«Меҳрибонлик» уйида кимлар яшайди?

21

Исминг нима?
– Мубина.
– Абдуллоҳ.
– Бобур.
Катта бўлсанг, қанақа ойи (ота) бўласан?
– Меҳрибон… Боласини етимхоналарга ташлаб кетмайдиган ойи бўламан.
–…Болаларимни паркларга олиб бораман.
– Меҳрибон… Яхши…
Энг катта орзуинг нима?
– Ойим келишини хоҳлайман.
– Дадам олиб кетишини хоҳлайман.
– Дадам ва ойим билан яшагим келади…
Телевидение орқали намойиш этилган ижтимоий лойиҳа ва унинг мунглиғ қаҳрамонлари билан бўлган суҳбат сизга ҳам таниш. Кўрдингизми? Юқоридаги саволларга «Меҳрибонлик» уйи болалари берган жавобларнинг бирортасида ёниқ юрак, қатъият сезилмайди. Тақдир ҳукми ёки ота-онасининг «ожиз»лиги сабаб, оила деб аталмиш азиз макондан бебаҳра бўлган бу норасидаларнинг синган қалбидан қандай қилиб шижоат, оташ кутиш мумкин?!
Марғилон шаҳридаги 1-сонли «Меҳрибонлик» уйида 88 нафар бола яшайди. 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган тарбияланувчиларнинг оиласи ҳам, ота-­онаси ҳам, ака-ука, опа-синглиси ҳам шу ердагилар. Уларнинг 22 нафаригина ота-онаси вафот этган чин етим. Қолган 12 нафари эса ёлғиз оналар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар, ногирон ва қамоқда жазо муддатини ўтаётганларнинг зурриёдлари.
Давлат уларни боқади, парваришлайди, ҳунар ўргатади, ўқитади, вояга етгач, уй-жой билан ҳам таъминлайди. Бироқ энг оғриқли жиҳати шуки, бу маскандаги ўша 12 нафар бола ота-онаси тирик, соғ бўлатуриб, болалигини «Меҳрибонлик»уйида ўтказмоқда. Ота-онасининг хатоси, тош­юраклиги боис соғинч ва алам билан яшамоқда…
– «Меҳрибонлик» уйи – кам таъминлаган оила фарзандлари яшайдиган жой эмас, – дейди муассаса директори Ёқутхон Жаҳонова. – Чин етимлардан ташқари озодликдан маҳрум этилганларнинг фарзандларини қарамоғимизга оламиз, ногирон оилалар фарзандларини боқиб, тарбиялаймиз. Лекин кам таъминланган оилалар болаларини бу ерга ташлаб кетиши нотўғри. Уларга меҳр берилар, вояга етар, лекин оила нималигини, ота-она кимлигини билмай ўсишади. «Меҳрибонлик» уйида болалар оила бўлиб эмас, жамоа бўлиб яшашади. Оиладаги ота тарбияси, она меҳрининг ўрни бошқа.
Айни пайтда мамлакатимиздаги 2047 нафар тарбияланувчидан чин етимлари сони 316 нафарни ташкил этишини ҳисобга олсак, 1700 нафардан зиёд бола ё отаси, ё онаси бор бўлгани ҳолда, «Меҳрибонлик» уйларида.
Шу ўринда савол туғилади: қаровсиз қолган, оилавий таназзул қурбонларига айланган болаларни «Меҳрибонлик» уйига олиб келиш, аслида, энг охирги чора бўлиши керак эмасми?
– Қонуний тартиб ва тамойилларга кўра, бизда бола етим қолса, қаерга жўнатиш бўйича 5 та йўналиш мавжуд, – дейди Ёқутхон Жаҳонова. – Биринчиси – васийлик ва ҳомийлик. 14 ёшгача бўлса, уни қариндоши ёки қўшнисига ҳомийликка, 14 ёшдан юқори бўлса, васийликка берилади. Кейинги вариант – фарзандликка бериш. Яна бир йўналиш – патронат. Яъни, оила етим қолган болани «Меҳрибонлик» уйидан ўз тарбиясига олса, унга давлат томонидан ҳар ойда 855 минг сўмдан пул тўлаб берилади.
Болани «Меҳрибонлик» уйида тарбия­лаш ойига 2,5 миллион сўмга тушади. Патронатга берилса, 855 минг сўм. Унисиям, бунисиям давлат бюджетидан кетади. Бола оилада тарбия олгани маъқулроқ. Чунки оилада отани кўради, онани кўради, бирга қариндош­лариникига боради, маҳаллага чиқади. Бу жараёнлар унинг таълим-тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади.
«Меҳрибонлик» уйи мутасаддиларнинг айтишича, ҳар куни 4-5 та оила бола асраб олиш ниятида бу даргоҳга келади. Лекин уларнинг аксарияти мактаб ёшидагисини эмас, кичик ёшдагиларни фарзандликка сўрашади. Ҳозирда 20 дан зиёд оила муассасадан фарзанд асраб олиш учун навбатда турибди.
Яқинда 17 ёшли Бобур (исмлар ўзгартирилган) Қува туманилик Азиза опага ўғил бўлди. Яна бир фарғоналик меҳрли қалб эгалари ушбу муассасанинг 11 яшар Камола исмли тарбияланувчисини, Қўқон шаҳридаги «Меҳрибонлик» уйидан унинг туғишган укаси – 6 ёшли Муроджонни бағриларига олди. Бу дарёдил одамлар ибрат, болапарварлик намунасини кўрсатди.
2018 йилда муассасада 157 нафар бола яшаган бўлса, бугунги кунга қадар уларнинг 64 нафари ўз уйига қайтган ёки бошқа оилага берилган. 14 нафар битирувчининг 4 нафари олий ўқув юрти талабаси бўлди. Бу йил ҳам 10 нафар тарбияланувчи мактабни битиради.
Баъзан «Меҳрибонлик» уйи тугул, бу тушунчанинг борлиги боласевар, барча орзу-мақсадларини фарзанди толеи билан боғлаган миллатимиз учун орли, уятли эмасми, деб ўйланиб қоламан. Фарзанд дунёга келдими, уни парваришлаш, боқиш, вояга етказиш ота-оналик мақомининг энг юксак талаби, инсоннинг яшаш эътиқоди эканини ким рад эта олади?
Ҳақиқат шуки, оиласиз қолган норасидаларга қанчалик шароит ва имконлар яратиб, меҳр ва ғамхўрлик кўрсатилмасин, ҳеч қачон ота-онанинг меҳр-муҳаббати ўрнини босолмайди. Уларнинг кўзларида акс этиб турган қалб ноласи, оғриқ ва умидсизлик фақат энг катта орзуси ушалганида – онаси, отаси ёнида, ўз оиласи бағрида бўлсагина йўқолади.
Ота-онаси тирик бўлиб, «Меҳрибонлик» уйида тарбияланаётган боланинг дунёқараши эса оилада вояга етаётган боланики каби беғубор бўлмайди, юрагидаги билинар-билинмас алам унинг ҳаётий қарашларига ҳам соя солади. Мана шуниси аянчли!

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА