“ЭВАЗИГА 300 АҚШ ДОЛЛАРИ БЕРАСИЗ”

312

Рўзали Сидиқов бир неча бор судланган бўлса-да, афсуски, тузалиш йўлига кирмади. Аксинча, ҳалол яшаш ўрнига “эски” ҳунарини яна бошлади. Бу сафар унинг ўлжаси ўғлини ишга жойлаштириш ташвишида юрган М.Эшпўлатова бўлди…

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг. 

 

НОҚОНУНИЙ ДАРОМАД ЗАҲРИ

Риштонлик Рўзали Сидиқов Сўх тумани бандликка кўмаклашиш маркази Давлат меҳнат ҳуқуқи инспектори. Аввал ҳам бир неча  бор судланган. Яна адашди.  Қандай хато қилган дерсиз?    Фирибгарлик, яъни алдаш ва пора беришга далолат қилиш жиноятини содир этди.

2018 йил июль ойида Р.Сидиқов М.Эшпўлатова билан Фарғона шаҳридаги ал-Фарғоний истироҳат боғида танишиб қолади. Ўзаро суҳбат давомида М.Эшпўлатова фарзандини Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюросига ишга кириши учун ҳужжат таёрлаётганлигини айтади. Р.Сидиқов вилоят мажбурий ижро бюросида бошлиқ бўлиб ишлаётган таниши борлиги, ўғлининг ишини тезлаштириб, ҳал қилиб бериши  мумкинлигини билдиради.

– Иш осон  кўчади. Эвазига 300 АҚШ доллари берасиз, – деди пора беришга далолат қилиб, –  Агар келиша олсак бир ой ичида ишга жойлаштириб қўяман.

2018 йилнинг 12 июль куни М.Эшпўлатова телефон қилиб 300 АҚШ долларини Риштон туманида яшовчи опасидан олиб бориб беришини айтади.  Белгиланган вақтда учрашув жойи – Риштон тумани автошоҳбекати орқа томонида  порани қўлга киритади.  Аммо қувончи узоққа чўзилмайди. Ҳеч қанча вақт ўтмай ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинади.

У  ўз айбига иқрор бўлиб, М.Эшпўлатовани алдаб, ўғлини танишлари орқали ишга олиб кириб қўйиш учун  300 АҚШ доллари миқдорида пулни олиб қарзларига тўламоқчи бўлгани, ҳеч кимга пул бериш нияти бўлмагани, қилмишидан пушаймонлиги, енгиллик беришни сўраб кўрсатма берди.

Р.Сидиқовнинг қилмиши  жиноят ишлари бўйича Риштон туман суди томонидан очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баравари миқдорида, 10.334.400 (ўн миллион уч юз ўттиз тўрт минг тўрт юз) сўм жарима жазоси тайинланди.

Камола ПОЛВОНОВА,

Fargona haqiqati газетаси мухбири.

Бобобек КАЗАКОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги

иқтисодий жиноятларга қарши курашиш депортаментининг

Риштон туман бўлими инспектори

2019 йил 11 апрель, 27-сон

“Farg’ona haqiqati” газетаси

Бошқа хабарлар