Орол денгизи ядровий портлаш сабаб қуриган(ми?)

1031

Бундан 2 йил аввал ЎзА сайтида “Орол денгизи суви Каспийга оқиб кетганми?” сарлавҳали мақола чиққан эди. Унда Орол денгизида одамлар гувоҳ бўлган гирдоблар ҳақида сўз юритилган ва шу гирдоблар орқали Оролнинг суви бошқа томонга, яъни Каспий денгизига оқиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақида халқ орасидаги тахминий гаплар баён қилинган эди.

Мазкур мақоладан кейин Нукусдан бир танишим қўнғироқ қилиб, 1968 йилда чиққан “Жеткиншек” газетасининг қайсидир сонини суратга тушириб менга ташлади. Ажабо, бу мақолада ҳам Оролдаги гирдоб ҳақида сўз борган. Гувоҳларнинг тасвирлашича, худди таги тешик челакдан сув кетгани каби денгизнинг суви ҳам гирдобланиб, катта миқдордаги сув ер қаърига кетиб турган.

Гирдобни ўз кўзи билан кўрганлар ҳозир ҳам бор. Нукус давлат педагогика институтининг тарих фани ўқитувчиси Онғарбай Юсупов шундай эслайди:

“1970-1975 йилларда Ўзбекистон фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг археология сектори Жанубий-шарқий Устюртда кенг кўламли археологик ишлар олиб борди. Унда мен ҳам иштирок этдим. Устюртда кўп сир-синоатларга дуч келдик. Шулардан бири – Орол денгизи сувининг қандай қилиб ер қаърига кетаётганини ўз кўзим билан кўрдим…

Бир куни икки киши бўлиб тоғдан (Устюртдан) пастга, яъни денгизга тушиб бордик. Не кўз билан кўрайликки, чинкка яқин жойда денгиз суви гирдобланиб катта миқдордаги сув ер остига кетаётганди. Гирдоб шу даражада кучли эдики, биз қўрқиб, юқорига ўрмаладик.

Каспий билан Орол ер остидан боғланганми?

Халқ орасида Орол билан Каспийнинг ўртасида ер ости канали бор, Оролнинг суви Каспийга оқиб кетди, деган гаплар ўша пайтларда тарқаган бўлса ҳам, лекин унинг илмий исботи йўқ эди. Москвалик марҳум олим, геолого-минералогия фанлари номзоди Борис Голубов бир мақоласида халқ орасида бу гаплар бежиз айтилмаганини исботлагандек бўлди. Олим ўз мақоласида қуйидагича хулоса келган: 1) Орол ва Каспий денгизлари ер остидан бир-бири билан боғланган. Икки денгизнинг сувлари Устюрт платоси остидаги карст бўшлиқлари узра туташган; 2) Икки денгизнинг ер остидан боғланишига Устюртда амалга оширилган ер ости ядровий портлашлар сабаб бўлган. Бу портлашлар Орол сувининг Устюрт платоси остида дренажланишига олиб келган. 3) 1969 йилдан кейин Орол суви Каспийга шиддат билан “сизиб борган”, 1995 йилгача Орол суви тезлик билан пасайиб борган, Каспий суви эса аксинча, кўпайиб борган.

Устюртда ядровий портлашлар амалга оширилганми?

Ҳа, Устюртда, яъни платонинг Қозоғистон қисмида Манқишлоқ вилоятига қарашли Акотти, Мулкаман ва Киндикти деган жойларда уч маротаба йирик ядровий портлаш амалга оширилган. Илк 30 килотонналик кучга эга бомба 1969 йил 6 декабрь куни, иккинчи 80 килотонналиги 1970 йил 12 декабрда ва учинчи 75 килотонналиги эса 1970 йил 23 декабрда портлатилган.

Ушбу синовлардан мақсад ер остидан чучук сув кўзларини очиш, сув заҳирасини яратиш бўлган. Ўша вақтда АҚШнинг Невада штатида ҳам худди шундай синовлар амалга оширилган эди. Собиқ Иттифоқ ҳам қудратини намойиш қилиш учун Устюртда ясалма чуқурликлар ҳосил қилишга уринган.

Аммо синовлар муваффақиятсизлик билан тугайди. Биринчидан, синов пайтида ҳалокат юз бериб, радиация ер бетига чиқиб кетади. Иккинчидан,портлаш пайтида кучли силкинишлар ер плитасини ўрнидан қўзғаши оқибатида Орол ва Каспий ўртасида ер ости коридори пайдо бўлган. Орол денгизи Каспийдан 60-70 метр баландликда бўлгани боис, сув қуйига қараб кетиб қолган.

Синовлар дарҳол тўхтатилган. Аммо денгиз сувининг шиддат билан пасайиши кузатилган. Каспийнинг суви эса йилдан-йилга кўтарилиб борган. 1995 йилга келибгина вазият бироз ўз изига тушган.

Каспийнинг балиғи Оролдан чиққан

Ўтган асрнинг 30-йилларида олимлар Каспий денгизида бакрабалиқ урчитиш учун уларга белги қўйиб (сирға тақиб) сувга қўйиб юборади. Шу бакрабалиқларнинг айримлари Орол денгизидан чиққан. Икки денгиз ўртасида йўл мавжудлигини текшириш учун бўёқ оқизиб кўрилади. Таажжубки, Оролдан юборилган бўёқ Каспийда кўринади. Олимлар ушбу сирни очмоқчи бўлганида, Иккинчи Жаҳон уруши бошланиб, изланишлар қолиб кетади.

Назария қанчалик ҳақиқат?

Орол денгизининг қуришига сувнинг нотўғри сарфланиши ва демографик омиллар сабаб қилиб кўрсатилади. Бу назарияга Борис Голубов шубҳа билан қарайди.

– Орол денгизининг қуришига суғориладиган ер майдонларининг ниҳоятда кенгайиши сабаб бўлгани айтилади, аммо бу жиддий шубҳа ўйғотади, – дейди олим. – Масалан, 1940 йилдан 1960 йилгача Амударё ва Сирдарёдан сувни сунъий равишда тортиб олиш (умумий оқими йилига 127 куб км.) 52,3 дан 63,89 кубометргача ўсди, аммо бу Орол сатҳига ҳеч таъсир кўрсатмади. 1950 йилда СССР ҳукумати Амударё ва Сирдарёдаги сув захираларини ҳисобга олиб, суғориладиган ерларни кенгайтиришга қарор қилди. Аммо ҳисоб-китоблар бўйича бу Орол денгизининг сатҳига сезиларли таъсир кўрсатмаслиги керак эди ва шундай бўлди ҳам. Бари ҳисоб-китобдагидек аниқ кетаётган эди. Тўсатдан 1970 йилларга келиб, Оролга қуйиладиган сув йилига 42 куб км.гача камайиб кетди, денгиз сатҳи йилдан йилга пасайиб борди. Ҳисоб-китобларга кўра, суғориладиган ерларнинг майдони 8 миллион гектар бўлса ҳам Орол денгизи учун бу сезиларли таъсир кўрсатмаслиги керак эди. Аммо 1961 йилга келиб суғориладиган ерлар 6 миллион гектарга яқин эди. «Хавфсизлик захираси»га ҳали 2 миллион гектар бор эди!

Шундай қилиб, олимнинг фикрича, Орол денгизи сатҳининг кескин пасайишига суғориладиган ер майдонининг ҳаддан ташқари кенгайтирилиши сабаб эмас. Сирдарёнинг денгизга яқинлаган жойида қандайдир сув оқимини ушлаб турадиган механизмлар ишлай бошлаган. Бу ядровий портлаш орқали юзага келган ўпқон бўлиши аниқ.

Есимхон ҚАНОАТОВ,

“ISHONCH”