Алифбо ислоҳоти зарур, бироқ…

26

Умумхалқ муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон Рес­публикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Муҳокамаларда кенг халқ оммасининг фаоллиги кузатилмоқдаки, бу албатта, қувонарли ҳол. Демак, алифбо тақдирига ҳеч ким бефарқ эмас.

Ниҳоят, қўш алифбочиликка барҳам бериладиган бўлди, бунинг аниқ муддати ҳам белгиланди. Модомики, янги алифбога тўлиқ ўтар эканмиз, ундаги ноқулайлик­ларни шу жараёнда бартараф этишимиз, яъни ислоҳ қилишимиз шарт.
Тил ва алифбодан бутун халқ фойдаланади, шу боис халқнинг ҳар бир аъзоси ўзини бу масалага дахлдор ҳис қилади ва бу борада ўз фикрини билдиришга ҳақли. Алифбо ислоҳи масаласига нафақат соҳадан йироқ одамлар, ҳатто катта-катта тилшунос-адабиётшунос олимларимиз ҳам турлича муносабатда бўлмоқда. Таниқли тилшунос олим Бахтиёр Менглиев алифбони ислоҳ қилишга кес­кин қарши чиққан бўлса, жонкуяр устоз Қозоқбой Йўлдошев ислоҳотни мукаммал амалга ошириш, хусусан, нутқда мавжуд бўлган унлиларни алифбода ифодалаш, яъни алифбони талаффузга мослаштириш лозимлигини, тутуқ белгисини чиқариб ташлашни таклиф қилди. Ҳар икки олимнинг фикрида ҳам жон бор, албатта.
Кўп йиллардан буён она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари билан ҳамкорлик қиламиз ва табиийки, алифбо ва имло масалалари ҳамиша диққат-марказимизда. Кузатишлар ва устозларнинг фикр-мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда амалдаги алифбодаги o‘ ва g‘ ҳарфларини ислоҳ қилиш зарур, деб ўйлайман. Бу ҳарфларни клавиатурада ёзиш техник мураккабликлар келтириб чиқариши, ундаги (‘) белгисини тутуқ ва бошқа белгилар билан алмаштириб қўллаш ҳолатлари кузатилади (ҳатто айрим она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ҳам ушбу белгини нотўғри қўллайди).
sh ва ch ҳарфий бирикмаларини ўзгартиришга, назаримда, ҳожат йўқ. Чунки бу ҳарфларга кўникиш ҳосил бўлди ва ёзма матнда ҳам таклиф этилаётган вариантга нисбатан ифодалаш осонроқ. Дунёнинг аксарият халқлари алифбосида ҳарфий бирикмалар мавжуд ва улар бундан муаммо ясамайди. s ва h ҳарфлари матнда бошқа товушларни ифодалаш мақсадида ҳам қўлланилиши сабабли савод чиқариш жараёнида уни ёзувда ифодалаш ортиқча мураккаблик туғдирмайди. Бундан ташқари sh дунёнинг асосий мулоқот воситасига айланиб бораётган инглиз тилида ҳам айнан қўлланилишини, ч товуши немис алифбосида 4 та ҳарф орқали ифодаланишини назарда тутсак, ушбу ҳарфий бирикмаларни ўзгартиришга ҳожат йўқлиги аёнлашади. Уларни ўзгартириш орқали ёшлар орасидаги ўзаро ёзишмаларда ch нинг 4 тарзида, sh ни w тарзида қайд этилишини бартараф этамиз дейиш ҳам мантиқдан йироқ. Бу ҳарфий бирикмалар ёзишга ноқулай бўлганлиги учун эмас, балки 4 кирилл ёзувидаги ч га, w эса ш га шаклан ўхшашлиги сабабли алмаштириб қўлланиляпти. Кирилл алифбоси истеъмолдан бутунлай чиқмас экан, s ва c га дум қўйганимиз билан барибир муаммо барҳам топмайди.
Дунёдаги ҳеч қайси алифбо мукаммал эмас, яъни талаффуз имкониятларини тўлиқ ифодалай олмайди. Шундай экан, ng товушини алифбода алоҳида ҳарфий бирикма сифатида ифодалашга ҳожат йўқ. Чунки ўзбек тилида ушбу товуш иштирокидаги сўзлар бармоқ билан санарли. Қолаверса, бу товуш барибир алоҳида ҳарф орқали ифодаланмаяпти ва матнда сенга, ватанга каби сўзлардаги ҳарфлар билан деярли бир хил акс эттирилади (фақат бўғинга ажратиш ва кўчиришда ҳарфий бирикма сифатида битта бўғинда қолдирилади). Агар ng товуши тилимизда мавжуд, уни ифодалаш керак, деган нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, қисқа ва чўзиқ и, қоришиқ-портловчи ва сирғалувчи ж, лаб-лаб (масалан, сув) ва лаб-тиш в товушларини алифбода алоҳида ҳарфлар орқали ифодалашимизга тўғри келади.
Албатта, юқорида қайд этилганлар алифбо ислоҳоти йўлидаги шахсий таклифлар, уни эътиборга олиш ёки олмаслик ишчи гуруҳда фаолият юритаётган мутахассисларга ҳавола. Хулоса шуки, амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси чиндан-да ислоҳга муҳтож.

Шаҳноза ЭРГАШЕВА,
филология фанлари номзоди