Руҳимда уйғонар ҳаёт шовқини…

511

Ҳамид Ғулом 1919 йил 25 апрел ойида Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби.
«Қасосим бор», «Ҳайкал», «Ватан куйлари», «Янги боғ», «Қитъалар уйғоқ», «Ошиқ кўнгил», «Вафонинг узун йўли» каби шеърий тўпламлари, «Машъал», «Тошкентликлар», «Мангулик» романлари, «Тош­болта ошиқ», «Хоразм қўшиғи» каби драматик асарлари элга машҳур.
Шекспирнинг «Ўн икки кеча», Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сига кирган айрим достонлар ва бир қанча чет эл ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
«Эл-юрт ҳурмати» (1998) ва «Меҳнат шуҳрати» (2004) орденлари билан мукофотланган. 2005 йил 21 августда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Таваллудининг юз йиллиги нишонланаётган айни кунларда газетхонларимизга шоир шеърларидан илиндик.

ОҲ, СЕНИНГ ЁШЛИГИНГ
МЕНДА БЎЛСАЙДИ…

Кўнгил ёшлигини ҳар дам қўмсайди,
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!
Такрор этмас эдим бағри тошлигинг,
Оҳ, менда бўлсайди сенинг ёшлигинг!

Намунча енгилсан, намунча дайди!
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!
Бўлмасди беғамлик, бебардошлигинг,
Оҳ, менда бўлсайди сенинг ёшлигинг!

Тонг юлдузи каби бир он кулсайди!
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди,
Ўтда ёндирардим кўнгил ғашлигинг,
Оҳ, менда бўлсайди сенинг ёшлигинг!

Юрак илк севгига яна тўлсайди!
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди,
Шодлик, кўкламлигинг, серқуёшлигинг
Жаҳон ёритарди худди Ёшлигинг!

ВИСОЛ

Кўксимга ярқираб қуёш чиқади,
Бошимга меҳрибон бахт қуши қўнар.
Айрилиқ тоғини висол йиқади,
Кўнгил гулзорида чечаклар унар.
Чунки… сен келасан қуёшдай кулиб,
Чунки… сен келасан толе қушидай,
Чунки сен келасан чиройга тўлиб,
Шоирнинг тонг чоғи кўрган тушидай.

Узоқдан товшингни эшитганим он,
Унутилар кўйингда чеккан кулфатим.
Дил қувнаб мисралар келади равон,
Илҳомим бўлади азиз улфатим.

Сен билан ўтган кун мен учун – даврон,
Қайнайди истаклар, яшнайди ўйим.
Мисралар қоғозга тизилар равон,
Сен билан ўтган кун – энг ширин тўйим.

Руҳимда уйғонар ҳаёт шовқини,
Васлингга тўяди интизор илҳом.
Умримнинг сен билан ўтган ҳар куни –
Мен учун энг тотли, нашъали айём.

Шодликсан, севгисан, қўшиқсан, куйсан,
Вафосан, ҳаётсан, тоза ҳуснсан.
Ёшликсан, орзусан, маст қилган ўйсан,
Тонг чоғи битилган шеърим ўзингсан!..

КЎКЛАМЛАРИНГ

Ўн саккиз ёш – ўн саккиз кўкламларинг,
Гул ҳаётингда ғанимат дамларинг.

Ўн саккиз йил — ўн саккиз чақмоқ мисол,
Дўстларинг, сирдошларинг, ҳамдамларинг.

Илк муҳаббат нозли меҳмонинг бўлур,
Маҳв этур ишқинг гумон-у ғамларинг.

Кундузи офтоб йўлингда машъалинг,
Кўкда юлдузлар тунингда шамларинг.

Бир нафас тарк этмагай тун-кечалар
Тушларинг, орзуларинг – ўктамларинг.

Душманинг ҳижрон бўлиб қолгай мудом,
Дўстларинг васл – дардингга малҳамларинг.

Севги уммонига юксакдан отил!
Ишқ – ҳаётингда ғанимат дамларинг.

Бошқа хабарлар