Токайгача «свет» ўчиб, нонимиз «яримта» бўлади?

3208

Фурқат туманилик Фазилатхон Мамажонова ёши элликдан ўтган бўлса-да, тирикчилик дардида Россия давлатида узоқ йиллар ишлади. Нияти – орттирган пулига юртида тадбиркорлик қилиш эди.

Фазилатхон Россиядан қайтгач, «Темурбек тотли нонлари» оилавий корхонасини ташкил қилиб, қолипли нон ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бироқ, ишлар ўзи ўйлагандек, силлиқ кечмади. Электр энергия­сидаги бетартиб узилишлар уни фойдага эмас, зарарга кирита бошлади.


– Оилавий корхонамизда қолипли нон ишлаб чиқарамиз, – дей­ди Фазилатхон Мамажонова. – Печимиз электрга мослаштирилгани боис, токсиз ишимиз битмайди. Мана, иш бошлаганимизга 4 ой бўляпти, аммо «свет»нинг хоҳлаган вақтда ўчиши оқибатида нонимиз бир неча маротаба «бракка» чиқди. Бу тахминан мингдан зиёд нон увол бўлди дегани. Узоққа бормайлик, 17 март куни электр роса ёниб-ўчди. Энди ўчмаса керак деб нон тайёрлаш учун хамир қоргандик. Энди хамирни қолипга соламиз деганимизда, яна ўчди. Ҳолатга ойдинлик киритиш учун туман электр тармоқлари корхонасига роса телефон қилдик. Қани бирор кимса телефонни кўтарса?.. Хуллас, шу куни уч қоп уннинг хамири хамирлигича қолиб кетди. Ахир, бу ҳолат биринчиси эмас, нақд бешинчиси. «Ўйноқи свет»нинг дастидан қачонгача зиён кўриб ишлаймиз? Бунақада қандай фойда кўрамиз, қандай иш ўрни яратамиз? Майли, токни ўчиши бор гап, лекин шуни жадвал билан, олдиндан огоҳлантириб, кейин ўчирса бўлмайдими?
Электр таъминотидаги бу каби бетартиб узилишлар сабабини билиш мақсадида Фурқат тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Баҳриддин Тиллаевга мурожаат қилдик.
Унинг айтишича, электр энергия­сидаги узилишларга унинг дахли йўқ экан. «Узилишлар «тепадан» бўляпти, «110» бизни огоҳлантирмасдан ўчиряпти. Шунинг учун биз узилишлар қачон барҳам топишини билмаймиз» дея жавоб берди.
Хўш, бу ҳолатга «тепадагилар» нима дер экан?

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»