Алифбо ислоҳи йўлида

43

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга доир лойиҳа эълон қилингандан кейин лойиҳа бўйича оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Шундай мулоҳазалардан бири сифатида «Ishonch» газетасида педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошевнинг мақоласини кўрсатиш мумкин.

Мақола муаллифининг кўрсатишича, ўзбек-лотин алифбосида 6 та унли товуш учун эмас, 9 та унли товуш учун ҳарфлар бўлиши керак. Бизнингча, бунинг имкони йўқ, чунки ўзбек тили эгалари бошқа қардош тиллар эгалари каби фақат битта лаҳжа (фақат қипчоқ ёки фақат ўғуз лаҳжаси)да сўзламайди. Ўзбек тили 3 лаҳжа товушларини ўзида бирлаштирган тилдир. Табиийки, қипчоқ лаҳжасидаги унли товушларнинг сони қарлуқ лаҳжасидаги унлилар сонидан фарқ қилади. Шунинг учун ҳар уч лаҳжа товушларини битта алифбода акс эттиришнинг имкони йўқ. Адашганликда айбланаётган боболаримиз ана шу жиҳатни ҳисобга олган бўлсалар не ажаб.
Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Яъни бугун жуда катта авлод олти унли ва 24 ундош товушни акс эттирган алифбода савод чиқарди ва бу алифбода фикримизни ифода эта оляпмиз. Борди-ю унлилар сонини 9 тага етказсак ва уларни алифбода муайян ҳарфлар билан акс эттирсак, нима бўлади? Бунда бир сўзидаги и товуши билан кийик сўзидаги и товушини, «иккига ажратмоқ» маъносидаги ў товуши билан «юз бермоқ» маъносидаги ў товушини фарқлаб ёзиш кони машаққатга, лингвистик мушоҳадага айланади.
Олим айтганидек, тутуқ белгисига алифбодан жой бермаслик, х ва ҳ ҳарфларини бирлаштириб юбориш ҳам нодуруст ишдир. Негаки ўзбек тили жуда узоқ йиллик ёзма анъаналарга эга тил, ана шу анъаналарга содиқлик туфайли бу тилда жуда катта адабиёт яратилди, бадиий баркамоллашди. Агар тутуқ белгиси чиқарилиб, х ва ҳ ҳарфлари бирлаштириладиган бўлса, ўзбек тили ўзининг ёзма анъаналаридан бегоналашади, бадиият билан боғлиқ ярим тароватидан айрилади. Ёзма анъаналарга содиқлик тилнинг ифода имкониятларини тирик сақлайди.

Ёрқин ОДИЛОВ,
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти бўлим бошлиғи, филология фанлари доктори, доцент