меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди. Умуман, бугунги кунгача мазкур дафтардан жой олган хивалик 2837 нафар аёлдан 1389 нафарининг муаммоси ҳал қилинишига эришилди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»