Абдулла Авлоний – касабачилик ҳаракати раҳбари бўлган(ми?)

3907

2019 йилда Абдулла Қодирийнинг 125 йиллиги нишонланиши тадбирлари доирасида унинг невараси Шеркон Қодирий билан уюштирилган суҳбат «Ishonch» газетасида эълон қилинган эди. Унда машҳур ёзувчимиз, жадидлар ҳаракатининг намояндаларидан бири Абдулла Қодирий Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида косиб, ҳунарманд ва ишсизларни жалб этган ҳолда ширкат тузиб, касаба уюшмаларига бирлаштиргани ва ўзи етакчи – саркотиб бўлгани ҳақида маълумот берилган эди.

Бугун айтадиган гапимиз ҳам юқоридаги воқелик билан ҳамоҳанг бўлиб, унга ўтишдан олдин мамлакатимиз касаба уюшмалари ҳаётига доир яна бир тарихий далилга тўхталиб ўтсак. Мамлакатимиз ҳудудида касаба уюшмалари ҳаракати бошлангани ва илк касаба уюшмалари тузилганига 115 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ташаббуси билан ўтган йили «Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи» ташкил этилиб, уни шакллантириш ва жиҳозлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Ва бу ишлар изчил давом этмоқда.
Музейга материаллар йиғиш жараёнида ўлкамиз касаба уюшмалари ҳаёти ва жадид­лар ҳаракатига доир кўпчилик учун номаълум бўлган яна бир тарихий муҳим далилга гувоҳ бўлдик. Маълумки, Туркистон ўлкасининг XIX аср охири ва XX аср бошларидаги маданий-маърифий ҳаёти ривожига жадидлар ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишган. Маърифатпарвар педагог, шоир, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний ушбу жараёнларнинг иштирокчисигина эмас, балки фаол етакчиларидан биридир. Биз учун диққатга сазовор жиҳат шундаки, етук аждодларимиз вакили бўлмиш ул зот касаба уюшмалари ҳаракатига нафақат хайрихоҳлик билан қараган, балки ўзи ҳам унинг фаолиятида жонбозлик кўрсатган эди.


Абдулла Авлоний 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентнинг «Мерганча» маҳалласида, тўқувчи ҳунарманд оиласида дунёга келади. Болалиги «Миробод» маҳалласида кўпчилик қисмини руслар ташкил қилган темирйўл ишчилари болалари орасида кечгани боис рус тилига қизиқиш эрта уйғонади. Бироқ, оиладаги моддий қийинчиликлар уни болалигидан одамлар эшигида меҳнат қилишга мажбур қилади. Қурилиш билан боғлиқ ғишт қуйиш, сувоқчилик, печкачилик, дурадгорлик каби касблар билан шуғуллангани натижасида унга «Иморатчи уста» деган ном беришади. Дастлаб Ўқчидаги эски мактабда, сўнг мадрасада ўқиб, мустақил мутолаа билан шуғулланган Абдулла 15 ёшидан бошлаб ўз шеърлари билан матбуотда кўрина бош­лайди. Араб, форс, рус тилларини ўрганиб, Оренбург, Қозон, Тифлисда чиқиб турган газета-журналларни кузатиб боради. Миробод ва Дегрезликда янги усулда, янгича мактаб очиб, дарс беради ва дарсликлар ёзади. Юрт келажаги ва равнақи учун бутун вужуди, онги, юраги билан хизмат қилишга шай бўлган ёш авлодни тарбиялаш унинг олий мақсадларидан эди. 1909 йилда мактаб-маориф ишларига ёрдам берувчи «Жамияти хайрия» очиб, етим болаларни ўқитади. Саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, маърифатпарвар сифатида танилиб, ўлкадаги ижтимоий-маданий ҳаракатчиликнинг фаол намояндаларидан бирига айланади.
Абдулла Авлоний ўз даврининг илғор фикрли, тараққиёт тарафдорлари бўлмиш шахслар билан шерикликда 1914 йилда «Нашриёт», 1916 йилда «Мактаб» ширкатларини ташкил этди. Оммавий ахборот воситаларининг янгиликларни тезкор тарқатиш, одамлар онгини оширишдаги муҳим ролини яхши англаган тараққийпарвар шахс сифатида «Тараққий», «Шуҳрат» (1907), «Осиё» (1908), «Турон» (1917) каби газеталарни чиқаришда бош-қош бўлди. 1918 йилда Туркистон Шўролар ҳукуматининг биринчи газетаси «Иштирокиюн» ташкилотчиларидан бири ва унинг биринчи муҳаррири бўлди. У турли масъулиятли лавозимларда ишлади. 1919-1920 йилларда Совет давлатининг Афғонистондаги консули лавозимида фаолият юритди.
Абдулла Авлоний маърифатли, тараққийпарвар шахс сифатида дунёда юз бераётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар ва улар натижасида пайдо бўлаётган янги давлат ҳамда жамоат институтларининг роли ва вазифаларини тўғри баҳолай биларди. 1921 йил ватанига қайтиб, Туркистон Республикаси Касаба уюшмалари Марказий Кенгаши томонидан нашр этилаётган «Касабачилик ҳаракати» ижтимоий-сиёсий-иқтисодий журналига раҳбар этиб тайинланади. Журнал икки ҳафтада ўзбек ва рус тилларида чоп этиларди. Катта тажриба ва юқори даражадаги илм-у салоҳиятга эга Абдулла Авлоний масъул муҳаррир вазифасини ҳам аъло даражада бажарди. У қайси вазифада ишламасин илм-маърифат тарқатиш, таълим-тарбия масалалари билан шуғулланиб, жамиятга катта наф келтирди. Меҳнатлари юксак баҳоланиб, 1927 йилда унга Меҳнат Қаҳрамони унвони берилган.
Шак-шубҳа йўқки, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий каби буюк аждодларимизнинг касаба уюшмаларидаги фаолияти тўғрисидаги маълумотлар, фотосуратлар ва ашёлар музейимизда муносиб ўрин эгаллайди.

Ирисмуҳаммад АБДУКАРИМОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
тарихи музейи директори