Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам…

56

Хотира уйғонса гўзалдир, дейишади. Ҳақиқатан ҳам шундай. Ўтганларни эслаш, уларнинг хайрли, эзгу ишларини хотирлаш биз тириклар учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Бугун бутун умри давомида касбига содиқ қолиб, фидокорона меҳнат қилган, элу-юртини жон дилидан севган азиз инсон – Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, довудий овоз соҳиби Раҳматжон Қурбоновни ёдга олмоқчимиз.

Раҳматжон оға жуда саводли санъаткор эди. У билан санъат ҳақида суҳбатлашсангиз оҳанрабодек ўзига тортиб турар, сира ёнидан кетгингиз келмас эди. Бир гурунгда раҳматлик шундай деган эди: «Баъзилар ўзига ортиқча баҳо беради. Мен уларга сенга халқ баҳо берсин, дегим келади. Ахир биз бор-йўғи халқ хизматкоримиз-ку. Агар санъаткор ўз касбини севса, фидойи бўлса, халққа ҳалол ҳизмат қилса, албатта унга халқнинг ўзи баҳо беради. Энди тўйларда бўлар-бўлмас «яланғоч» қўшиқларни куйлайдиган, ҳар нарсани қўшиқ деб айтаверадиган «санъаткор»лар ҳам борки, уларнинг савияси уларни эшитадиганлар савиясидан ортиқ эмас. Улар:
Мушкин қошингни ҳайъати
ул чашми жаллод устина,
Қатлим учун нас келтирур
нун елтибон сод устина.
каби қўшиқларни «ҳазм» қилолмайди.
Санъат мукамалликни талаб этади. Шу соҳани танладингми, касбингга меҳрли бўл, уни мукаммал ўрганишга кириш. Халқнинг олдига хом-хатала қўшиқларни айтиб чиқма».
Келинг, шу жойда сўзимизни мухтасар қилиб, ҳофизни яқиндан билганлар, мухлислар сўзига қулоқ тутсак.

Зарифбой АЗИЗОВ,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган артист:
– Мен ўтган йиллар давомида устоздан нафақат қўшиқ ижрочилиги, муомала маданияти, одамийликни, халқ ичида санъаткор ўзини қандай тутиши кераклигини ўргандим.
Мени «Лазги» ансамблига ишга қабул қилиб, мумтоз санъатимизнинг Тошкент-Фарғона, Бухоро «Шошмақом» ва Хоразм мақом йўлларини имконият даражасида ўргатди. Санъат йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлишимда ҳам устозимнинг ҳиссаси катта.
– Назарий билим олмасдан, кўзланган мақсадларга эришолмайсан. Чунки ўқиган санъаткор билан ўқимаган санъаткорнинг фарқи бор, – деган эди устозим.
Устозимиз ижодий фаолияти давомида ўзбек санъатини нафақат мамлакатимизда, балки бир қанча хорижий давлатларда ҳам кенг тарғиб қилди. Давлат тадбирларида, жумладан, Мустақиллик ва Наврўз байрамларида, хорижий давлатларда бўлиб ўтган турли мусиқий фестивалларда «Лазги» ансамбли билан ўзбек санъатини намойиш этди.
Устоз 2018 йил 50 ёшга тўлган таваллуд кунимда ўзлари чалиб юрган «Сайқал» номли торини менга ҳадя қилганди. Ҳозиргача устозимдан бебаҳо хотира сифатида қолган торни доим ёнимда олиб юраман.

Тўлқин ЖАББОРОВ,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган артист:
– Мен бахтиёр инсонман. Сабаби, Раҳматжон Қурбоновдай устозни танлаб, адашмаган эканман. Чунки, устоз шогирд танламайди, шогирд устоз танлайди. Ёшлигимдан устознинг ижодига меҳр қўйдим. Аввал созандаликни, сўнгра хонандалик сирларини ўргандим.
Оилада ёлғиз фарзанд бўлишимга қарамасдан мендаги иқтидорни сезган устозим ота-онамдан рухсат олиб, ўзи билан пойтахтга олиб келди. Беш йил устознинг уйида яшаб, таҳсил олдим.
Устоз илмсиз санъаткорларни унчалик хушламас эди. Шу боисдан шогирдларига жуда талабчан эди. У киши ҳар доим янгиликка интилиб яшади. Устози Комилжон Отаниёзов яратган ва айтилмасдан қолиб кетаётган қўшиқларнинг матнини топиб, уларга мусиқий сайқал бериб, халққа етказишни вазифаси деб билди. Масалан, «Чўпон», «Махсус», «На суд» каби қўшиқлар узтоз ижросида сайқал топди. Шунингдек, устоз замонавий қўшиқларни яратишда ҳам етакчи эди.
Халқ суйган ҳофизнинг ижоди муносиб тақдирланди. У 1993 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2002 йил эса Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист унвонларига сазавор бўлди. 2018 йил «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.
Бу не бахтки, 2015 йили устоз билан «Хиваки» қўшиғини дуэт тарзида бирга куйлаш насиб этди. Ўз вақтида устозим ҳам кўплаб улуғ санъаткорлардан сабоқ олиш билан бирга, турли давралар, тадбирлар ва хизматларда Ориф Алимаҳсумов, Орифхон Ҳотамов, Фаттоҳхон Мамадалиев каби санъат дарғалари билан ёнма-ён туриб, катта ашулаларни жўр овозда бирга куйлаган.
Устознинг яхши бир одати бор эди. Севимли шогирдларига тор совға қиларди. Кўпчилик гувоҳлигида менга ҳам «Булбул» номли торини совға қилиб, дуо қилган.

Отабек АЛЛАБЕРГАНОВ,
мухлис:
1987 йил баҳор ойларида респуб­лика телевидениеси орқали «Лазги» ансамблининг концерти намойиш этилди. Ўша концертда Раҳматжон Қурбонов ижросида ҳам қўшиқлар янгради. Ҳар бир ижродан сўнг отам санъаткорни роса мақтаб турди. Ўшандан бошлаб мен ҳофизнинг чин шинавандасига айландим.
Ҳофизнинг 2011 йил чоп этилган «Санъатнома» номли китобида шинавандалик тўғрисида шундай дейилган: «Шинавандалик томошабин ва мухлисдан катта фарқ қилади. Шинаванда, аввало, ўз миллатининг урф-одатлари, удумлари, адабиёти, шеърияти, мусиқасини яхши билади. У ҳофизнинг қўшиқларини сўзма-сўз билади ва сўз кимнинг қаламига мансуб эканидан ҳам хабардор бўлади. У ўзи шинавандалик қилаётган санъаткори тўғрисидаги ҳамма маълумотларни йиғиб юради».
Раҳматжон ака кўп қиррали санъаткор эди. У кишида созандалик, хонандалик ва бастакорликдан ташқари, шоирлик, драматурглик, сухандонлик, нотиқлик ҳам бор эди. Бу қобилият камдан-кам инсонларга насиб этади.
Ҳар бир инсоннинг маънавий бой ёки қашшоқлиги китоб билан ўлчанади. Санъат аҳли китоб билан ошно бўлмасдан туриб, ҳақиқий муваффақиятга эришолмайди.
Устоз хонадонида катта кутубхона яратган бўлиб, унда Кайқовуснинг «Қобуснома»сидан тортиб, Носириддин Рабғузийнинг «Қиссаси Рабғузий» асарларигача бор. Шунингдек, диний китоблар, Навоий асарлари тўпламлари, «Ўзбек шеърияти антологияси», Фузулий, Машраб, Ҳувайдо, Махтумқули, Огаҳий, Муқимий, Завқий, Хазиний, Ҳофиз Шерозий, Бобур, Амирий, Нодира, Комил Хоразмий, Феруз, Аваз Ўтарнинг шеър ва ғазаллари битилган китоблар ҳам мавжуд. Менимча, устоз шу китоблар орқали диний ва дунёвий илмлар билимдони бўлган.
Раҳматжон Қурбоновнинг яхшигина қалами бор эди. 2004 йил «Етмиш икки шаҳр» деб номланган рубоийлар тўплами чоп этилди. Ҳофиз юздан ортиқ рубоийлар, масаллар, ғазаллар, Навоий, Фузулий, Ғойибий, Мунис, Омон Матжон каби шоирлар ғазалларига мухаммаслар ёзган. «Санъатнома-1» номли китоби 2011 йил, 2020 йилда эса «Санъатнома-2» ҳамда «Санъатнома-3» китоблари нашр этилди. Ушбу китобларда ўзбек санъатининг ўтмиши, бугуни ва келажаги, уни келгуси авлодларга қай тарзда мукаммал етказиш масалалари кенг очиб берилган.
2018 йилда устози Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб чиқарилган «Устоз йўлидан» номли китоби кенг китобхонлар эътиборига ҳавола этилди.
Раҳматжон Қурбонов драматургияда ҳам қалам тебратиб, устози Комилжон Отаниёзов ҳақида «Уч бўстон булбули» номли пьеса ёзди. Шунинг­дек, икки пардали «Бедаво» ҳамда «Қора гул» пьесаларининг муаллифи ҳамдир.
Устоз ўзи ҳурмат қилган ва тан берган шогирдларига ўзи чалиб юрган торларидан бирини совға қиларди. Энг қизиғи, ҳар бир торнинг номи бор эди. «Булбул» номли тор – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тўлқин Жабборовга, «Сайқал» номли тор – Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган артист Зариф Азизовга, «Шамол» номли тор – Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собировга, «Осмон» номли торини эса Равшан Матёқубовнинг ўғли Фаррухбекка совға қилган. «Жаннат» ва «Мумтоз» номли торлари ўз уйида сақланмоқда.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ