Қулай ва яхши, лекин…

151

Ўтган йилнинг охирида пойтахтлик йўловчилар жамоат транспортида юриш учун 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб турли ранг ва тоифалардаги ижтимоий транспорт карталаридан фойдаланиш­лари мумкинлиги, уларнинг афзаллиги ва қулайликлари Қорбобо олиб келиши орзу қилинган совғалардан ҳам кўп тарғиб-ташвиқ қилинди.

Биз ўша давргача фойдаланиб келган оддий ойлик йўл чипталари ойнинг қайси (масалан, 3-, 5-…) кунида сотиб олинганидан қатъи назар, ўша ой охирига бориб яроқсиз бўлиб қоларди. Янги электрон карталарнинг яроқлилик муддати эса қайси куни эмас, балки неча кунга мўлжаллаб сотиб олинганига боғлиқ эканини эшитиб, «Ҳақиқатан ҳам ҳар томонлама қулай ва яхши экан», деган фикрга келдик.
Хуллас, мен ҳам 4 январь куни Юнусобод туманининг 12-поликлиникаси ёнидаги карталар сотиш шохобчасидан 60 000 сўмга нафақадаги йўловчилар учун мўлжалланган 9987 1006 2384 2394 рақамли картани ўрнатилган тартибда номимга расмийлаштирдим. Сотувчи аёл тушунтирганидек, шу карта билан 30 кун давомида Тошкент шаҳар жамоат автобусларида юрдим. 3 февраль куни Юнусобод деҳқон бозори ёнгинасидаги бекатда жойлашган карталар сотув шохобчаси хизматчисига картамнинг яроқлилик муддатини яна 30 кунга узайтириб беришини сўраб, 60 000 сўм тўладим. Оддий ҳисоб бўйича мен энди 5 мартга қадар шаҳар транспортида шу картадан фойдаланишга ҳақли эдим. 1 март куни эрталаб ишга боришда автобус чиптачиси картамни махсус аппаратига қўйиб, менга чипта ўрнидаги қоғозчани чиқариб берди, лекин шу куни тушдан кейин ишдан қайтишда бош­­қа чиптачи «Пули йўқ-ку!» деди картамни аппаратига қўйиб.
«Пули бор», дея, чўнтагимдан эрталабки чипта-қоғозчани чиқариб кўрсатдим, чунки картада пул мавжуд бўлган кун давомида ундан фойдаланиш чекланмаган. Лекин ҳайдовчи ҳам, чиптачи ҳам мени ёлғончига чиқаришди: «Сизга 1 400 сўм падарка!» деди ҳайдовчи товламачини тутиб олгандек.

Мен ҳамон қандайдир англашилмовчилик бўляпти, деган хаёлда эдим. Баъзан айрим автобусларда картадан пул ечиб оладиган аппарат ишламай қолиб, ҳайдовчининг ўзи «Картами, кетаверинг», деган пайтлари бўлган. Шуни эслаб, балки техникада бирон носозлик бордир, деб ўйладим. Эртасига, 2 март куни автобусда картамни аппаратига қўйган чиптачи аёл «Пули йўқ экан», дегандан кейин одамлар диққатини тортиб ўтирмай, йўл ҳақи тўладим. Билдимки, бу сафар 30 кун автобусда юриш учун тўланган пулим 25 кунда «тугаб қолибди». АТТО ижтимоий транспорт картасида ёзиб қўйилган 78-140-08-08 рақамига телефон қилдим. Юқоридаги англашилмовчилик сабабини аниқлаштириб, ҳақимни тўғрилаб олмоқчи бўлдим. Гўшакдан «тармоққа хуш келганим, менинг қўнғироғим шаҳар жамоат транспорти масъуллари учун жуда қадрли экани, ҳатто овозимни ёзиб олишлари» чиройли қилиб айтилганидан кейин, операторни кутишим билдирилди. Йигирма дақиқаларда операторга уландим. Вазиятни тушунтирдим. «Сиз бу масалани картани олган ­жойингизга бориб ҳал қилишингиз керак», деган жавоб бўлди.
Орадан бир соатлар ўтиб яна 71-140-08-08 га қўнғироқ қилдим. Ўзини кассир, деб деб таништирган Алишер Қўчқоровдан транспорт карталари билан боғлиқ масалалар билан шуғулланадиган масъул шахсни сўрадим. Кассир ҳозирча у одам келмаганини, менга бироздан кейин албатта қўнғироқ қилишларини айтди ва телефон рақамимни ёзиб олди. Бироқ… Қайта-қайта қўнғироқ қилганим ва жиддий талабимдан кейин оператор бу ишлар билан менежер шуғулланишини айтди. Ниҳоят, ўзини 1025 рақамли деб таништирган (исм-у шарифлари айтилмас эмиш) менежер маълумотлар сандиғини очишга мажбур бўлди. Ҳа, 03.02.2021 йилда 60 минг сўм – 30 кунлик йўл харажатини тўлаганимни, лекин сотувчи менга картанинг яроқлилик муддатини февраль охиригача қилиб белгилаганини айтиб, ўзи ҳеч қандай ёрдам беролмаслигини, муаммони картага пул тўлаган ­жойимда бориб ҳал қилишимни билдирди…

Ҳурматли ўқувчи, бу икир-чикир тафсилотларни ўқиб, тоқатингиз тоқ бўлаётгандир? Бу ҳали воқеаларни иложи борича қисқартириб баён этаётганим. Кимлардир мени оқламас, ҳатто менинг ўзим ҳам, «5 кун давомида йўл ҳақи учун сарфланадиган 20-30 минг сўм шунча асабийлашиш, вақтингни йўқотишга арзийдими?» деган саволни қайта-қайта дилдан ўтказдим. Лекин бу каби воқеа менгагина тааллуқли бўлиб, бошқаларда қайтарилмаслигига кафолат бўлганида эди…
Ишдан жавоб сўраб, картани харид қилган жойимга борганимда, сотувчи иш вақти тугаётгани, ҳисоб-китоб билан машғул эканини айтди. Гапимни бош­лаганимни биламан: «Нима демоқчисиз? Бунақа воқеалар кўп бўляпти!» деди сўзимни кесиб. Хуллас, «Мен 30 кун учун пул тўлагандим, мартнинг 5 кунига қадар яроқли дегандингиз, нега 28 февралда тугади?» десам, ўз ибораси билан айтганда, «исми йўқ» сотувчи аёл «Февраль ойи тугади-ку. Пулингизни мен ишлатганим йўқ», деди, кейин картанинг шунақа тури ҳам борлигини айтди. «Бунақа турдаги карта ҳам борлигини ва айнан ўшанақасидан бераётганингизни нега айтмадингиз?» деган саволимга аёл «Буни менинг ўзимга ҳам тушунтиришмаган!» деб туйнукчасини ёпди.
Ушбу воқеа жараёнида мижозни, ҳеч бўлмаса, тушунишни истайдиган, унга маслаҳат берадиган ходимни учратмадим. Улар хатони тўғриламади, балки ҳамжиҳатлик билан «ёпди-ёпди» қилди. Аммо мижоз адашсами, дарров ўз манфаатларини ортиғи билан ҳимоя қиладиган тартиб ўша заҳоти кучга киради. Узоққа бормайлик: автобусларда фойдаланиш учун сотиб олинган АТТО картасидан кимдир билиб-билмай метрода юриш учун 1 марта фойдаланиб қўйса борми, ўша куннинг ўзида карта «қора рўйхат»га тушади ва уни яроқли ҳолатга келтириш учун мижоз 2800 сўм (1 марта метрода фойдалангани учун 2 карра) жарима тўлаши керак.
Эртасига (3 март) эрталаб «Ҳеч бўлмаса, ўзингнинг ўзингга раҳминг келсин», дедим-да, картага шу кундан бошлаб 30 кунга етадиган пул ташладим. …Асли шу пайтгача айрим ҳайдовчиларнинг бетларини қаттиқ қилиб олиб, автобусда кетаётган ўнлаб одамлар орасида телефон орқали бир-бирини андишали киши ўйлашгаям ор қиладиган сўзлар билан ҳақоратлашига, худди ўтин ташиётган каби йўлларда бир-бири билан пойга ўйнаб, йўловчилар юрагини така-пука қилишларига, баъзан кимдир имконияти етмай йўл ҳақига юз сўм кам бергани учун узр сўраса, чиптачи «тутун қайтариб», ўзи юз сўм қайтим бермагани учун пинагиниям бузмасликларига ўрганиб кетганмиз.

Энди АТТО карталари… Чипта сотувчи аёлнинг «Бунақа воқеа­лар кўп бўляпти», дейишини қандай тушуниш керак? Кимга, қаерга?.. телефонда ўтирган операторлар ўзлари бўйсунадиган раҳбарнинг номини ҳам, телефонини ҳам айтишмайди, чипталар сотиладиган шохобчаларнинг на рақами бор, на унда хизмат кўрсатувчининг исми-шарифи…
Мамлакатимизда барча соҳаларда шаффофлик бўлиши учун ислоҳотлар шитоб билан амалга оширилган бир пайт­­да… Бу қанақаси бўлди, ахир?

Муҳтарама УЛУҒОВА